31.03.2016

ҚУШЛАР ТИНЧЛИК, ТОТУВЛИК ЭЛЧИЛАРИДИР

Наманган давлат университетининг табиий фанлар ва география факультети қошида ташкил этилган «Экология маркази» аъзолари ер, сув, ҳаво ва бошқа табиат неъматларига зарар етказилишининг олдини олиш, чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга йўналтирилган қатор дастур ва лойиҳаларни амалга оширмоқдалар.

Яқинда университетда талабаларнинг «ECO BIRDS» орнитология клуби иш бошлади. Унга аъзо бўлган бўлажак экологлар қушлар морфологияси, физиологияси, систематикаси ва биогеографиясини ўрганиш бўйича дастурий режа асосида фаолият бошладилар.

— Ўзбекистоннинг табиа­ти каби қушлар дунёси ҳам ранг-барангдир, — дейди клуб раҳбари, биология фанлари номзоди Эркин Икромов. — Мамлакатимизда қушларнинг 460 дан зиёд турлари мавжуд. Уларнинг аксариятини Фарғона водийси шаҳар ва қишлоқларида, дала ва тоғларида учратиш мумкин. Қанотли дўстларимизнинг биология­си ва экологияси илмий ва амалий жиҳатдан ҳалигача етарли ўрганилмаган. Иқлим ўзгаришлари, хусусан, глобал исиш, турли табиий офатларнинг уларга таъсирини синчиклаб таҳлил этишимиз лозим.

Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти томонидан рўйхатга олинган ушбу клуб ўз фаолиятини бошқа олий ўқув юртларидаги мутахассис олимлар билан ҳамкорликда йўлга қўймоқда. Жумладан, Ўзбекистон Миллий университети қошидаги «Фазаниус» клуби билан яқин алоқа боғланган.

Айни вақтда орнитолог талабалар «Баҳор келаётир» дас­тури бўйича фаолият олиб боришмоқда. Мазкур дастурга мувофиқ кўклам даракчилари ҳисобланган оқ лайлак, қалдирғоч, оддий какку каби беш турдаги қушлар кузатув остига олинган.

— Клуб аъзолари томонидан кейинги пайтда камайиб бораётган қора жар­қал­дирғочлар алоҳида назорат қилинмоқда, — дейди университет табиий фанлар ва география факультети декани Абдуғаффор Назаров. — Ўз ҳаётининг асосий қисмини ҳавода ўтказадиган бу қуш бир кунда икки минг километр масофага учади. Қора жарқалдирғочлар сонини аниқлашда иштирок этаётган талабалар бу қуш тури яшайдиган ҳудудлардаги экологик вазиятни ҳам таҳлил этадилар.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.