24.03.2016

ТИНЧЛИК, ОСОЙИШТАЛИК, ХОТИРЖАМЛИК

дунёдаги энг улуғ неъмат

Шу кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб Наврўз нафаси кезиб юрибди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида бошланган тантаналар республикамизнинг барча ҳудудлари, туман ва қишлоқлар, чекка овулларда ҳам кўтаринки руҳда давом этмоқда. Айниқса, Президентимизнинг Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳар бир юртдошимиз қалбида акс-садо бермоқда, шу юртни севиш, унинг тинчлигини асраб-авайлаш, эртанги кунга ишонч туйғуларини янада кучайтирмоқда.

Топволди ХОЛДОРОВ, «Нуроний» жамғармаси Фарғона вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Мен ҳам Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида ўтказилган тантаналарда бевосита иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим. Юртбошимизнинг сўзларини ҳаяжон билан тингладим.

Президентимизнинг «Шарқона янги йил кириб келиши арафасида туриб, янги йилда сизнинг энг эзгу ниятларингиз нималардан иборат, деб сўраса, халқимиз, ҳеч иккиланмасдан, бизга тинчлик ва омонлик керак, деб жавоб бериши муқаррар», деган сўзларидан жуда ҳаяжонга тушдим. Тантанада қатнашаётган юртдошларимизнинг юз-кўзларига қараб, улар қалбининг туб-тубида ана шу ният ва орзулар мустаҳкам ўрин олганига амин бўлдим. Узоқ йиллар давомида ота-боболаримиз бугунгидай бахтиёр ва осуда ҳаётни орзу қилиб ўтгани, шу йўлда не-не қи­йинчиликлар, азоб-уқубатларга дош бергани, жонини фидо қилгани хаёлимдан ўтди.

Наврўз қадим-қадимдан инсонларда олижаноб фазилатларни тарбиялаган. Заиф, бемор, ёлғиз, ёрдамга муҳтожларни суяш, қўллаб-қувватлаш, бағрикенг ва саховатли бўлишга ундаган. Юртбошимиз Наврўз тарихи ва фазилатларига алоҳида эътибор қаратар экан, ана шу асрий анъа­наларни ҳамиша тарғиб қилиш, айниқса, ёшлар онгига чуқурроқ сингдириш лозимлигини уқтирди.

Мен ёши улуғ бир инсон сифатида шуни айтишим керакки, бугунги нотинч дунё Ватанни янада кучлироқ севиш, асраб-авайлаш, унинг равнақи йўлида фидойилик кўрсатишни талаб этади. Дунё­га, ён-атрофимизга назар ташлаб, фикр қиладиган бўлсак, яна бир ҳақиқат яққол намоён бўлади. Яъни, бугун қаерда келишмовчилик, турли хил найрангу сиёсий ўйинлар авж олган бўлса, ўша ерда нотинчлик, парокандалик ҳукм сурмоқда, бунинг ортидан оддий одамлар жабр-зулм кўрмоқда. Аксинча, қаерда меҳр-оқибат, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик устувор бўлса, ўша юртда тинчлик, тараққиёт тантана қилмоқда, одамлар ҳаётидан рози бўлиб, орзу-ниятларига етиш­япти.

Ўзбекистон ХДП мақсад ва вазифаларига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг Наврўз ғоялари билан ҳар томонлама мос ва уйғун эканини кўрамиз. Шунинг учун биз депутатлар, партия фаоллари ҳар бир амалий ишимиз, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий тадбирларимизда Президентимиз сўзларидаги фикрлар ва хулосаларга таянишимиз лозим, деб ўйлайман.

Меҳриноз АББОСОВА, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби, ЎзХДП фаоли:

— Наврўз кунларидаги табиатнинг гўзалликлари одамларни яратувчанликка, меҳнат қилишга ундайди. Бундай дамда деҳқон даласига отланади. Боғбон боғига йўл олади. Шоир шеър ёзади. Ёшлар қалбида эса янги-янги орзу-умидлар, юксак марраларни эгаллаш ҳисси пайдо бўлади. Айниқса, Ўзбекистон ёшлари кўнглида бундай интилиш янада кучлироқ жўш уради.

