Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
24.03.2016

БЕЗАВОЛ РУҲ

Ҳар қандай байрам — энг аввало, руҳий неъмат. Кўзлар ва кўнгиллар қувончи. Халқ­лар, эллар ва элатлар шодиёнаси.

Дунёда байрамлар кўп. Уларни тахминан учга — сиёсий, диний ва миллий байрамларга бўлиш мумкин. Наврўзи олам эса мазмун-моҳиятига, удум ва анъаналарига кўра, барчасидан  ўзгача, улуғ ва бетакрор айёмдир.

Наврўз — она табиат дала-ю даштларга, тоғ-у тошларга, қир-адирлар-у  боғ-роғларга, жамики тириклик оламига, одамзод эса ўз саховатини намоён қилган, пойи ва боши узра гуллар сочган она табиатга меҳр-муҳаббат изҳор этадиган нодир ва гўзал палла.

Наврўзнинг дил рози  ер юзини қоплаган ям-яшил майсалар, дарахт ва буталарни келинчакдек ясантирган ранго-ранг гуллар тимсолида намоён бўлса, инсонларнинг дил рози   кулгу-қаҳқаҳаси, оҳангида бахтиёрлик балқиган  тароналари, ўйинлари, тўкин дастурхони, бир-бирига улашган меҳр-муҳаббатида акс этади.

Наврўзнинг куй-қўшиқлари, ўйин ва рақслари, удум ва тутумлари, ҳатто руҳи ҳам бошқа байрамлардан тубдан фарқ қилади.

Унинг руҳида: инсоннинг янгиланиш ва яшариш фаслига моли-жони, оиласи, қавм-қариндоши, ёр-дўст­лари билан соғ-омон етганлигининг шукронаси; катта-ю кичикнинг ризқ-рўзи яратиладиган, дастурхонларга қут-барака, оилаларга фаровонлик инъом этадиган деҳ­қончилик йили бошланганининг, чорвасининг туёғи ва маҳсулоти кўпаядиган кунлар келганининг қувончи; қиш фаслида тўхтаб қолган ишларни бошлашнинг қулай палласи келгани, яъни яратувчилик ва бунёдкорликка йўналтирилган орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга йўл очилганининг суюнчи;  баҳор фаслини тинч ва осойишта юртда, турли миллатга мансуб юрт­дошлар билан тотувлик ва ҳамжиҳатликда кутиб олаётганининг сурури мужассамдир.

Шунинг учун ҳам халқимиз ушбу айёмни ҳар сафар ўзгача шукуҳ, эзгу орзу-умидлар, ёруғ ниятлар билан кутиб олади ва кўтаринки кайфият билан нишонлайди. Бу билан Нав­рўзи  оламни нишонлашни урфга киритган олис боболарга ҳурматини, бугунги кунига эъзоз ва эҳтиромини, келажакка ишончини ифодалайди.

Шу йил  21 март куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида бўлиб ўтган тантанали маросимдаги сўзида давлатимиз раҳбари  таъкидлаганидек, Наврўзнинг ўлмас руҳи ва қадриятлари авлодлардан авлодларга безавол ўтиб келмоқда, орадан қанча йиллар, замонлар ўтмасин, бу ғоя ва одатлар бугунги кунларда ҳам халқимизнинг онгу тафаккурида чуқур из қолдириб, кучайиб бормоқда.

Гуллар оғушига кўмилган майдонда янграган ва бир-бирига уланган куй-қўшиқлар, турли миллатга мансуб тантана қатнашчиларининг хурсандчилиги ушбу ҳақиқатни тасдиқлаш билан бирга, юртимизнинг шаҳар ва қишлоқлар, овуллар ва маҳаллаларидан бошланиб, ҳамон давом этаётган Наврўз шодиёналарининг чўққиси бўлди. Бутун халқнинг диққат-эътиборини ушбу айёмга жалб этди, унга ўзгача жозиба бағишлаб, қадр-қимматини яна бир марта оширди.

Наврўз фақатгина баҳор байрами, эзгу ниятли инсонларнинг бошини қовуштирадиган шодиёна бўлиб қолмасдан, айни пайтда меҳр-оқибат ва хайр-саховат тантанаси ҳамдир. Байрам табригида халқимизнинг қон-қонига, суяк-суягига сингиб кетган олижаноблик, бағрикенглик, одамийлик ва меҳрибонлик каби хислатларига алоҳида урғу берилгани ҳам бежиз эмас.

Дарҳақиқат, байрам кунлари ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали  хонадонларнинг, якка-ёлғиз кексаларнинг, уруш ва меҳнат фахрийларининг, беморлар ва ногиронларнинг ҳолидан хабар олиш,  байрам билан қутлаб, совға-саломлар ҳадя этиш ҳам аслида Наврўздан бошланган умрбоқий удумлардир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

 Халқимиз нафақат байрам кунлари, балки ҳар доим аждодлардан қолган, «Fам бўлинса, камаяди, шодлик бўлинса, кўпаяди», деган ҳикматга амал қилиб келади. Яъни, яқин ва узоқ қўшнилар билан муносабатни ўзаро ҳурмат, дўст­лик ва ҳамжиҳатлик, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш асосига қуради, ўзининг қувончини қўни-қўшни эллар ва юртлар билан бўлишиб, ўзгаларга ҳам шоду хуррамлик улашишга интилади. Нафақат ўз юртига, балки бутун башариятга бирдек тинчлик ва омонлик тилаб яшайди.

Бу хислатни юртдошларимиз  оламга бор меҳрини сочиб, еру кўкни яшиллик ва яхшиликка буркайдиган сахий ва ҳиммати баланд она табиатдан, унинг эрка айёми — Наврўзи оламдан олгани ҳам муболаға эмас.

Неча минг йиллардан бери халқимизга куч-қувват бағишлаб, эзгуликлар сари чорлаб келаётган Нав­рўзнинг ҳаётбахш руҳи юрт­дошларимизга мададкор бўлсин.

 

Бахтиёр РИЗАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.