12.03.2016

БАХТ ШОҲСУПАСИ

«Президент болаларимиз ҳақида биздан кўра кўпроқ қайғуряпти... Биз ота-оналарчи, ўз фарзандларимиз учун нима қилаяпмиз, уларнинг тақдирини, бахтини ўйлаб қанчалик ташвишланаяпмиз?..»

Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидаги оддий бир қишлоқда яшовчи пенсионер яқинда таҳририятга қўнғироқ қилиб шу гапларни айтди.

Улашботир деган бу киши кўплаб журналистларнинг қадрдони, чинакам спортсевар, футболнинг ашаддий мухлиси. Уни биринчи марта кўрганда, унчалик хушламайсиз. Офтобда қо­райган юзи, полвонсифат гавдаси, дағалроқ сўзлари кишига ёқмайди. Аммо биринчи суҳбатдан сўнг самимий инсонлигини англайсиз. Аввалига далада ишчи, бригадир, кейинчалик тадбиркор, фермер бўлган, ҳозир нафақада. Аммо спортга, футболга фидойилиги ўша-ўша. Терма жамоамиз ютқа­зиб қўйса, дарҳол қўнғироқ қилади... «Нимага индамайсизлар, бу нима деган гап, миллионлаб одамлар термулиб турибди-ку. Буларда озгина орият борми ўзи», деб дардини, заҳрини сочади, гўё биз айбдордек. Баъзан шарҳловчилардан нолиб қолади: Ўйлаброқ гапиришсин, футболни тушунадиган бошқа одамлар ҳам бор. Гапини қаранг, «Агар бу ўйинда биз ютқазсак, фалон жамоа билан учрашамиз эмиш. Ўйиндан олдин нимага ёмон ният қилади?»..

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгаши йиғилишининг эртаси куни у яна қўнғироқ қилди. «Кўрдингизми, эшитдингизми?» деб сўроққа тутди. Кейин куйиниб айтди:

— Қаранг, Президентдек одам, миллион-миллион ишидан ортиб, вақт топиб, бизнинг бола-чақамиз саломатлигини, бахтини ўйлаб, жон куйдириб гапираяпти, ғамхўрлик қилаяпти. Лекин очиғини айтай, одамлар орасида кўриб-билиб юрибмиз, ота-оналарнинг кўпчилиги ўз боласи ҳақида шунчалик куйинмайди... Менга қолса, бутун маҳаллаларда ота-оналарни йиғиб, шу гапларни қайта-қайта эшиттириш керак, тушунтириш керак...

Унинг узуқ-юлуқ, аччиқ-чучук, лекин самимий гаплари Болалар спортини ривожлантириш жам­ғармаси Ҳомийлик кенгаши йиғилишида билдирилган фикрлар одамларни тўлқинлантириб, спортнинг аҳамияти ҳақида янада чуқурроқ ўйлашга даъват этаётганини билдиради.

Аввало шуни айтиш керакки, болалар спорти, умуман спорт соҳасида бугун фахр-ифтихор билан эътироф этилаётган ютуқларга осонликча эришилмади, кўп меҳнат қилинди, кўп маблағ сарф­ланди. Аммо энг оғир, мураккаб ишлардан бири ота-оналар, катта-кичик раҳбарлар онгида спортга муносабатни ўзгартириш бўлди, спортнинг инсон ҳаётидаги, мамлакат тараққиётидаги ­бебаҳо аҳамиятига уларни ишон­тириш бўлди.

Яқин ўтмишда ҳам катта-кичик йиғилишларда спортни оммавийлаштириш ҳақида баландпарвоз нутқлар бўларди. Аммо гап бошқа, иш бошқа эди. Ўша замонларни кўрганлар яхши билишади, кўпчилик раҳбарлар спортнинг фойдаси тўғрисида маъруза қиларди-ю, аслида айтаётган гапига ўзи ҳам ишонмасди. Тўғриси, спортнинг фойдаси нимадан иборатлигини аниқ билишмасди, тасаввур ҳам қилишолмасди. Спорт билан шуғулланишни эса ўзларига эп кўришмасди. Раҳбар одам эрталаб туриб югурса, футбол ёки теннис ўйнаса, обрўси тушиб кетадигандек туюларди уларга.

