29.03.2016

САМИМИЙ МУЛОҚОТ, ҲАЁТИЙ ТАКЛИФ-МУЛОҲАЗАЛАР

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларининг сайловчилар билан учрашувлари қизғин давом этмоқда.

— Бугунги учрашув-мулоқотимиз юртимизда Наврўз шукуҳи кезиб юрган байрам кунларида ўтаётгани билан янада аҳамиятли. Худди шу лаҳзаларда дун­ё­­­­­­нинг қай бир ҳудудида ўқ овозларига юрак олдириб, на ишга, на ўқишга боролмай, жонини ҳовучлаб яшаётганлар борлигини ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак.

Ҳаммамиз мана шундай тинчлик-осойишталикда яшаётганимизга ҳар қанча шукрона келтирсак арзийди. Улуғ мақсадлар йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, парламентимизда қабул қи­линаётган қонунлар ҳақида сизлар билан суҳбатлашиб, фикр олгани келдик. Кўнг­лингиздаги режаларингиз, ечимини кутаётган масалалар ҳақида очиқ-ойдин гаплашсак...

42-Косонсой сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Собитхон Турғунов Косонсой туманидаги «Тергачи» қишлоғида истиқомат қилувчи сайловчилар билан мулоқотни юртимиздаги тинчлик ва унинг аҳамияти ҳақидаги сўзлар билан бошлади.

Депутат Президентимизнинг Мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар, шунингдек, Наврўз байрами тантаналаридаги сўзида илгари сурилган ғояларга эътибор қаратади.

Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани ҳар биримизни қувонтиришини таъкидлади.

Депутат, шунингдек, парламент томонидан қабул қилинган қонунлар, айни кунларда муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари ҳақида атрофлича маълумот берди. Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси, «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Ветеринария тўғрисида»ги қонунлар ва уларнинг моҳиятига сайловчилар эътиборини қаратди.

Сайловчилар вакилларини, айниқса, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги (янги таҳрирдаги) қонун кўпроқ қизиқтирди.

— Мазкур қонунни қабул қилишнинг аҳамияти хусусида тўхталадиган бўлсак, — деди депутат сайловчилар саволига жавобан. — «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун 1993 йилда қабул қилинган. Ўтган вақт мобайнида ушбу ҳужжатни бозор иқтисодиётининг замонавий талаблари, халқаро меҳнат қонунчилиги қоидалари асосида янада такомиллаштириш зарурати пайдо бўлди.

Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш орқали бир қатор қулайликлар яратилади, меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари мустаҳкамланади. Чунончи, ташкилотларда иш берувчи ва ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулияти ошади. Меҳнатни муҳофаза қилишнинг молиявий таъ­миноти кучайтирилади. Меҳнат ­шар­оит­лари ва муҳофазаси бўйича тегишли назоратни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асослар мустаҳкамланади.

Учрашувда депутат «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ҳақида ҳам батафсил тушунча берди.

Олис ва чекка қишлоқларда яшаётган аҳоли, айниқса, аёллар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий шарт-шароитлар яратиш, намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви, табиий газ билан таъминлаш, хизматлар кўрсатиш ва сервис даражасини юксалтириш билан боғлиқ долзарб масалалар бўйича туман Кенгаши депутатлари — Одилжон Мираҳмедов, Исохон Исмоилов, Асқаржон Ҳасанов, Узоқжон Турсунов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Косонсой туман газ таъминоти корхонаси бошлиғининг ўринбосари Муҳриддинхон Орипов газ таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот тақдим этди.

«Ўрикзор», «Садача», «Чорбоғ», «Хуррият-1», «Мовароуннаҳр», «Нав­рўз», «Гулобод», «Обод», «Гулис­тон» маҳаллаларида яшовчи сайловчилар ҳудудлардаги йўлларни асфалтьлаш, хорижга чиқиш-келиш, меҳнат ҳуқуқлари ва бошқа ижтимоий масалалар хусусида таклиф-мулоҳазаларини билдиришди...

— Мен сайловчилар билан учрашувни ана шу бунёдкорлар ҳузурига боришдан бошладим, — дейди Қонунчилик палатаси депутати Феруза Эшматова. — Туман ободонлаштириш бошқармасида ишлаётган аёллардан бири «Раҳмат сизга, бизни йўқлаб келибсиз. Ҳаётимиз билан қизиқяпсиз. Шукр, турмушимиз яхши. Бугун жонажон шаҳримизда амалга оширилаётган ишлар эртанги кун учун тенгсиз ҳикояга айланади. Фарзандларимиз шу шаҳарда яшайди, боғларни кезади», деганида кўнглим тоғдек кўтарилди...

Шаҳрисабз ва Китоб туманларида ҳунармандлар жуда кўп. Депутат улар билан ҳам учрашди.

— Чеварлар меҳнат қонунчилиги билан боғлиқ кўп саволларни беришди. Имкон қадар батафсил жавоб қайтаришга ҳаракат қилдим, — дейди депутат. — Ҳамроҳим — Шаҳрисабз туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, партиямиздан туман Кенгаши депутати Шаҳло Раҳмонова билан кам таъминланган оилалардан ҳам хабар олдик.

«Мўминобод» қишлоғида мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган учрашувда маҳалла фаоллари, партия­миз аъзолари иштирок этди.

Депутат Феруза Эшматова, ­Зулфия номидаги Давлат мукофоти сов­риндори Шаҳноза Холматова, ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим ­Равшанов ва бошқалар тинч-осуда турмушимиз, бандликни таъминлаш, ёшларни ёт ғоялардан асраш ҳақида кўпчиликнинг кўнглидаги гапларни гапирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Комила Каромова «Тўдамайдон» қишлоғи ва бошқа жойларда ўтказган учрашувларда ҳам сайловчилар вакиллари фаол иштирок этишди.

— Эсимда, сайловолди учрашувида қишлоққа деҳқончилик учун сув таъминотини яхшилаш масаласи кўтарилганди, — дейди депутат. — Бу борада Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи директори, партиямиздан вилоят Кенгаши депутати Ҳамидулла Шерматовга мурожаат қилгандик. Керакли чоралар кўрилди. Ҳозир қишлоқда сув мўл.

Депутат Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи жамоаси билан ҳам учрашди. Корхона оёққа туриб бор­япти.

«Тоғайтемир» қишлоғида ва Ғузор туманида ҳам учрашувлар бўлиб ўтди. Депутат Комила Каромова Қонунчилик палатасидаги фракциямиз фаолияти, парламент назорати, қонунлар моҳияти тўғрисида гапириб берди.

Чироқчидан сайланган депутат, ЎзХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов ҳам сайловчилар билан бир қатор учрашувлар ўтказмоқда.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.