26.03.2016

СЛОВАКИЯ: ПАРЛАМЕНТ САЙЛОВИДА

социал-демократлар ғалаба қозонди

Жорий йилнинг 5 март куни Словакия парламенти — Миллий кенгаш учун сайловлар бўлиб ўтди. Парламентдаги 150 депутатлик мандати учун 23 сиёсий партия кураш олиб борди.

Словакия Миллий кенгашига сайловлар ҳар тўрт йилда ўтказилади. Депутатлар умумий, тенг, тўғридан-тўғри ҳамда яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Қонунчиликка кўра, 21 ёшга тўлган мамлакат фуқароси депутат этиб сайланиши мумкин.

Мамлакат қонунчилигида белгиланган айрим ўзига хос ҳуқуқий меъёрларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Мисол учун, депутатлар ўз фаолиятига киришишдан аввал Миллий кенгашнинг илк йиғилишида қасамёд қабул қилади. Бундан бош тортган депутат ўз вазифасидан озод этилади. Сайловнинг ҳаққонийлигини Марказий сайлов комиссияси тасдиқлайди. Агар депутат ҳукумат аъзоси этиб тайинланса, унинг ваколати бекор қилинмайди. Депутат Миллий кенгашнинг рухсатисиз жиноий жавобгарликка тортилиши ёки қамоққа олиниши мумкин эмас.

Депутат ҳукумат ва унинг аъзоларига ёки давлат бошқарувининг бош­қа марказий органи раҳбарларига ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан сўров юбориш ваколатига эга. Қонунчилик талабига кўра, депутат сўровига 30 кун ичида жавоб қайтарилиши шарт.

Парламент мажлиси депутатлар умумий таркибининг бешдан бири талаби билан ҳам чақирилиши мумкин. Парламент мажлислари очиқ-ошкора тарзда ўтказилади. Унда экспертлар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари эркин иштирок этади. Бундан ташқари, мажлислар Миллий кенгаш қарорига кўра, ёпиқ тарзда ҳам ўтказилиши мумкин. Бунинг учун парламент аъзоларининг бешдан уч қисми овоз бериши талаб этилади.

Миллий кенгаш ёки унинг органи талаб қилганида ҳукумат аъзолари ёки давлат бошқарувининг бошқа органлари раҳбарлари парламент йиғилишларида иштирок этишга мажбур. 

Кўпчилик ривожланган демократик давлатлар сингари Словакия парламенти ҳам қонунларни қабул қилиш, уларга риоя этилишини назоратга олиш, референдум ўтказиш бўйича таклифни қабул қилиш, инсон ҳуқуқлари, ҳарбий хусусиятга эга халқ­аро шартномаларга қўшилиш бўйича қарор қабул қилиш, давлат бюджетини тасдиқлаш, унинг ижроси юзасидан ҳукумат ҳисоботини эшитиш ваколатига эга. Шунингдек, парламент ички, халқаро, мамлакат ҳаёти билан боғлиқ муҳим иқтисодий, ижтимоий масалаларни муҳокама қилади.

Словакияда парламент учун олдинги сайлов 2012 йилнинг 10 мартида ўтказилганди. Унда 44,42 фоиз овоз билан «Йўналиш — социал-демократик» партияси ғолиб бўлганди. Бу билан мазкур партия парламентдаги 150 ўриндан 83 тасини қўлга киритганди. Натижада партия етакчиси Роберто Фицо Бош вазир лавозимига ўтирганди. «Христиан демократик ҳаракати» партияси 8,82 фоиз овоз билан иккинчи, «Оддий одамлар ва мустақил шахслар» партияси эса 8,55 фоиз овоз билан учинчи ўринни банд этганди.

Сиёсатшуносларнинг таҳлилларига кўра, бу галги сайловда ҳам социал-демократларнинг ғалабаси тахмин қилинганди. Бунинг сабаби нимада? Ана шу саволга жавоб топиш мақсадида ушбу партия фаолиятига бир назар ташласак.

Мазкур сиёсий партия 1999 йилда ташкил этилган. Унинг асосчиси, етакчи сиёсатчи Роберто Фицо ҳисобланади. Улар иштирок этган дастлабки парламент сайлови 2002 йилга тўғри келади. Ўшанда партия парламентда 25 депутатлик ўрнига эга бўлганди. Шундан сўнг социал-демократлар ўзининг ғоялари, дастурларини такомиллаштириб боришди. Асосан аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш билан боғлиқ ғояларни илгари сурди. Натижада партиянинг мамлакат сиёсий майдонида тутган ўрни, аҳоли ўртасидаги обрўси ошиб борди.

Партиянинг олий органи — Сейм ҳисобланади. Унинг жойларда ҳудудий ташкилотлари ҳам фаолият юритади.

Бевосита жорий йил 5 март куни ўтган сайловга эътибор қаратадиган бўлсак, унда яна бир бор «Йўналиш — социал-демократик» партияси сайловчиларнинг 28,28 фоиз овозини тўплаб, ғолиб бўлгани ҳақида ахборот берилмоқда. Бу билан социал-демократлар парламентдаги 50 мандатга эга бўлишади. Уларга энг яқин натижани либерал ғоялар тарафдори бўлган «Эркинлик ва бирдамлик» партияси қайд этгани маълум қилинмоқда. Мазкур партия сайловчиларнинг 21,10 фоиз овозини олиб, 21 депутатлик ўрнини эгаллаши таъкидланмоқда.

Умуман, сайловда иштирок этган партияларнинг фақат 8 таси парламентдан ўрин олишга муваффақ бўлди.

        

Интернет материаллари асосида

Нурали ОРИПОВ

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.