Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
02.04.2016

«СОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА ЙИЛИ» ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИДА

партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари иштирокини янада кучайтириш долзарб вазифа

Пойтахтимизда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг V пленуми бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги ҳамда мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дас­турнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида илгари сурилган йўналишларга, шунинг­дек, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг ижросини таъминлашда электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва барча даражадаги депутатлик бирлашмалари иштирокини янада кучайтириш масалаларига қаратилди.

Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­ғи Кенгеси депутатлари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари раҳбарлари, ҳудудий ташкилотлар етакчилари ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Пленумда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон КЕТМОНОВ Давлат дас­турида белгиланган вазифалар ижросида партия ташкилотлари иштирокини таъминлаш, шунинг­дек, депутатлик бирлашмаларининг электорат манфаатларига жавоб берувчи дастурий мақсадларни амалга ошириш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан маъруза қилди.

— «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг қабул қилиниши оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, — деди партия раҳбари. — Бу аҳоли, айниқса, давлат ва жамият томонидан алоҳида қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд фуқаролар, партиямиз электорати вакилларининг турмуш даражаси юксалишида муҳим ўрин тутади.

Дастур доирасида амалга оширилаётган ишларда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари иштирокини янада кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки партия Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Партия гуруҳлари ва депутатлик бирлашмалари олис ва чекка туманларда яшаётган аҳоли, айниқса, аёллар учун ижтимоий, маиший ва тиббий шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, аҳолини тоза ичимлик суви, табиий газ билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини такомиллаштиришда фаол иштирок этиши лозим. Ҳаракат дас­тури асосида 2016 йилда мазкур йўналишда 200 га яқин масалани партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ва сессияларда муҳокама қилиш белгиланган.

Қабул қилинган Давлат дастурида, аввало, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида шаклланган ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш масаласи қўйилган. Бунда янги таҳрирдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, Жиноят кодекси, «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари ушбу қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этиши, шунингдек, уларда партиямиз электорати манфаатларининг ифода этилишига эришиши лозим.

Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда, Ҳаракат дастурининг 30-бандига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Уларнинг ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари билан ташкилотларининг узвий ҳамкорлигини кучайтириш, мутахассис ва экспертларни жалб этиш, энг муҳими, муҳокама қилинган масалалар бўйича қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг олиб бориш талаб этилади.

Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида кейинги 11 йил давомида мамлакатимиз иқтисодиёти жаҳондаги камдан-кам давлатлар қаторида бар­қарор суръатлар билан ривожланаётгани, шу жумладан, 2015 йилда ҳам ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8 фоиздан кам бўлмаганининг ўзи, тарихий воқеа экани таъкидланди.

Дарҳақиқат, иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш соҳасининг юқори суръатлар билан барқарор ўсиши биз учун энг муҳим устувор йўналиш бўлган — аҳоли бандлигини таъминлаш, авваламбор, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун зарур шароит яратади.

Шундан келиб чиқиб, партия ташкилотлари барча йўналишлардаги ислоҳотларда фаол иштирок этиши, шу орқали дастурий мақсадларимизни амалга ошириш ва электорат манфаатларини таъминлашга ҳисса қўшиши лозим.

Бироқ тан олиш керак, ўтган йили 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ижросини таъминлашда айрим минтақавий Кенгашлардаги партия гуруҳлари сусткашлик ва камчиликларга йўл қўйди. Улар ўз ваколатларидан самарали фойдалана олишмади. Натижада, электорат манфаатларига дахлдор айрим масалаларга ечим топилмади.

Эндиги вазифа — халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари йиғилишлари, доимий комиссиялар ва сессияларда қабул қилинган қарорлар ижроси юзасидан мониторинг олиб боришни ташкил этиш, бунда партия Марказий Кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими ҳар ой якуни бўйича Ҳаракат дастурининг бажарилишини таҳлилий ўрганган ҳолда тегишли тавсиялар бериб бориши керак.

Шунингдек, Давлат дастури ижроси борасида амалга оширилаётган ишларда партиянинг ўрни ва роли хусусида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш лозим.

Шу боис, Марказий Кенгашнинг Мафкура ва тарғибот-ташвиқот масалалари бўлими ва партиянинг қуйи бўғинлари «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, унинг партиямиз электорати турмуш даражасини яхшилашдаги аҳамиятини очиб берувчи тадбирларни режа асосида, аниқ мақсадга йўналтирган ҳолда, юқори даражада ташкил этиб бориши талаб этилади.

