Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
12.03.2016

БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТ ЕТАКЧИСИНИНГ БИР КУНИ

Насим Отабобоев — Жиззах шаҳри «Тошлоқ» маҳалласидаги ҳудудий партия ташкилоти етакчиси. Унинг иш куни тонг саҳардан бошланади.

Бугун ҳам у одатдаги вақтда маҳалла фуқаролар йиғини идорасига кириб келди. Кечаги мурожаатларни кўздан кечира бошлади. Фуқаро Фотима Исматованинг ишга жойлашиш масаласида, ёлғиз қария Светлана Дегтарёванинг рўзғор юмушларида ёрдам сўраб, уй бекаси Шаҳноза Абдиеванинг партия сафига кириш тўғрисидаги мурожаатларини ажратиб олди. «Кечга қадар шу масалаларни албатта ҳал қилишим керак» деган фикр билан таш­қарига йўналди.

Дастлаб Светлана опанинг уйига ўтди. Ёши етмишдан ошиб қолган партиямиз фахрийси билан ярим соатлар чамаси суҳбатлашди. Унинг кўнглини кўтарди ва куннинг иккинчи ярмида ёрдамчилар юборишини айтиб, хайрлашди. Бу ишни партия фаоли Гулнора Норматовага топширди.

Сўнг Фотима Исматовани ишга жойлаштириш учун маҳалла ҳудудидаги «Тошлоқ» чойхонаси раҳбарига учрашди. Тиниб-тинчимас етакчининг гапларини диққат билан тинг­лаган тадбиркор кам таъминланган оила бекасини ишга олишга ваъда берди. Масаланинг ижобий ҳал бўлганидан қониқиш ҳосил қилган Насимжон йўл-йўлакай Фотимахонни ишли бўлгани билан хабардор қилишни  ҳам унутмади.

Партия аъзолигига ўтиш истагини билдирган Шаҳноза Абдиева билан суҳбатлашаётган пайтда вақт тушликдан ўта бошлаган эди. Унинг сиёсий партиялар, хусусан, ЎзХДП ғоя ва мақсадларига қизиқиши етакчига маъқул бўлди. Аризани қаноатлантирса бўлади, деган хулосага келди ва ариза муаллифини бошланғич ташкилотнинг нав­батдаги йиғилишига таклиф этди.

Етакчи тушликдан ке­йин кам таъминланган оила бекаси Дилрабо Нуруллаеванинг хонадонига борди. Қизини даволатаётган аёлга эртага маҳаллага боришини, унга албатта ёрдам кўрсатишини эслатиб ўтди.

Партия фаоли Ғулом Орифхўжаевни уйидан топди. У билан эрта-индин невара тўйи қилишга тараддуд кўраётган Ҳошим Мансуровни бориб йўқ­лашди. Тўй ташвишлари, уни маҳалла тўйхонасида ортиқча дабдабаларсиз, ихчам ўтказиш ҳақида келишиб олишди. «Кераксиз расм-русумларнинг сираям ҳожати йўқ», дейишди тўй эгасига. Ҳошим аканинг ўзи ҳам шундай фикрда экан. 

Бу орада етакчи кредит олишда кўмак сўраган Убайдулла Каримовни эслади. Учаласи биргаликда уникига ўтишди. Кредит учун тайёрланган ҳужжатлар билан танишишди. Керакли йўл-йўриқ ва маслаҳатлар берилди. Маҳалла раиси Усмонқул Эшонқулов банкка кафолат хати киритишга розилик билдирди.

Вақт елдай ўтибди, бирпасда кеч кириб улгурибди. Етакчи ўзидан кўнгли тўлиб-тўлмай уйига қайтди. Эртанги ишлари, режаси ҳақида ўйлади.

— «Тошлоқ» шаҳардаги намунали маҳаллалардан бири, — дейди ЎзХДП Жиззах шаҳар кенгаши раиси Носиржон Сиддиқов. — 3000 нафардан ортиқ аҳолиси бор. Бу ерда юз нафардан ортиқ партия­миз аъзоси рўйхатга олинган. Жорий йил бошидан бери 19 киши сафимизга қўшилди. Шаҳарда 60 бошланғич партия ташкилоти фаолият кўрсатаётган бўлса, Насим Отабобоев етакчилик қилаётган мазкур ҳудудий партия ташкилотини энг намуналиси деб кўрсатсак, хато бўлмайди. Дарвоқе, етакчимиз маҳалла фуқаролар йиғини котиблигини ҳам бажаради. Уни катта-кичик яхши билади. Иши билан сўзи бир. Ташкилотчилиги билан ҳурмат қозонган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос эмасми, одамларни ўйлантираётган масалалар ечими бўйича фойдали маслаҳатлар беради. Кимгадир амалий, кимгадир ҳуқуқий кўмак беришни канда қилмайди.

— Бошқасини билмадиму, бошланғич партия ташкилоти етакчиси фидойи, қатъиятли бўлиши шарт, — дейди Насим Отабобоев. — У аввало партия дастурий мақсадларини аҳоли ўртасида тарғиб қилишда, тарафдорлар сонини кенгайтиришда фаоллик кўр­сатиши керак. Электорат вакиллари билан ҳамкорликда ҳудуддаги кўпчиликни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаб, ўз вақтида бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш, зарурат туғилганда бу таклифларни юқори партия ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият органларига етказиш салоҳиятига эга бўлиши лозим. Партия аъзоларининг сиёсий ва фуқаролик маърифати, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ишлаш, янги аъзоларни қабул қилиш билан боғлиқ барча ишларда унинг саъй-ҳаракати сезилиб туриши керак, деб ўйлайман. Шунда қуйи бўғиннинг нуфузи, мавқеи мустаҳкам бўлади.

 

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: