29.03.2016

СОҒЛОМ ФАРЗАНД — ОИЛА БАХТИ

Жиззах вилоят Она ва бола скрининг маркази директори Шербек Ашуров билан суҳбат

— «Скрининг» — бу оддий усуллар ёрдамида касалликни эрта ва тез аниқлаш, оммавий текширувдан ўтказиш, деган маъноларни англатади, — дейди у. — Скрининг марказларининг асосий вазифаси ирсий касаллик билан туғилган болаларга махсус тиббий-генетик хизмат кўрсатиш ва нуқсон билан туғилишнинг олдини олиш, ҳомиладор аёлларни текширувдан ўтказишдан иборат. Республикамизда 1998 йилдан эътиборан «Она ва бола скрининг» Давлат дастури амалга оширилмоқда.

— Марказимиз асосан уч йўналишда фаолият олиб боради. Биринчи йўналиш — ирсий ва туғма касаллик билан туғилганларга, турли соҳа мутахассислари, хусусан нев­ропатолог, эндокринолог, генетик шифокор, гинекологлар томонидан керакли тиббий-генетик маслаҳатлар бериш; иккинчи йўналиш — туғуруққа қадар (перинатал) давр­да ҳомиланинг ривожланишида учрайдиган баъзи бир нуқсонларнинг олдини олиш; учинчи йўналиш — чақалоқларни туғма касалликлар юзасидан оммавий скрининг текширувдан ўтказишдан иборат.

— Бу борада қандай ишлар олиб борилмоқда?

— Ўтган йили марказимизда хавф гуруҳидаги ҳомиладор аёллар ультратовуш текширувидан ўтказилди. Уларнинг баъзиларида нуқсонлар аниқланиб, ҳомиладорлик тўхтатилди. Шунингдек, туғилган чақалоқлар неонтал скрининг текширувидан ўтказилди. Уларнинг 3 нафарида туғма гипотериоз ва фенилкетонурия касалликлари мавжуд эканлиги аниқланди ва белгиланган тартибда назоратга олиниб, даволаниш учун керакли дори-дармонлар билан бепул таъминланди.

— Сизнингча, қандай ҳолларда туғма ва ирсий касалликлар хавфи ортади?

— Боланинг туғма нуқсон билан дунёга келиши бу — фожиадир. Чунки туғма нуқсонларни даволаш жуда оғир ва ижобий натижага эришиш мушкул бўлган жараён ҳисобланади. Аммо унинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун аввало, фарзанд кўриш истагида бўлган ота-онанинг ўзи соғлом бўлиши зарур. Бу эса оилада соғлом турмуш тарзига амал қилинишига боғлиқ. Ота ёки онанинг спиртли ичимликларга ружу қўйиши, гиёҳвандлиги уларнинг зурриёдига салбий таъсир қилиши, боланинг турли нуқсонлар билан туғилишига сабаб бўлишини унутмаслик керак.

Шу ўринда оилада соғлом фарзанднинг дунёга келишида нафақат она, балки отанинг ҳам беқиёс ўрни борлигини барча англаб олиши зарур. Ота ҳеч жойда ишламаса, кайф-сафо билан овора бўлса, туғилажак фарзанди учун меҳрибонлик қилмаса, аёлини маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватламаса, бундай оилада нуқсони бор, касалманд болаларнинг туғилиш хавфи ошади.

Ота-оналар ирсий касалликлар ҳақида қуйидагиларни билиши лозим. Аввало, бу касаллик генларнинг наслдан-наслга ўтиши натижасида юзага чиқади. Қариндошлар ўртасидаги никоҳда боланинг бундай касалликлар билан туғилиш хавфи, айниқса, юқо­ридир. Бунда ота-она кўринишидан соғлом бўлса-да, уларда яширинган «касаллик ген»лари бир-бири билан учрашса, фарзанд нуқсон билан дунёга келади. Чунки бола ўз генларининг ярмини онасидан, ярмини эса отасидан олади. Тиббий-генетик маслаҳат орқали оилада ногирон фарзанд туғилишининг хавф даражаси аниқланади ҳамда ота-оналарга керакли маслаҳатлар, йўл-йўриқлар берилади.

Шу ўринда бир мисол. Ўтган йили марказимизга бир аёл ҳомиласини текширтириш учун келди. Маълум бўлишича, у холасининг ўғлига турмушга чиққан экан. Айтишича, биринчи фарзанди ирсий касаллик билан дунёга келган. Текширишлар натижасига кўра, иккинчи боласида ҳам шундай касаллик аломатлари аниқланди.

Аслида бу кўнгилсиз ҳолат юз бермаслиги мумкин эди. Шифокорлар томонидан доимий равишда огоҳлантирилишига қарамасдан ҳали-ҳамон қарин­дошлар ўртасида никоҳлар қайд этилаётгани ачинарли ҳолдир.

— 2016 йилнинг Соғлом она ва бола йили деб эълон қилиниши энг, аввало, ота-оналар зиммасига улкан масъулият юклайди. Шундай эмасми?

— Дарҳақиқат, соғлом инсон — жамият гултожи ҳисобланади. Соғлом бола эса соғлом келажак гаровидир. Соғлом бола соғлом оилада, соғлом муҳитда дунё­га келади, камолга етади. Бундан оила ҳам, жамият ҳам манфаат кўради. Шундай экан, мамлакатимизда жорий йилнинг Соғ­лом она ва бола йили деб номланиши халқимиз, ҳар қайси оила ҳаётида нақадар муҳим аҳамият касб этишини англаш қийин эмас.

 

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.