02.04.2016

СПОРТ — БУ СОҒЛОМ АВЛОД, СОҒЛОМ КЕЛАЖАК

Мамлакатимизда соғлом, ҳар жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялаш масаласи нафақат ота-оналарнинг, балки бутун жамиятнинг бош мақсадига айланди.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз спорт – бу аввало соғлом авлод, соғлом келажак эканини, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлишини яна бир карра таъкидлади.

Таҳририятимиз ташаббуси билан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида «Баркамол авлод тарбиясида спортнинг ўрни» мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда фикр юритилди. Тадбирни «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов олиб борди.


Акмал БОБОНОВ, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ижро этувчи директори ўринбосари:

— 2003-2015 йиллар давомида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2205 объект қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шулардан 1922 тасини спорт иншоотлари, 283 тасини болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда 96 тасини сузиш ҳавзалари ташкил қилади. 2005 йилда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 30 фоизи, қишлоқ жойларида эса 29 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланган бўлса, 2015 йилда бу рақамлар 57,2 ва 56 фоизни ташкил этди. 

Эътибор беринг: шаҳар ва қишлоқ болалари ўртасидаги фарқ жуда кам. Бу мамлакатимизнинг барча туманларида, энг чекка қишлоқларида ҳам замонавий спорт мажмуалари бунёд этилганининг самарасидир.

Бугунги кунда Тошкентнинг марказида қад ростлаган спорт мактаби билан олис Хоразм ёки Сурхондарё вилоя­ти қишлоқларида барпо этилган спорт мажмуаси ўртасида деярли фарқ қолмади.

Мавжуд спорт иншоотлари 120 номдаги спорт жиҳозлари билан таъминланди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, уларнинг 119 тури маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилмоқда. 2003 йилда бу кўрсаткич 73 тани ташкил этарди. Ҳозирги кунда юртимизда 123 корхонада спорт анжомлари ва ускуналари тайёр­ланмоқда.

Мамлакатимиз миқёсида спорт билан шуғулла­наётган қизлар сафи тобора кенгайиб боряпти. Бу кўрсаткич 2005 йилда 24 фоизни, қишлоқ жойларда 22 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда қизларнинг 47 фоизи, қишлоқ жойларда 44,7 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

Ўтган йилнинг 20-25 декабрь кунлари спортчи қизларимиздан 131 322 нафарига Президент совғалари — спорт кийимлари тарқатилди.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгаши йиғилишида бу ишларни янада ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда болалар спорти инфра­тузилмаси яратилди. Эндиги вазифа — мана шу имкониятлардан унумли фойдаланишдан иборат. Шунингдек, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар спорт заллари ва майдонларидан самарали фойдаланиш масаласи ҳам ниҳоятда долзарб ҳисобланади. Жамғарма ташаббуси билан ҳомийлар ҳамкорлигида юртимизнинг ҳар бир маҳалласида табиий ва сунъий қопламали футбол майдонлари бунёд қилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Жорий йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 19 спорт объекти, 11 сузиш ҳавзаси, 217 умумтаълим мактабида спорт зали, шунингдек, 18 мусиқа ва санъат мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

 

Шоакром ИСРОИЛОВ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ректори:

— Болалар спортини ривожлантириш борасидаги ишларнинг муваффақияти юқори малакали ўқитувчи ва мураббий кадрларга боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас. Ўтган йиллар давомида болалар спорти объектларини мураббийлар, айниқса, аёл спорт устозлари билан таъминлаш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилди.

Аввало, мураббийлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича юртимизда янги, самарали тизим жорий этилгани бугунги кунда ўзининг амалий натижасини бермоқда. Бунда, айниқса, Президентимизнинг Қишлоқ жойлардаги болалар спорти объектларида банд бўлган аёл спорт устозлари меҳнатини рағбатлантириш тўғрисидаги қарори умумтаълим ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидаги хотин-қиз ўқитувчи-мураббийлар иш унумини оширганлигини алоҳида таъкидлашни истардим.

Бунинг тасдиғини 2015 йилда спорт бўйича мураббий ва ўқитувчилар 2005 йилга нисбатан 1,5 баробар кўпайганида, жумладан, аёл спорт устозлари 3,8 баробар ошганида кўриш мумкин. 

