Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
22.03.2016

БАҒРИ БАҲОР, ҚАДРИ БЕБАҲО

Охунжон ҲАКИМ, Ўзбекистон халқ шоири, ЎзХДП фаоли:

— Баҳорни, айниқса, Наврўз айёмини таъриф-тавсиф этишда шоир халқига ҳеч ким тенг кела олмаса керак. Бунинг сабаби бор, албатта. Шоирлар, улар чиндан ҳам шоир бўлсалар, оламдаги ҳамма-ҳамма нарсадан гўзаллик топадилар. Бу — атрофга, умуман, дунёга санъаткорона кўз билан қарашдир. Бундай қараш дунёни кўзингизга сержило, серфайз ва албатта гўзал қилиб кўрсатади.

Шу билан бирга, шоирлар баҳорни, лаб очган ғунчани, олам гўзаллигини аёл зотига қиёслайди. Дунё кўрганлар айт­син, Яратган аёлларнинг зуваласини пишираётганда, ўзбек аёлини ҳусну тароват, меҳр-ҳаё, латофатдан аямаган шекилли. Чиндан ҳам ўзбек аёлининг меҳрли нигоҳлари, хуштавозеълиги, ширинсўзлиги, кўзларида балқиб турган меҳр яна қайси халқ аёлида бўлиши мумкин?

Наврўз айёми Фарғона водийсида жуда гаштли ўтади. Ҳар бир хонадонда мазали таом­лар пиширилиб, қўни-қўшниникига узатилади, маҳалла фаоллари кекса отахону онахонларни зиёрат қилишади, кўнглини олишади. Бизнинг хонадон ҳам ҳар йили айни шу кунларда байрам билан табриклашга келган шогирдлар, шоир ва ижодкорлар билан гавжум бўлади.

Буларнинг ҳаммаси юртимиздаги барқарорлик, тинчлик-осойишталик ­туфайли. Тинчлик бўлган жойда тўйлар, байрамлар бир-бирига уланади.

Гапимни поёнлаб, бир нарсага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Наврўз — баҳор маликаси бўлса, аёлни уйнинг чироғи, дейдилар. Бу гап бугун айтилгани йўқ. Аёл наинки уйни ёритгувчи чироқ, у минг-минг йиллардан буён мамлакатимизнинг чироғи, эркак зоти қаддини ғоз тутиб келаётган жонбахш нур, дегим келади. Бирон-бир хонадон чироқсиз бўлмасин.

Демоқчиманки, ҳар бир хонадонимиздаги чироқ — аёлларимиз, опаларимиз, сингилларимизнинг кўзлари порлаб турсин, юртимизга кириб келган баҳор таровати, Наврўз айёми, сумалак-у, ҳалимлар, ширин-шакар пишириқлар шулар билан тотли! Бу порлоқ кўзларда нақадар адоқсиз орзу-умидлар балқиб турганини ҳар куни кўриб, ҳис этиб турайлик! Нав­рўзингиз муборак бўлсин!

 

Маҳмуд ТОИР, Ўзбекистон халқ шоири, ЎзХДП фаоли:

— Бу дунёда уйғонувчи, уйғотувчи фаслни ёқтирмаган инсон йўқ. Наврўз гўзаллигини кўриб дилинг яйрайди.

Унаётган ҳар бир майса, лаб очган куртак, кеча кўз ўнгингда қуриб ётган дарахтларда маржондек тизилиб турган ўрик, шафтоли гуллари табиатнинг тириклик ҳақидаги қўшиғидир. Садолари асрлар оша келаётган бу қўшиқнинг қадри мен учун осмон қадар баланд.

Бу кун сабабидан, ота-боболаримизнинг донишманд ўтганлиги ёдимизга ҳайрат билан келади. Ободлик, бун­ёдкорликка бонг чалинади бу кунда. Табиатнинг шифобахш неъматлари ҳузурбахш этади, кўзимиз, қалбимиз қувнайди, дилларимиз яйрайди. Истиқлол туфайли чинакамига бўй кўрсатган бу азалий қадрият нафақат бизни, балки шу юрт­да яшаётган барча-барчанинг ҳам байрамидир. Бу кунда дунёнинг юзлаб мамлакатлари нигоҳи бизда бўлади. Ўзлигимизни, асрий қадриятларимизни, қалбимиз ва юзимизни кўз-кўз қилиши билан барчамизга қадрлидир Наврўз.

 

Малика ШОИСЛОМОВА, Матбуотчилар мажмуаси, «Сервис» МЧЖ корхонаси ходими:

– Озодалик, орасталик халқимизга хос одат. Айниқса, ҳар бир инсон маҳаллада яшаганидан кейин бир парча ер бўлса ҳам уни яшнатсам, бирор нарса экиб кўкартирсам, дейди. Шунинг учун мен яшайдиган мавзеда маҳалла аҳли кўча ва йўлакларни тозалаб, бўш майдонларга турли мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазишди, дарахтларни оқлашди.

Хонадон соҳиблари кўча-кўй, ўз уйларини, кексайиб қолган, қаровчиси йўқ қўни-қўшниларнинг уйларини ҳам тозалашади, маҳаллада тайёрланган ҳалим, сумалаклардан олиб келиб беришади.

Мен анча йиллардан буён тозалик-озодалик билан боғлиқ касбда фаолият юритаман. Шуни биламанки, тозалик бўлган жойга файз, қут-барака киради. Одамнинг руҳи тозаланади. Шунинг учун ­фарзандларим, келин-невараларимга «уни қил, буни қил» деб ўтирмасдан, ўзим ишга киришиб кетаман, буни кўриб, улар дарҳол ишни қўлимдан олишади, барака топкурлар.

Наврўз орасталик, яшариш ва яшиллик байрами, атрофга қараб, кўз қувонади. Юртимиз обод бўлса, маҳалламиз ораста, чиройли, гулларга бурканса, кайфиятимиз ҳам шунга яраша кўтаринки бўлади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН

 ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.