12.03.2016

ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚЛАРИ

ҳимояcида депутатлик ва жамоатчилик назорати кучайиши муҳим ўрин тутади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунига бағишланган «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш аҳоли турмуш даражасини оширишнинг муҳим омилидир» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерация­си ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбир иштирокчилари томонидан таъкидландики, мустақиллик йилларида мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали тизими шакллантирилиб, унинг ҳуқуқий асоси яратилгани алоҳида эътироф этилди.

Фуқароларимизнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси, Фуқаролик кодекси, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан кафолатланган. Бундан ташқари, истеъмолчиларнинг ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар, турли хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларини тартибга солишга қаратилган бир қатор қонунлар Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинган. Қолаверса, жамоат бирлашмаларининг истеъмол соҳасидаги сиёсатни шакллантиришдаги фаоллиги ҳам тизим ривожига хизмат қилмоқда.

— Бугунги кунда фуқароларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, — дейди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси раиси ўринбосари Нодирбек Юсупов. — Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, барча таълим муассасаларида ушбу мавзуга оид махсус курслар ташкил этилган. Мактаб, коллеж ва лицей ўқувчилари ўртасида «Энг билимдон истеъмолчи» танлови ўтказиб келинмоқда. Ҳар йили 15 март — Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни муносабати билан федерация томонидан давра суҳбатлари ўтказилади, турли лойиҳалар амалга оширилади.

— Юртимизда иқтисодий ислоҳотларнинг изчиллик билан амалга оширилиши натижасида, маҳсулот ишлаб чиқариш салмоғи ва миқдори тобора ортиб, хизмат кўрсатиш тури кўпайиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Рустам Комилов. — Аҳолини сифатли маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш  ва намунали хизмат кўрсатиш масаласи доимо долзарб вазифа бўлиб қолаверади. Шунинг учун ҳам истеъмолчи ҳуқуқларининг қонуний асосларини аҳолининг кенг қатламлари орасида тар­ғиб қилиш, уларнинг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини янада ошириш орқали қонун устуворлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида ҳам товарлар ва хизматларнинг барча, айниқса, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари учун мақбул ва сифатли бўлишини таъминлаш, терминал тармоғи ва онлайн тўловлар тизимини янада ривожлантириш орқали аҳолининг нақд пулсиз тўлов воситаларидан самарали фойдаланишига эришиш каби бир қатор вазифалар белгилангани қайд этилди.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга доир қонунлар ижроси устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини тизимли йўлга қўйиш аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаати ҳимоясида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Иштирокчилар бу борада партия ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишларни атрофлича таҳлил қилдилар. Хусусан, 2015 йил давомида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари ташаббуси билан маиший, уй-жой, коммунал ва хизмат кўрсатишнинг бошқа соҳаларида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини таъминлаш билан боғлиқ қатор масалалар доимий комиссияларда, сессияларда муҳокама қилингани таъкидланди.

Партия ташкилотлари қошида фаолият юритаётган Жамоатчилик қабулхоналари томонидан ўтган йил давомида фуқароларнинг истеъмол ҳуқуқларига оид 200 дан ортиқ масала ҳал этилганлиги айтиб ўтилди.

Тадбирда истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда партия ташкилотлари ҳамда барча даражадаги депутатларнинг ролини кучайтириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий шериклар билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Наврўз ШОДМОНҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.