Ҳозирда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг бакалавр йўналишида 4155 талаба таҳсил олаётган бўлса, шундан 1515 нафарини қизлар ташкил этади. 2006-2007 ўқув йилидан бошлаб Президентимиз қарори билан Хотин-қизлар спортини ривожлантириш таълим йўналиши очилган. Ҳозиргача мазкур йўналиш бўйича 1700 нафар мутахассис таълим олди ва айни пайтда улар жойларда қизларга сабоқ бериш­япти. Амалдаги ўқув йилида эса институтимизни яна 317 нафар талаба-қиз битириб чиқади.

 

Клара ШОКИРЖОНОВА, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти профессори:

— Болаларда жисмоний тарбия ва спортга меҳр-муҳаббатни, аввало, оилада уйғотиш лозим. Ота-она фарзандига спорт билан шуғулланишинг керак, дейишининг ўзи камлик қилади. Қачонки, уларнинг ўзи буни амалда кўрсатса, ҳеч бўлмаса мухлислик қилса, ана шу оила фарзандлари қалбида жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғонади. Буни ўз ҳаётим мисолида кўриб турибман.

Икки ўғлим бор. Улар болалигидан ўзлари ёқ­тирган спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Ҳозирда катта ўғлим Темур белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони, Бобур енгил атлетика бўйича кўп карра мамлакат чемпиони, Осиё чемпионати совриндори ва кўплаб йирик хал­қ­аро турнирлар ғолиби, Лондон олимпиадаси қатнашчиси ҳисобланади. Кичик ўғлим шу йил августда Рио-де-Жанейрода бўладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Албатта, ҳар бир боланинг олдига сен жаҳон чемпиони бўласан, деган талабни қўйиш тўғри эмас. Спорт тўгаракларига қатнайдиган болаларнинг ҳаммаси профессионал спортчи бўлиб етишмаслиги мумкин. Бироқ жисмонан соғлом бўлади, теран фикрлайди, дунёқараши кенг бўлиб улғаяди. Муҳими, жисмоний тарбия ва спортга меҳр қўйган фарзандингиз зарарли иллатлардан йироқ бўлади.

Бугун ахборот техно­логия­лари ривожланган даврда яшаяпмиз. Илгари юрак-қон томир касалликларига чалиниш асосан ёши катта кишиларда кузатиларди. Афсуски, бу хасталик эндиликда ёш танламаяпти. Гоҳида бир неча кун аввал сиз билан ёнма-ён ишлаётган ўттиз беш-қирқ ёшли ҳамкасбингизни бехосдан юрак хуружига дучор бўлганлиги қулоғингизга чалиниб қолади. Бунинг бош сабаби нимада?! Бу, аввало, инсонларда кам­ҳаракатлилик, узоқ муддат бир жойда ўтириб ёки компьютер қаршисида соатлаб ишлаши билан боғлиқ.

Мухтасар айтганда, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш нафақат болалар учун, балки барчамиз учун ҳам жуда-жуда муҳимдир.

 

Барно АБДУСАМАТОВА, Соғлиқни сақлаш вазирлиги оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси етакчи мутахассиси:

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, саломатликка таъсир кўрсатадиган омиллардан биринчи ўринда турмуш тарзи ва овқатланиш (50 фоиз), иккинчи ўринда генетика (20 фоиз), учинчи ўринда ташқи муҳит, табиий шароитлар (20 фоиз) ва охирги ўринда соғ­лиқни сақлаш (10 фоиз) туради. Кўриб турганимиздек, соғ­лом турмуш тарзи — саломатликни сақлаш ва мустаҳкамлашда энг муҳим ва зарурий шартлардан биридир.

Ушбу ташкилотнинг экс­пертлари фикрига кўра, агар ҳар бир мамлакат аҳолиси, биринчи навбатда, ёшлар, соғ­лом турмуш тарзига амал қилса, меҳнат қобилияти ортади, узоқ умр кўради.

Мамлакат қудратини белгилайдиган асосий омиллардан бири — вояга етаётган жисмонан соғлом, ҳар томонлама баркамол авлоддир.