1996 йилда Президент ташаббуси билан илгари ҳеч кузатилмаган, хаёлга ҳам келмаган бир мусобақа ташкил этилди. Теннис бўйича ўтказилган, «Ҳавас кубоги» деб номланган бу турнирда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимлар иштирок этди. Бу чора-тадбирнинг бош мақсади, аввало, эртаю кеч хонада ишлаб ўтирадиган, жисмоний ҳаракати кам бўлган раҳбарлар соғлиғини мустаҳкамлаш бўлса, иккинчидан, спорт жисмоний куч берадиган, киши руҳини тетиклаштирадиган восита эканини, улар шахсан ҳис этиши, бунга ишонч ҳосил қилиши учун яратилган имконият эди. Яна бир муҳим жиҳати, раҳбар одамнинг, хусусан, вазирлар ва ҳокимлар халқ­нинг кўз ўнгида теннис ёки футбол ўйнаши ўта муҳим ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимизда болалар спорти, умуман, спортни ривожлантириш ҳақида гап кетса, давлатимизнинг биринчи ордени «Соғлом авлод учун» ордени экани, Соғлом авлод фонди ташкил этилгани, Жисмоний тарбия ва спорт ҳақида қонун қабул қилингани, «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», Универсиада деб номланган уч бос­қичли спорт ўйинлари ташкил этилгани қайта-қайта таъкидланиб келинади.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида давлатимиз раҳбари спортнинг нафақат ёшлар жисмоний баркамоллиги, балки маънавий, ахлоқий тарбияси, шахс сифатида шаклланиши, миллат ва мамлакат тақдиридаги бебаҳо аҳамияти ҳақида кўпроқ тўхталди. Спорт — бу жисмоний тарбия деган тор доирадаги қарашларни ўзгартирадиган, спортнинг хосиятлари, қудратини тўғри баҳолашга ўргатадиган фикрлар билдирилди.

Жамоатчилик эътибори спорт соғлом турмуш тарзини шакллантириш, болаларимизнинг иродасини тоблаш, мард ва жасур этиб тарбиялашда муҳим омил эканига қаратилди. Спорт болаларни ёвуз мақсадли ғоялардан, зарарли оқимлардан асраши таъкидланди.

Президент нутқида яна бир масалага урғу берилди. Биринчидан, мустақилликдан илгари юртимизда спорт билан оммавий шуғулланиш учун шароит деярли йўқ эди. Ҳозирги спорт саройлари, замонавий сузиш ҳавзалари, теннис кортлари етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган эди. Бунинг устига оғир меҳнатни қилиб, оғир шароитда кун кечирган, тўйиб овқат емаган, сифатли тиббий-хизмат нималигини билмаган халқимиз саломатлигига катта зиён етган эди. Президентимизнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китобида келтирилган мисоллардан айримларига эътибор қаратайлик: «Ўзбекистон аҳолиси ўрта ҳисобда гўшт маҳсулотларини, сут ва сут маҳсулотларини, тухумни, умуман мамлакат аҳолисига нисбатан икки баравар кам истеъмол қилмоқда».

Энди ўйлаб кўрайлик, яшаш учун оддий шароит нари турсин, узоқ йиллар давомида қорни тўйиб овқат емаган, қора меҳнатдан боши чиқмаган, тинка-мадори қуриб, ярим қулликда кун кечирган миллатнинг саломатлиги нима бўларди?

Китобда яна шундай маълумотлар келтирилади: «Ижтимоий инфраструктура тармоқлари: соғ­лиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача таълим муассасалари жуда оғир аҳволга тушиб қолган. Мактаб ва касалхоналарнинг 60 фоизи нобоп биноларда жойлаштирилганини айтишнинг ўзи кифоя. Жуда ўткир иқтисодий ва ижтимоий муаммолар рўйхатини яна давом эттириш мумкин».

Шу ўринда халқимиз соғлиғини емирган яна бир аянчли мисол ёдга тушади. Ҳар йили кузнинг бошида ғўза баргини сунъий тўкдириш мақсадида минг-минг гектар пахта майдонларига заҳарли химикатлар сепиларди. Бу заҳриқотил ҳовузлар, ариқлар, боғ-роғлар устига ёмғирдек ёғдириларди. Бундай пайтда киши нафас олишга қийналар, кўнгил беҳузур бўларди. Ана шундай шароитда ҳомиладор аёллар, чақалоқлар, болалар ҳоли не кечганлигини тасаввур қилиб кўрайлик. Ўпка, нафас йўллари, жигар каби инсоннинг муҳим аъзолари шикастланар эди. Болалар ўртасида касалликлар ниҳоятда кўпайиб, оналар ва болалар ўлими бўйича Ўзбекистон собиқ Иттифоқда энг олдинги ўринга чиққанди.

