05.04.2016

БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАР

фаолиятида янги сиёсий технологиялардан фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан намунали бошланғич ташкилотлар фаолиятини оммалаштириш мақсадида ташкил этилган амалий семинар қатнашчилари ишни Юнусобод ­туманидаги 52-сон оилавий ­поликлиникадаги бошланғич партия ташкилоти фаолияти билан танишишдан бошлади.

— Бошланғич ташкилотлар билан ишлашни яхшилаш учун замонавий ахборот технологиялари, интернетдан самарали фойдаланиш керак, — деди ЎзХДП Хоразм вилоят ­кенгаши сектор мудири ­Жасурбек Рўзимов. — Бунинг ўзига хос қулай томонлари бор.

Суҳбатимизга қулоқ солиб ўтирган самарқандлик Озода Эгамназарова ҳамкасбини қўллаб-қувватлади.

— Албатта, бу жуда яхши фикр, — деди у. — Бугун интернет хизматларидан фойдаланмайдиган одам бўлмаса керак. Вақт ва маблағнинг тежалишини инобатга олсак, имкониятлар икки баробар ортади. Сайтда ҳар бир туман, шаҳар учун алоҳида саҳифалар, уларнинг таркибига кирувчи бошланғич ташкилотлар ҳақидаги тўлиқ маълумот жойлаштирилиши лозим. Ана шунда одам битта тугмани босиш орқали ўзига керак бўлган ахборотни олиши, ўйлантираётган саволларига жавоб топиши мумкин.

Манзилга етганимизда, сектор мудирлари мунозарани семинарнинг иккинчи қисмида давом эттиришга келишиб олишди.

Намунали бошланғич партия ташкилоти хонасини кўздан кечирамиз: ўтказилган ҳар бир тадбир, уларнинг иштирокчилари, мазмуни, натижаси, фуқаролардан бўлаётган мурожаатлар, ечимини топган масалалар ҳақидаги ва яна бошқа кўплаб ҳужжатлар тартиб билан жойлаштирилган. Хона бурчагида бошланғич ташкилот паспорти яратилган бўлиб, унда аъзолар ҳақидаги маълумот, уларнинг суратлари ўрин олган. Шунингдек, бошланғич ташкилот ва етакчининг кундалик режаси ҳам аниқ тузилган. Иштирокчилар бошланғич партия ташкилоти иши билан танишиш асносида ўзаро фикр алмашишди, ютуқ ва камчиликларни муҳокама қилишди.

— Бошланғич ташкилотлар фаолиятини ривожлантириш учун янги таклифлар керак, — деди ЎзХДП Қаш­қадарё вилоят кенгаши сектор мудири ­Зафар Очилов. — Бугунги тажриба алмашинуви келгуси ишларимизда ўз самарасини беради. Бундай семинарлар ҳар бир вилоятда, кейинчалик туман ва шаҳарлар ­миқёсида ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб ўйлайман.

Қизғин мунозара Тошкент вилоят партия кенгашида давом этди.

— Мана бу ўтказаётган тадбирларимиздан лавҳалар, — деди вилоят партия кенгаши сектор мудири ­Илмижаҳон Тлеубергенова. — Ишимизни суратларга муҳрлашни одат қилганмиз. Партиямиз кенгаши аъзолари, округлар бўйича сайланган депутатлар ҳақидаги суратли маълумотлар хона бурчагидан жой олган. Шунингдек, бошланғич ташкилотлар аъзолари ҳамда сафимизга янги қабул қилинганлар тўғрисидаги маълумотларнинг электрон шакли ҳам ташкил этилган.

Иштирокчилар бинонинг иккинчи ва учинчи қаватига кўтарилиб, Тошкент шаҳар партия кенгашида олиб борилаётган ишлар билан танишишди.

— Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида партиямизнинг 1088 бошланғич ташкилоти бўлиб, 36550 га яқин аъзони ўзида бирлаштирган, — деди Тошкент шаҳар партия кенгаши сектор ­мудири Ихтиёр Салаев. — Қуйи бўғин фаолиятини янада жонлантириш, уларда иш юритиш тизимини такомиллаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Туманлардаги бошлан­ғич ташкилотларнинг ҳар ойда 2 тасини тарғибот-ташвиқот воситалари билан таъминлаш ишлари жадал олиб бориляпти.

Тошкент шаҳар партия кенгашининг мажлислар залида давом этган суҳбат чоғида наманганлик ­Ойбек ­Абдураҳимов ўз таклифларини илгари сурди. Оммавий ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, тарғибот ишларини кучайтириш учун сектор фаолиятини кенгайтириш кераклиги айтилди. Бу жараёнда фаол йигит-қизлар, ташаббускор етакчиларни сектор ишига жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. «Партия иши бир киши билан амалга ошмайди», деди у ўз сўзида.

Айтиш керакки, суҳбатлар давомида билдирилган ҳар бир таклиф, ўртага ташланган фикр Марказий Кенгаш масъул ходимлари томонидан қайд этиб борилди. Тушлик пайтида иштирокчилар бир-бирлари билан яқиндан танишишди, ҳудудларда олиб борилаётган ишлардан хабардор бўлишди.

— Бошланғич ташкилотлар хоналарида стендлар, яъни бурчакларни ташкил этиш биз учун янгилик бўлди, — деди андижонлик Сардор ­Қосимов. — Мен вилоят партия кенгашининг сектор мудири бўлиш билан бирга, халқ депутатлари Андижон туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳи раҳбари сифатида ҳам фао­лият олиб бораман. Туманимизда 8 нафар депутат бўлса, уларга 46 бошланғич ташкилотни тақсимлаб бердик. Масалан, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, маҳалла, ишлаб чиқариш ва яна бошқа соҳаларга ажратилган бошланғич ташкилотлар белгиланган депутатларга мурожаат қилади. Депутат бошланғич ташкилотлар етакчилари билан ­доимий алоқада бўлади. Шунинг­дек, уларнинг фаолиятини назорат қилиб боради.

Яна бир гап. Бошланғич ташкилот фаолияти самарадорлиги кўп жиҳатдан унинг етакчисига боғлиқ. Шунинг учун етакчиларнинг малакасини ошириб бориш зарур, деб ўйлайман.

Пойтахтимиздаги «Билим» ахборот-кутубхона маркази. Бу ерда ҳам иштирокчилар янги ташкил этилган бошланғич ташкилот фаолияти, кўргазмали воситалар билан танишишди. Иш юритиш услуби ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шундан сўнг «Бошланғич ташкилот — асосий таянч» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Унда ЎзХДП Марказий Кенгаш ­раиси ўринбосари Улуғбек ­Вафоев семинардан кўзланган мақсад ва вазифалар, бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш масалалари хусусида сўз юритди. Партиямиз таъсир кучини оширишда бошлан­ғич ташкилотларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов бошлан­ғич ташкилот етакчиларининг ташаббускорлиги ва талабчанлиги тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Семинарда ЎзХДП Марказий ­Кенгаши бўлим мудири Алишер ­Равшанов, сектор мудири Дониёр Каримов мавзуга алоқадор масалаларда маъруза қилишди. Бошлан­ғич ташкилотни электорат вакиллари билан ишлашнинг кучли воситасига айлантириш ва бу борада партия кенгашлари олдида турган вазифалар хусусида сўз борди. Бошланғич ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди.

Шу куни минтақавий партия кенгашларидаги бошланғич ташкилот секторлари томонидан олиб борилган намунавий ишлар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир сўнгида билдирилган талаб ва таклифлар асосида сектор мудирларига алоҳида вазифалар топширилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.