Маълумки, 6-18 ёшгача бўлган даврда жисмоний ва руҳий ривожланишнинг асосий жараёнлари юз беради. Балоғатга етиш даври катта ҳаётга, оила қуришга тайёргарликнинг асоси бўлиб хизмат қилади. Бу вазифаларни муваффақиятли бажариш жисмоний, руҳий ва маънавий саломатликка боғлиқдир.

Бола саломатлигининг энг муҳим кўрсаткичларидан яна бири — бу унинг уйғунлашган жисмоний ва руҳий ривожланишидир. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш ёш организм­га ижобий таъсир кўрсатади, шу жумладан, уларнинг жисмонан бақувват бўлиши ҳаракат кўникмалари ва имкониятларини кенгайтиради. Организмнинг захира кучлари, иш қобилияти, кўпгина касалликларга нисбатан қаршилик қувватининг ошишига ёрдам беради, ҳимоя-мослашув реакцияларини кучайтириб, организмни таш­қи омилларнинг зарарли таъсирига чидамлилигини кучайтиради ҳамда асаб, юрак-қон томир ва нафас тизимларини бардошлилигини оширади.

Соғлом ҳаёт тарзининг энг муҳим жиҳати организмнинг ҳаракатга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳисобланади. Бола ёки ўсмир унинг ёшига мос келадиган ҳаракат фаоллиги бўлган шароитдагина тўлақонли ривожланади. Турли хил жисмоний машқ­ларга қиз болалар ҳафтасига 5-12 соат, ўғил болалар 3-15 соат ажратишлари керак.

Мактаб ёшидаги болалар ўртасида ўтказилаётган тиббий кўрик натижалари шуни кўрсатмоқдаки, 2015 йилда 2005 йилга нисбатан мутлақ соғлом болалар сони 12,5 фоизга ошиб, 65,2 фоизга етди.

2015 йилда 2005 йилга нисбатан спорт билан шуғулланувчи 10-14 ёшдаги ўғил болаларнинг бўйи ўртача 2,8 сантиметрга, вазни ўртача 3,6 килограммга ошган, қиз болаларнинг бўйи ўртача 2,7 сантиметрга, вазни ўртача 4,0 килограммга ортгани аниқланди.

Ҳозир мамлакатимизда спорт тиббиёти ва ушбу соҳа бўйича кадрлар тайёрлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. 2014-2015 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институтида «Спорт тиббиёти» йўналиши бўйича магис­тратура очилиб, уларда жами 16 нафар магистр тайёрланмоқда. 2015-2016 ўқув йилидан бошлаб Самар­қанд, Бухоро, Андижон давлат тиббиёт институтлари базаларида ҳам магистратуранинг «Спорт тиббиёти» йўналиши очилди ва уларга 15 ўрин ажратилди.

Спорт тиббиёти мутахассисларини тайёрлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги эҳтиёжни эътиборга олган ҳолда мақсадли клиник ординатура ор­қали 2014-2015 ўқув йилида Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт инс­титути ҳамда Самар­қанд, Бухоро, Андижон давлат тиббиёт институтларида «Спорт тиббиёти» мутахассислиги бўйича малакали врачлар тайёрланмоқда.

 

Баҳодир МАМАТНАЗАРОВ, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси оммавий спорт тадбирларини ташкиллаштириш бўлими бошлиғи:

— Бугун ўғил-қизларимизни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш учун уларга тенгқурларининг халқаро майдонларда эришаётган натижаларини ибрат қилиб кўрсатиш лозим. Мисол учун, боксчиларимиз Аббос Атоев ёки Бектемир Мелиқўзиевларнинг жаҳон чемпионатлари, олимпиадаларда эришган ғалабаларидан руҳланган қанчадан-қанча ота-она болаларини бокс тўгаракларига етаклаб келганини эслашнинг ўзи кифоя. Фарзандини дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон олимпиа­далари бронза медали совриндори Ришод Собировга ўхшашини орзу қилаётганлар кам деб ўйлайсизми?! Шу боис, болалар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт тарғиботини янада кучайтириш борасида олиб бораётган ишларимизни янада жонлантиришимиз зарур.