Республикамиз раҳбари Ўзбекис­тон ССР Олий Советининг 1990 йил 20 июнда бўлиб ўтган иккинчи сессиясида ташвиш билан шундай деган эди: «Миллатнинг зурриёд фондини, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ҳалокатдан сақлаб қолиш учун кенг кўламдаги тадбирларнинг катта комплексини амалга ошириш керак бўлади. Муаммо аллақачон вилоятлар доирасидан чиқиб, умумдавлат даражасига кўтарилди».

Миллат саломатлигини мустаҳкамлашнинг катта комплекси катта йўналишларидан бири — бу спортни ривожлантириш эди.

Бундай қарорга келишимизнинг яна бир муҳим сабабини четлаб ўтиб бўлмайди. Юртимиз мустақилликка эришгач, биз ҳуқуқий демократик давлат, одил фуқаролик жамияти қуришни, ривожланган мамлакатлар қаторидан тезроқ жой олишни, Ўзбекис­тоннинг буюк келажагини яратишни асосий мақсад қилиб белгиладик. Президент бутун вазиятни ҳисобга олиб, келажакни ўйлаб, улуғ ғояни илгари сурди: «Соғлом халқ, соғлом миллат буюк ишларга қодир бўлади!».

Бу сўзлар айни ҳақиқат эди. ­Соғлом киши катта орзу ҳаваслар билан яшайди, ўз мақсади йўлида завқ-шавқ билан дадил меҳнат қилади. Касалманд одам эса дарду ташвишга ўралашиб қолади, кўнгли ёришмайди, ғайрати, руҳи сўнади, руҳи сўнган одамда курашишга иштиёқ бўлмайди.

Спортни ривожлантириш биз учун нимага бунчалик зарур бўлганинг яна бир сабаби бор. Истиқлолга эришгач, Ватанимизни, мустақиллигимизни ўзимиз ҳимоя қилишдек ўта муҳим, айтиш мумкинки, ҳаёт-мамот вазифаси турарди. Бунинг учун эса миллий армиямизни, ҳа, айнан миллий армиямизни зудлик билан тузишимиз керак эди. Миллий армияни мустаҳкамлаш учун эса биринчи навбатда соғлом, забардаст, довюрак, иродаси мус­таҳкам, ҳар қандай синовни мардона енгиб ўтадиган аскарлар ва офицерлар зарур эди.

Шунинг учун ҳам спортни ривожлантириш, хусусан, болалар спортини ривожлантириш ўта муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлиб, узоқни ўйлаб, келажакни кўзлаб ишлаб чиқилган режа эканини англаб олишимиз керак бўлади.

Спорт нафақат жисмоний баркамоллик ёки саломатлик гарови, балки маънавий, маданий, ахлоқий тарбия экани, ёшларни тартиб-интизомга ўргатадиган, матонат ва жасоратдан сабоқ берадиган, ҳаёт синовларини дадил енгиб ўтишга тайёрлайдиган муҳим воситадир. Кишига ўз шаъни, жамоа шаъни, Ватан шаънини мардона ҳимоя қилишни ўргатадиган ўзига хос дорилфунундир.

Спорт инсонга, ҳар бир миллатга олам-олам ҳаяжон, қувонч, бахт ҳадя этадиган мўъжизадир. Унинг бу хосиятларини бошқа бирор соҳадан топиб бўлмайди.

Спортчларимиз халқаро мусобақаларда ғолиб чиқиб, шоҳсупага кўтарилганда, давлатимиз мад­ҳияси янграб, байроғи мағрур ҳилпираб турганида бутун халқимиз, Ўзбекистонимиз бир тан, бир жон бўлиб шоҳсупага кўтарилади... Спорт миллатни бирлаштирадиган, унга шижоат, куч-қувват, ғурур бағишлайдиган қудратли кучдир.

