17.03.2016

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИНГ ҲИСОБОТЛАРИ ТИНГЛАНДИ

15 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Депутатлар ўз конституциявий ваколатларига мувофиқ, сиёсий партияларнинг 2015 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитди. Ушбу масала бўйича барча сиёсий партиялар раҳбарлари сўзга чиқди.

Мажлис давомида таъкидландики, сўнгги йилларда энг муҳим давлат масалаларини ҳал этишда сиёсий партияларнинг роли ва таъсири, шунингдек, уларнинг парламентдаги фаолияти сезиларли даражада кучайди. Умумқабул қилинган демократик стандартларга ва халқаро нормаларга тўлиқ жавоб берувчи сиёсий партияларни ривожлантиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди. Бугунги кунда сиёсий партия­лар ўз дастурий мақсадларини илгари суриш ва амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларга эгадир.

«Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, ҳар бир партия Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринларининг сонига қараб, ўз устав фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларининг муайян ҳажмларини олиш ҳуқуқига эга.

Сиёсий партияларни молиялаштириш қонунийлик, очиқлик, ошкоралик ва сиёсий партияларнинг тенг ҳуқуқлилиги принциплари асосида қонунга қатъий риоя этилган ҳолда амалга ошириб борилди. Барча сиёсий партиялар ўз фаолиятини молиялаштириш ҳажми ва манбалари тўғрисидаги ахборотни белгиланган тартибда эълон қилди ва ўз аъзолари ҳамда жамоатчиликнинг уларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишини таъминлаб берди.

Мажлисда Ўзбекистондаги сиёсий партиялар молия­вий ҳисоботни қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда тақдим этганликлари қайд этилди.

Муҳокама чоғида сўзга чиққан депутатлар Президентимиз 2015 йил 23 январдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент олдида турган энг муҳим масалаларни белгилаб берганига эътибор қаратишди. Қонунчилик палатаси фаолиятида сиёсий партиялар фракцияларининг роли ва аҳамиятини ошириш, кўппартия­вийлик тизимини янада изчил ривожлантириш зарурлиги таъкидлангани қайд этилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Қонунчилик палатаси Регламентига палатанинг қонунчилик, назорат-таҳлил фаолиятида сиёсий партиялар фракцияларининг фаол иштирокини таъминлаш механизмлари самарадорлигини ошириш, шу билан бирга, партиялар фикрларини ҳисобга олувчи муқобил қонун лойиҳаларини сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан киритишнинг процессуал механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳамда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим ҳаётий масалаларини белгиловчи у ёки бу қонунлар бўйича ўз нуқтаи назарларини кенг жамоатчиликка етказилишини таъминловчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Депутатлар сиёсий партия­ларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни куча­йиб бораётганлиги муносабати билан сиёсий партияларнинг молиявий интизомини мус­таҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этишди.

Депутатларнинг фикрига кўра, си­ё­сий партияларнинг моддий-молиявий, ташкилий кадрлар ва бошқа ресурслари ўз дастурий мақсад ва вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади. Шу сабабли уларнинг шаффоф ва очиқлиги, доимо жамоатчилик назорати остида бўлиши жуда муҳимдир. Йиғилишда таъкидландики, кўппартиявийлик тизимини ривожлантириш, парламент ва жамиятда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириш шароитларида ушбу масала депутатларнинг доимий эътиборини талаб этади.

Йиғилишда кун тартибидаги масала бўйича барча сиёсий партиялар фракциялари аъзолари ўз муносабати ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари қайд этдики, сиёсий партиялар даромадларининг тўлиқ шаклланишини, шунингдек, уларнинг фаолиятини молиялаштиришга қаратиладиган давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини таъминлашда сиёсий партиялардаги ички назорат механизмларини янада такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Фракция аъзолари таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистоннинг барча сиёсий партияларида назорат-тафтиш комиссиялари фаолият юритмоқда, комиссиялар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлари, шу жумладан, функциялари, вазифалари, шунингдек, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланган.

Муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар сиёсий партияларнинг 2015 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини маълумот учун қабул қилди.

 

Олий Мажлис  Қонунчилик палатаси

Ахборот хизмати

(Ахборот қисқартирилган ҳолда берилмоқда).



DB query error.
Please try later.