Юртимизда анъанавий тарзда ўтказилаётган ва Олимпия ҳаракати тамойилларига тўлиқ мос келадиган уч бос­қичли спорт ўйинлари – «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари мамлакатимиз терма жамоаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Моҳинур ҚАҲРАМОНОВА, ЎзДЖТИ спорт психологияси факультети талабаси, шоҳмот бўйича Ўзбекистон чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори:

— Беш ёшимдан бошлаб шоҳмот ўйнайман. Бир неча бор болалар ва ўсмирлар, ёшлар, аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, деган шарафли номга эга бўлдим. Осиё ва жаҳон чемпионатлари, йирик халқаро турнирларда юртимиз шарафини ҳимоя қилганимдан фахрланаман. Айниқса, ўн тўртинчи жаҳон чемпиони, таниқли гроссмейстер Рустам Қосимжонов билан Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Бутунжаҳон шоҳмот олимпиадасида юртимиз номидан қатнашганимдан қалбим ифтихорга тўлади.

Бу ютуқларим замирида, аввало, Президентимизнинг биз, ёшларга яратиб берган шарт-шароитлари ҳамда ғамхўрликлари мужассам. Қолаверса, болалигимдаёқ онам шоҳмотга бўлган қизиқишимни тўғри англаб, мени қўллаб-қувватлагани ҳаётимда муҳим роль ўйнади. Спорт туфайли бугун жамиятда ўз ўрнимни топганимдан, халқ­аро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётганимдан жуда бахтиёрман.

 

Камола РАҲМОНОВА, ЎзДЖТИ спорт психологияси факультети талабаси, спорт гимнастикаси бўйича мамлакат чемпиони ва халқаро турнирлар ғолиби, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори:

— Мен туғилиб ўсган Қува туманида шаҳарлардагидан қолишмайдиган замонавий ва кўркам спорт мажмуаси бор. Онам олти ёшимдан мени ана шу спорт саройининг акробатика тўгарагига етаклаб борган. Аввалига болалар ва ўсмирлар ўртасида вилоят биринчиликларида муваффақиятли қатнашдим. Сўнгра мураббийим мени ёшлар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатига олиб борди. Ўн тўрт ёшимда Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиб, мамлакат терма жамоа­си аъзоси бўлдим. Мана бир неча йилдирки нуфузли халқаро турнирларда юртимиз шарафини ҳимоя қилиб келяпман. Германия, Бельгия, Қозоғистон каби мамлакатларда ўтказилган халқ­аро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олдим.

Ҳар сафар уйга борганимда, ўзим таълим олган мактабга интиламан. Менга таълим-тарбия берган устоз-мураббийларимдан бир умр миннатдорман. Маҳалладош дугоналарим, тенгдошларим билан учрашаман. Улар мен эришган ютуқларга ҳавас билан қарашади. Бу қалбимда фахр туйғуларини уйғотиши билан биргаликда, мени янада кўпроқ изланишга, янги ғалабаларга ундайди.

 

Гўзал РАҲМОНОВА, ЎзДЖТИ яккакураш турлари факультети талабаси, миллий кураш бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори:

— Мен Чироқчи туманининг чекка Халқобод қишлоғида туғилганман. Маҳалламизда кексаю ёш кураш мухлиси. Тўйларимиз курашсиз ўтмайди. Қишлоғимиздаги болалар спорт мажмуасида асосан кураш тўгараклари фаолият кўрсатади. Ўн ёшимдан миллий кураш билан шуғулланиб келаман. Мени тўгаракка онам етаклаб борганларида кўпчилик қариндошлар, қўни-қўшниларимиз «Кураш қиз боланинг иши эмас», дея гапиришгани кечагидек эсимда. Аммо мен шу спорт турини ёқтирардим. Ўшанда онам, «Қизим ҳали чемпион бўлади», дея руҳимни кўтарганди. Нафақат мамлакат чемпиони, балки 2012 йил ёшлар ўртасида Ҳиндистонда ўтган Осиё, орадан бир йил ўтиб Туркияда ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлдим. Эришган ютуғим туфайли инс­титутга имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиндим.

Орзуларимдан бири — келажакда ўзим каби қизларга спорт сирларини ўргатишдир. Мен чемпионликни қўлга киритгач, қишлоғимизда қизларини спорт тўгарагига олиб борадиган ота-оналар анча кўпайди. Ҳозир уларнинг кўпчилиги нафақат вилоят, балки мамлакат миқёсида нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб келмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Эркин ХОЛБОБО ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.