31.03.2016

ЭНЕРГИЯ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

лойиҳаси ўзининг ижобий натижаларини бермоқда

Маълумки, ривожланган ва ривожланаётган давлатларда, жумладан, бизнинг мамлакатимизда ҳам энергия ва хомашёдан самарали фойдаланиш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилган «Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» қўшма лойиҳаси ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Мухбиримизнинг лойиҳа раҳбари Улуғбек Абдуллаев билан суҳбати ана шу мавзуга бағишланади.

— Аввало, мазкур лойиҳанинг аҳамияти ва унинг долзарблигини тушунтириб берсангиз.

Мазкур лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 июлдаги «Халқаро тараққиёт ассоциацияси кредит маблағлари иштирокида лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра амалга оширилмоқда. Бунда Иқтисодиёт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан лойиҳани мувофиқлаштириб боради. Лойиҳанинг асосий мақсади айнан энергияни тежаш ҳамда самарадорлигини ошириш йўли билан ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, ички ва халқаро бозорда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, шу ҳи­собдан барқарор иқтисодий ўсишга эришишдан иборатдир.

Бошқача айтганда, лойиҳа йирик саноат корхоналарига янги энергия самарадорлигини оширадиган замонавий ускуналар сотиб олиш ҳамда энергияни тежашга йўналтирилган сублойиҳаларни амалга ошириш учун кредит олиш имконини беради.

— Сублойиҳаларга кредит ажратиш қай тартибда амалга оширилади?

Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан ажратилган 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асака» банки ва «Ҳамкорбанк» сингари тижорат банклари орқали саноат корхоналари тақдим қилган сублойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади. Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, ушбу маблағ лойиҳанинг биринчи босқичини амалга ошириш мақсадида узоқ муддатли имтиёзли кредит сифатида тақсимлаб берилди.

Халқаро кредитдан ташқари, республика тижорат банклари ҳам ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча молиялаштиришни амалга оширади.

— Сублойиҳаларга берилаётган имтиёзли кредитларнинг самараси қандай бўлаяпти?

Ўзларининг сублойиҳаларини тақдим этган саноат корхоналарида замонавий технологик ускуналар сотиб олиш ҳисобига ишлаб чиқариш линиялари модернизация қилиниб, катта миқдорда энергия ресурсларининг иқтисод қилинишига эришилаяпти.

Сублойиҳалар асосан эне­р­­­гия ресурсларини кўп миқдорда истеъмол қиладиган кон-металлургия, кимё, энергетика, нефть-газ, қайта ишлаб чиқариш соҳаларига қаратилди ва натижада 167 миллион киловатт/соатдан ортиқ электр энергия ҳамда 54 миллион куб метр газ тежаб қолинади.

Бу борада юқори натижаларга эришаётган корхоналар ҳақида тўхталсангиз...

«Навоий кон-металлургия комбинати», «Муборакнефтгаз» ва «Шўртаннефтгаз» унитар шўъба корхоналари, «Ўзметкомбинат», «Қизилқумцемент», «Фарғонаазот», «Бекобод­цемент», «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти сингари йирик саноат корхоналарининг эришаётган натижалари диққатга сазовор. Лойиҳа доирасида замонавий компрессорлар, қозонхона ва турбиналар, частота ўзгартиргич ва бошқа технологик асбоб-ускуналар харид қилиниб, эскилари алмаштирилаяпти. Бундан ташқари, чиқинди газларни фойдали ишга сарфлаш (иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланиш) технологияларини ўрнатиш ҳам режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида (биринчи ва иккинчи босқичи биргаликда ҳисобланганда) 32 са­ноат корхонасида 81 субло­йи­ҳа амалга оширилиб, натижада жами 539 миллион киловатт/соатдан ортиқ электр энергия­си ҳамда 252 мил­лион куб метр табиий газни тежаш кўзда тутилмоқда.

— Лойиҳанинг истиқболи хусусида ҳам гапириб берсангиз.

Ажратилаётган маблағлардан белгиланган мақсадлар йўлида тўғри фойдаланилгани учун ҳозирда Жаҳон банки тизимига кирувчи Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан қўшимча молиялаштириш амалга оширилмоқда. Янги босқич доирасида Ўзбекистон Республикаси саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилган.

Умуман, мазкур лойиҳанинг амалиётга изчил татбиқ этилиши мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларида энергия сарфини камайтириш имконини беради. Тежаб қолинаётган энергия ресурслари эса бошқа фойдали мақсадларга йўналтирилади.

 

Суҳбатдош:

Обиддин МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.