26.03.2016

Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари муҳокама этилди

Жорий йилнинг 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси томонидан «Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари» мавзусида видео-мулоқот шаклида семинар ўтказилди. 

Унда Олий Мажлис Сенати Кенгаши Комиссияси аъзолари, онлайн режимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳларининг раҳбарлари, фуқаролар йиғинларида сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри комиссиялари раислари ва аъзолари, ушбу комиссиялар ҳузурида ташкил этилган ахборот хизматлари раҳбарлари, туман ва шаҳар комиссиялари, «Маҳалла» фондининг ҳудудий бўлимлари раислари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Семинарни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раисининг ўринбосари, Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари С.Ортиқова олиб борди. 

Шу йилнинг май-июнь ойларида фуқаролар йиғинларининг амалдаги раислари ва улар маслаҳатчиларининг ваколат муддати тугайди. Шу муносабат билан «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг шу йил 5 мартда қабул қилинган қарори рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида бўлғуси муҳим тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Жойларда бўлажак сайловнинг ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлаш ҳуқуқи принциплари асосида ўтиши учун барча чоралар кўрилаётир. Хусусан, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар шакллантирилмоқда, улар учун зарур шарт-шароит ва қулайлик яратилмоқда. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши Комиссиясининг аъзолари томонидан таъкидланганидек, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича энг муҳим талаблар ва аниқ мақсадга қаратилган вазифалар – фуқаролар йиғинлари органларини шакллантиришда кенг иштирок этиш бўйича фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўтказиладиган сайлов жараёнининг барча иштирокчилари томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашдан, фуқароларни фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар, уларнинг иш ҳамда ахлоқий фазилатлари билан ҳар томонлама таништиришдан иборатдир. 

Фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг бўлғуси сайлови давлат ва жамият қурилишининг барча жиҳатларини демократлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнлари чуқурлаштирилиши билан ифодаланадиган сифат жиҳатидан янги социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий шароитларда ўтиши таъкидланди. 

Ҳозирги вақтга келиб, Фуқаролар йиғинларида сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар комиссиялари тузилди. 

Семинар чоғида иштирокчилар сайловга тайёргарлик кўришнинг барча босқичлари тўғрисида тўлиқ ахборот ва тушунтириш олди. Олий Мажлис Сенати Кенгаши Комиссияси аъзоларининг чиқишларида сайловнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларига алоҳида эътибор қаратилди. Фуқаролар йиғинларида сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар олдида турган вазифалар кўриб чиқилди ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш масаласи бўйича аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш, фуқароларнинг ушбу жараён юзасидан мурожаатларини кўриб чиқиш, шаҳарча, қишлоқ ва овуллардаги ҳовли, уй, кўча ва маҳаллалар фуқароларининг вакиллик нормаларини белгилаш уларнинг ваколатларига киради. 

Семинарда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимига муносиб номзодларни кўрсатиш муҳимлиги айтилди. Мамлакатимиз бўйича 9764 нафар фуқаролар йиғинлари раисини, шунингдек, уларнинг 99 мингдан зиёд маслаҳатчиси сайловини муносиб даражада ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кўмагининг аҳамияти таъкидланди. 

Амалий ва ишчанлик руҳида кечган мулоқот чоғида тадбир иштирокчилари аҳолини, хусусан, ёшларни ва аёлларни сайлов жараёнига кенг жалб қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ва ҳуқуқий билимларини ошириш чораларини кўриш масалаларини муҳокама қилди. Бунда ҳудудий комиссиялар ҳузурида ташкил этилган ҳамда сайлов жараёнини ташкил этиш ва ўтказишнинг барча босқичларини ёритиб боришга масъул бўлган ахборот хизматлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари шубҳасиз муҳим роль ўйнаши зарур. Айни пайтда, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича тадбирлар режасини ижро этиш мақсадида 2016 йилнинг май-июнь ойларида ўтказиладиган сайловнинг барча босқичлари изчил ёритилишини таъминлаш учун журналистларнинг билимларини мустаҳкамлаш бўйича минтақавий семинарлар ўтказилмоқда. 

Сенаторлар, Сенат Кенгаши Комиссияси аъзолари семинар иштирокчиларининг кўплаб саволларига жавоб берди. Тадбирлар режасига мувофиқ ҳудудий кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлар аъзолари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокидаги бундай тадбирларни республикамиздаги барча туман ва шаҳарларда ўтказиш режалаштирилмоқда. 

Семинар иштирокчилари фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ муносиб даражада ўтказилишига ишонч билдирди. 


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 
Кенгашининг Фуқаролар йиғинлари раислари 
(оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини 
ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси 


DB query error.
Please try later.