 

АМАЛИЙ ИШЛАР НАТИЖАСИ

фарзандларимиз камолотида намоён бўлади

Ғуломжон САПАЕВ, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Мамлакатимизда миллат генофондини соғ­ломлаштириш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласига биринчи галдаги вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби соҳалардаги изчил ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, узвий тизимга айланди. Бугун замонавий тиббий марказлар, таълим муассасалари, спорт иншоотлари ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Бугун Давлат дастури доирасида бошланган ишларни Хоразм вилояти мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Хусусан, замонавий скрининг марказлари, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Репродуктив саломатлик марказининг минтақавий филиалларида оналар ва болаларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Шуни айтиш керакки, партиямизнинг Сайловолди дастурида аҳолига бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами ва мақбул тиббий хизмат кўрсатилишини янада кучайтириш ва унинг сифатини ошириш, аҳоли, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имконини берувчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар кўриш кўзда тутилган. Демак, Давлат дастурида белгиланган вазифалар партиямиз мақсадлари билан уйғун бўлиб, уларнинг тўлақонли амалга оширилиши бевосита электоратимиз манфаатларига хизмат қилади.

Бу борада партиямиз ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Соғлом авлод учун» жамғармасининг ҳудудий бўлимлари билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари, турли акциялар, мақсадли лойиҳаларни тизимли асосда амалга ошириши лозим.

ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАРДА

депутатлик бирлашмалари фаол иштирок этиши лозим

Фарҳод УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган қатор қонун лойиҳаларига фракциямиз томонидан партия­нинг дастурий мақсадлари ва электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда асосли таклифлар тақдим этилмоқда.

Бироқ ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар оз эмас. Аввало, фракциямиз аъзолари яқинда сайловчилар билан ўтказилган учрашувларда билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, қонун лойиҳаларига муқобил таклифлар киритишнинг процессуал механизмларидан кенг фойдаланиши, парламентдаги фрак­циялар­аро баҳс-мунозараларда фаол иштирок этиши зарур.

Яна шуни ҳам айтиш керакки, мамлакатимизда ижро ҳокимияти фаолияти, қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни ташкил этишда депутатларнинг ўрни тобора ошиб бормоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳлари бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, жамоатчилик ва депутатлик назоратини изчил олиб боришга катта эътибор қаратяпти.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурига кўра, ўтган йили 189 масала партия гуруҳлари, 127 масала доимий комиссиялар ва 87 масала сессияларда муҳокама қилинганини қайд этиш лозим.

Айтиш керакки, Ҳаракат дастурида 2016 йилда қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини яхшилаш, ижтимоий ҳимоя, бандлик, таълим тизимини янада ривожлантириш, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини яхшилаш, қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳамда коммунал соҳа, йўл, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш йўналишларида ҳам қатор вазифалар кўзда тутилган.

Бу ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, аввало, ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини самарали ҳимоялаш, пировардида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий йўналтирилган ислоҳотларда партиямизнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.


 

АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

турмуш фаровонлигининг муҳим омили

Диёр МУРОДОВ, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Мамлакатимизда ҳар йили парламент томонидан тасдиқланадиган махсус дастур асосида минглаб янги иш ўринлари ташкил этилиб, аҳолининг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам замин яратиляпти. 2016 йилда юртимизда 990 мингга яқин иш ўринларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш масаласининг долзарблиги ҳам ортиб боради. Бу вазифани ҳал этишда янги иш ўринлари ташкил қилиш ва кишилар бар­қарор даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Бугун янгидан иш бошлаётганларга бошланғич сармояни шакллантириш, айланма маблағни тўлдириш учун имтиёзли микрокредитлар ажратилмоқда. Бу ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган электоратимиз вакилларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур йўналишда тижорат банклари билан ҳамкорликдаги ишларимизни янгича ёндашув асосида изчил давом эттиришимиз лозим.

Айнан мазкур жараёнда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида жуда муҳим вазифалар турибди. Аҳоли мурожаатларини ўрганиш асосида оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчиликни изчил ривожлантириш, шунинг ҳисобидан янги иш ўринлари ташкил этилишига эришиш зарур.

Бугун биз келгусида амалга оширишимиз лозим бўлган вазифаларни белгилаб олар эканмиз, аввало, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни аҳоли, айниқса, ёшлар онгига сингдириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Натижада ҳар бир фуқаро қалбида ўз билими, иқтидори ва салоҳиятига таяниб, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиш мақсади, туйғуси юксалади.

Пленум кун тартибидаги ҳар бир масала танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан атрофлича кўриб чиқилди. Ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари ва масъул ходимлари олдида турган вазифалар белгилаб олинди, бу ҳақда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.