26.03.2016

САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАРДА

долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар ўрганиляпти, кўплаб фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдириляпти

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда. Парламент депутатлари, шунингдек, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишмоқда, кўплаб меҳнат жамоаларида бўлиб, электорат вакилларининг фикр-мулоҳазаларини ўрганяпти.

Сурхондарё вилоятидаги 74-Денов сайлов округидан Қонунчилик палатаси депутати ­Қаҳрамон Мирзаев тумандаги «Мурувват уйи», хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи, «Хайробод пахта» очиқ акциядорлик жамияти ва бошқа муассасаларда бўлиб, сайловчилари билан учрашди.

Учрашувларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Ушбу ҳужжатлар хал­қимиз, айниқса, электорат манфаатларига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

— Бугун нафақат туман ва шаҳар марказлари, балки чекка ҳудудлар ҳам ўзгача қиёфа касб этмоқда, — дейди депутат. — Бу, албатта, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. Буни учрашувларда ҳар бир фуқаро эътироф этмоқда. Шунинг­дек, сайловчиларнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар тақдирига бефарқ эмаслиги яққол кўринмоқда. Масалан, сайловчилар фуқароларнинг қонун лойиҳалари юзасидан ўз таклифларини тақдим этиш механизми, сиёсий партиялар фракциялари ўртасидаги рақобат, парламент назорати ҳақида депутатларга катта қизиқиш билан саволлар беришяпти. Кўриниб турибдики, одамларнинг дунёқараши ўзгариб бораяпти. Улар билдирган фикрлар, айтаётган таклифлар қонун қабул қилиш, ижросини назорат қилиш жараёнларида бизни янада масъулият билан иштирок этишга ундайди.

— Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жойларда аҳолини ўйлантираётган айрим масалалар кўзга ташланмоқда, — дейди халқ депутатлари ­Денов туман Кенгаши депутати Бахтиёр Янгибоев. — Уларнинг ечимида биз, маҳаллий Кенгашлар депутатлари парламентдаги фракциямиз аъзолари билан доимий ҳамкорлик қилишимиз зарур. Лоқайдлик ва бепарволикка йўл қўймасак, электорат манфаатларини самарали ҳимоя қила оламиз.

— Муассасамизда қулай шароит бор, — дейди Денов «Мурувват» ногиронлар учун эркаклар интернат уйи директори, ЎзХДП фаоли ­Парда Сафаров. — Янги ошхона ишга туширилди. Боғдорчилик, чорвачилик ва полиз маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилган. Кўрсатилаётган эътибор, депутатларнинг ташрифидан барчамиз мамнун бўлдик.

Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувларда депутат сайловчиларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.

Қашқадарё вилоятида ЎзХДП фракцияси аъзолари — 122-Ғузор сайлов округидан Комила Каромова, 120-Шаҳрисабз сайлов округидан ­Феруза Эшматова ҳамда 119-Чироқчи сайлов округидан Саттор Раҳматов сайловчилар билан учрашувлар ўтказяпти.

Учрашувларда парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти ҳақида сайловчиларга кенг ахборот беришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу билан бирга, 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси ўрганилмоқда.

Дастурга асосан жорий йилда вилоятда 10684 лойиҳа ­доирасида янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Жорий йилнинг дастлабки 2 ­ойида вилоятда барча манбалар ҳисобидан 7 мингга яқин иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова Деҳқонобод туманидаги «Оқиртма» қишлоқ врачлик пункти, шунингдек, «Деҳқон­обод калийли ўғитлар заводи»да учрашув ўтказди.

Маҳалла фаоли Шерин Бўриев таассуротларини қу­йидагича баён этди:

 — Бугун республикамизнинг барча ҳудудларида катта ­бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бизнинг туман ҳам бундан мустасно эмас, албатта. «Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон» темир йўлини оласизми ёки фарзандларимиз ҳамда набираларимиз ишлаётган «Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи»ни оласизми — ҳаммаси аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Депутат туманимиздаги корхона-ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишди. Аҳолини ўйлантираётган масалалар билан қизиқди. Биз депутатимизга ишонамиз.

— Йил бошида янги тўйхона очдим, — дейди ёш хусусий тадбиркор Нуриддин Бозоров. — 10 га яқин иш ўрни яратилди. Биз, ёшларга катта имконият берилмоқда. Келажакда ўз ишимни кенгайтириб, маиший хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам фаолият юритмоқчиман. Депутатдан бу борадаги кўплаб саволларимга жавоб олдим.

Самарқанд вилоятидаги 59-Пайариқ сайлов округидан Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ёқуб Умаровнинг сайловчилар билан учрашувида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қи­лиш, фуқароларни ўйлантираётган айрим ­муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Пайариқ маиший хизмат ва сервис касб-ҳунар коллежида ташкил этилган учрашувда Ёқуб Умаров жорий йил биринчи чорагидаги депутатлик фаолияти, Қонунчилик палатасида қабул қилинган қонунлар ҳақида ахборот берди.

— Мамлакатимизда қабул қилинаётган ҳар бир қонун ҳужжати, энг аввало, аҳоли манфаатларига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир, — деди у. — Ким ҳалол меҳнат қиламан деса, бунга имконият ва шароитлар яратилмоқда. Ишлаб чиқилаётган қонун ҳужжатлари ҳам ана шу мақсадларга қаратилмоқда. Биз, айниқса, қонунларда ижтимоий кўмакка муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш билан боғлиқ меъёрлар яққолроқ акс этишига ҳаракат қилаяпмиз. Чунки бу масалалар партиямиз Сайловолди дастурида ҳам ўз аксини топган.

Учрашувда сўзга чиққанлар бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осо­йишталик туфайли барча соҳалар жадал ривожланаётгани, қишлоқларимиз, чекка ҳудудларимиз ҳам кундан-кунга чирой очиб бораётганини қайд этишди. Шу билан бирга, ўзларини қизиқтирган саволлар, ўйлантираётган айрим масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Меҳнат фахрийси Эшмурод Улашев қишлоқ врачлик ­пунктлари ишларини янада жонлантириш, уларни малакали кадрлар билан таъминлаш ҳақида сўз юритди.

Халқобод маиший хизмат ва сервис касб-ҳунар коллежи хотин-қизлар қўмитаси раиси Диёра Қўшбоева эса қишлоқларда спорт майдончалари бунёд этиш, ички йўлларни таъмирлаш ишларини янада кучайтириш зарурлиги тўғрисида фикр билдирди.

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоли Санжар Абдураҳимов тенгдошларини яратилаётган имкониятлардан янада самарали фойдаланишга чақирди. Йигит-қизларнинг китоб ўқишга иштиёқини ошириш, бадиий адабиётлар билан таъминлашни яхшилаш учун чекка ҳудудларда китоб дўконлари ташкил этиш таклифини илгари сурди.

«Қўлтўсин» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Хўрозбой Очилов маҳаллаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, аҳолига яратилаётган қулайликлар, шунингдек, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш хусусида фикр юритди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларининг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.

Музаффар ТУРОПОВ,

жамоатчи мухбир.



DB query error.
Please try later.