Президентимизнинг ёшларга қарата
«... бошимиздан кечираётган, шиддат билан ўзгариб, тобора мураккаблашиб бораётган давр барчамизнинг, биринчи навбатда, сиз, азиз фарзандларимизнинг олдига замонавий билим ва касб-ҳунарларни, интеллектуал бойликларни чуқур эгаллаш, шу билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини янги босқичга кўтариш, иқтисодиётимизни янгилаш, модернизация ва диверсификация қилиш, буларни тараққиётимизнинг локомотивига айлантириш каби вазифаларни қўймоқда. Айни шу улкан долзарб мақсадларга эришиш йўлида сиз, азизларнинг халқимиз, Ватанимизнинг ишончини оқлашга қодир эканингизга ишонаман ва барчангизни доимо қўллаб-қувватлашга тайёрман» деган даъватлари бутун Ўзбекис­тон ёшларини улкан мақсадлар йўлида янада жипслаштирди, деб ўйлайман.

Табрикдаги ана шу сўзларни қайта-қайта ўқир эканман, ёшлар зиммасида нақадар шарафли ва масъулиятли вазифа турганини ҳис қиламан.

Бир фикрни ишонч билан айта оламанки, бугун тенгдошларимиз қайси соҳада бўлмасин иқтидори, истеъдоди ва салоҳиятини намоён этишни, катта ютуқларга эришишни ўзининг бурчи, деб билади. Бунга ким шароит, имконият яратиб берди? Албатта, она-Ватанимиз, Президентимиз. Агар биз ҳар қанча истеъдодли бўлмайлик, юртимизда тинчлик, етарли шарт-шароит, мана бу мусаффо осмон бўлмаганида бирор-бир ютуққа эриша олмасдик. Бугун дунёнинг нотинч, беқарор давлатларида қанчадан-қанча ёшлар азият чекаётгани, ўқиш, у ёқда турсин, орзу қилиш бахтидан бебаҳра экани бизни ўйлашга, хулоса чиқаришга ундайди.

Шунинг учун биз, мамлакатимиз ёшлари бор куч ва имкониятларимизни Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида сарф этишимиз зарур.

Элибой ТАНИЕВ, Пастдарғом туманидаги «Х.Т.Умсин момо» фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби:

— Очиғини айтсам, бу йилги Наврўз фермер ва деҳ­қонлар учун бошқача келди. Байрам кунлари олдидан ёққан мўл ёмғир ернинг, экинлар ва дов-дарахтларнинг баҳри дилини очиб юборди, одамларнинг кайфиятини кўтарди. Шунданми, халқимиз Наврўзни янада хушнудлик билан кутиб олди.

Президентимизнинг тантанали маросимдаги сўзида алоҳида таъкидлаганидек, «Неча минг йиллик тарихимиздан маълум: Наврўз фаслида турли низо ва адоватлар, гина ва аразлар унутилиб, одамлар, миллат ва элатлар ўртасида меҳр-оқибат, шафқат ва мурувват, ҳамжиҳатлик каби инсоний туйғу­лар янада кучаяди».

Дарҳақиқат, Наврўз нашидаси юртимиздаги ҳар бир оила, маҳалла, меҳнат жамоаларига кириб борди. Хусусан, фермер хўжалигимизда ҳам Наврўз муносиб кутиб олинди. Ҳозир хўжалигимизда 34 нафар киши доимий иш билан таъминланган. Қишлоқ хўжалигида зарур бўлган барча замонавий техникалар мавжуд. Сувчи, механизатор ва бошқа соҳа эгалари катта тажрибага эга. Энг аввало, улар бир оиладек, аҳил бўлиб меҳнат қилишмоқда. Шу боис пахтачиликда ҳам, ғаллачиликда ҳам ҳар йили юқори натижаларга эришяпмиз. Чорвачилигимиз ҳам йилдан-йилга ривожланиб бораяпти. Натижада даромадимиз ҳам ошаяпти.

Кичик фермер хўжалигимиз фаолиятидан мисол қилиш мумкинки, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик қанчалик кучли бўлса, меҳнатимиз самараси шунчалик юқори бўлади, қут-барака ошади. Инсоннинг кўнглига байрам, хурсандчилик сиғади. Юртимиз тинч, кўнглимиз хотиржам бўлса, мамлакат ободлиги, турмуш фаровонлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилаверамиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбирлари

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Абдурасул САТТОРОВ,

Нурали ОРИПОВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.