Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
31.03.2016

ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИ

аҳоли сиҳат-саломатлигида муҳим аҳамият касб этади

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада бир қанча босқичлар босиб ўтилди. Энг муҳими, озиқ-овқат мустақиллигига эришилди. Ўзбекистон БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Минг­йиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотга сазовор бўлган давлатлар қаторида эътироф этилди.

Мустақиллигимизнинг дастабки йилларида, биринчи навбатда, озиқ-овқат танқислигининг олдини олиш бўйича дастурлар қабул қилиниб, ижроси таъминланган бўлса, бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти кенгайиб бормоқда.

­Президентимизнинг «2015-2019 йиллар учун ишлаб чиқаришнинг тузилмавий қайта тузилиши, замонавийлашиши ва диверсификация­сини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дас­тури тўғрисида»ги ­Фармонига кўра, 5 йил ичида 876 инвестицион лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Шулардан фақат озиқ-овқат саноати соҳасида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, мавжудларини модернизациялаш ва қувватларни ошириш мақсадида 2020 йилга қадар фақат давлат инвестиция дастурларига кўра, 304 йирик лойиҳа ва 5000 янги ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу эса йилига қўшимча равишда 100 минг тонна озиқ-овқат саноа­ти маҳсулотлари, 130 хилдаги янги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради.

Мазкур лойиҳаларда янги технологияларни жорий этиш ва ­хом­ашёни чуқур қайта ишлашга алоҳида эътибор берилади ҳамда уларнинг аксарияти қишлоқ жойларида амалга оширилади. Яъни, қишлоқ аҳолиси учун минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжаллланган 10 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич 1991 йилга нисбатан 10 баробардан ҳам ортиқроқни ташкил этади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг республика озиқ-ов­қат саноати бошқаруви ташкил этилишини янада такомиллаштириш бўйича чора-табирлар тўғрисидаги қарорига мувофиқ, 2011 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Озиқ-овқат корхоналари уюшмаси негизида «Ўзбек­озиқовқатхолдинг» компанияси ташкил этилди.

Ҳозирги кунда ушбу компания 176 корхона-ташкилотни қамраб олган. Компания таркибига озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар ­ихтиёрий равишда кириши мумкин. Мазкур компания қошида озиқ-овқат саноати корхоналарини ривожлантириш, реконструкциялаш ва модернизациялаш фонди ташкил этилади. Бу эса соҳада ишлаб чиқариш жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилади.

Президентимизнинг 2015 йил якунлари ва 2016 йилдаги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги маърузасида ке­йинги 5 йил давомида пахта етиштириш ҳажмини 350 минг тоннага қисқартириш, сабзавот, картошка, озуқа экинларини кўпайтириш, боғ ва узумзорлар барпо этиш белгиланди. 

Экин майдонларининг оптималлаштирилиши ва замонавий агротехнологияларнинг жорий этилиши натижасида 2020 йилда бошоқли дон етиштиришни 16,4 фоизга ошириб, унинг ҳажмини 8 миллион 500 минг тоннага етказиш, картошка етиштиришни 35 фоизга, сабзавотни 30 фоизга, мева ва узумни 21,5 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда. Бундан таш­қари, гўшт, сут, тухум ҳамда балиқ етиштиришни ҳам сезиларли даражада ­кўпайтириш режалаштирилган.

Кези келганда яна бир масалага эътибор қаратиш жоиз. Бугунги кунда жаҳонда озиқ-овқат хавф­сизлиги масаласи кўпчиликни ўйлантирмоқда. Бир томонда миллионлаб инсонлар очликдан азият чекаётган бўлса, бошқа томонда сунъий, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳисобига турли касалликлар келиб чиқмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2014 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган ­хал­қ­­аро анжуманда мазкур соҳада Ўзбекистоннинг позициясини билдирди ва аҳолининг соғлом, калорияли овқатланиши масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бу ўринда, биринчи навбатда, республикамиз табиий иқлим шароити қулай эканлиги, мамлакатимиз аҳолисини ­калорияли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун етарли шарт-шароитлар мавжудлиги таъкидланган эди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса қилиш лозимки, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш ривожланиб, кенгайиб бориши бу борада ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш вазифасини қўяди.

Ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатлардан бири «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавф­сизлиги тўғрисида»ги Қонун 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, унга бугунги кун қонунчилик талабларига мувофиқ тарзда, тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш талаб этилади.

Бу ўринда, хусусан, соҳада давлат сиёсатини олиб борувчи ваколатли органлар ва фуқароларнинг мажбуриятларини алоҳида меъёрлаштириш, республикамиз ҳудудига четдан кириб келаётган маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш устидан назоратни кучайтириш масалаларини эътиборга олиш лозим, деб ўйлаймиз.

 

Зулайҳо АКРАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.