Шуни ҳам айтиш керакки, ҳар бир спортчи халқаро майдонда ўз маҳорати, мардлигини намо­­­йиш этар экан, аввало, ўзини, ­Ватанини, миллатини дунёга танитади, ўз юрти, халқи ҳақида ­тасаввур уйғотади. Мамлакатнинг, миллатнинг номини улуғлайди, шаънини кўкка кўтаради. Шунинг учун ҳам ­Президентимиз доим таъкидлаб келади: Спорт саломатликни мустаҳкамлаш билан бирга, ҳар қайси мамлакат, ҳар қайси давлатни оламга машҳур қиладиган беқиёс воситадир.

Спортнинг жамики хосиятларини санаб бераман, деган ҳар қандай билағон саноғидан адашиб кетиши аниқ. Бошқача айтганда, ҳар қанча кўп бўлмасин, спортга сарф қилинаётган харажатлар миқдорини ҳисоб-китоб қилиш мумкин, аммо спортдан инсонга, жамиятга, давлатга келадиган фойданинг миқдорини ҳисоблаб чиқишнинг имкони йўқ.

Масалага ана шу ҳақиқатдан келиб чиқиб ёндошадиган бўлсак, юртимизда спортни, айниқса, болалар спортини кенг кўламда ривожлантиришга қарор қилингани, бу мақсад йўлида амалга ошираётган ишларимиз қанчалик тўғри, муҳим ва ҳаётийлиги яна бир бор ўз тасдиғини топади.

Бугун эришилган ютуқлар ҳақида гап кетса, қай бирини айтишни, санашни билмай шошилиб қоляпмиз. Бунёд этилган спорт иншоотларининг таърифи ва тавсифи бир достонга сиғмайди. Халқаро мусобақаларда қўлга киритилган олтин, кумуш, бронза медалларининг саноғи йўқ. Бундан ўн йил илгари юртимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 30 фоизи спорт билан доимий шуғулланган бўлса, 2015 йилда бу рақам 57,2 фоизни ташкил этди. 2005 йилда қиз болаларнинг 24 фоизи, жумладан, қишлоқ жойларида 22 фоизи спорт билан доимий шуғулланган бўлса, бугунга келиб, бу кўрсаткич 47 ва 44,7 фоизга ўсди.

Бу оммавийлик биринчи нав­батда болалар саломатлигини мус­таҳкамламоқда, ўз навбатида иқтидорли ёшларни ҳам кашф этмоқда. Ёши улуғроқ одамлар яхши билишади, совет замонида аҳён-аёҳнда ўзбек қизларининг номи дунё мусобақаларида эшитилиб қоларди. Қишлоқ қизларини эса халқаро мусобақаларда кўриш ­хаёлимизга ҳам келмасди. Бугун эса қизларимиз бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, акробатика, дзюдо, сузиш, таэквондо, каратэ, эшкак эшиш каби спорт турлари бўйича Осиё ва Жаҳон чемпионатларида кучлилар сафидан жой олиб келишмоқда. Улар орасида қишлоқ қизлари тобора кўпайиб бормоқда, миллион-миллион болалар уларга ҳавас қилиб, спорт мактабларига келмоқда. Бу жуда катта ҳаракат бошланганини билдиради. Бу жараён тобора чуқурлашиб боради ва ўзининг бебаҳо мевасини беради, албатта.

Болалар спортини ривожлантиришнинг аҳамияти шунчалик баландлигини англаб етишнинг ўзи бу борадаги ишларимизни янада кучайтиришга бизни даъват этади. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳо­мийлик кенгашининг йиғилишида бу ишларни янги босқичга кўтариш бўйича навбатдаги вазифалар белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, болалар спортини янада ривожлантириш учун ҳали кўп имкониятларга эгамиз. Масалан, ҳеч кимга сир эмас, ҳеч бир маҳалла ёки қишлоқ йўқки, болалари спортга қизиқмаган бўлсин. Бироқ, ҳар бир ота-онанинг ҳам боласини спорт мактабига етаклаб олиб боришга вақти бўлмаслиги мумкин. Боланинг ўзини юборишга эса транспорт хавфсизлигини ўйлаб, юраги дов бермайди. Бунинг устига кам таъминланган оилалар фарзандлари бор... Шу боис, ҳар бир маҳаллада, қиш­лоқда оддий спорт майдончаларини барпо этишга эътиборни янада ку­чай­тириш зарурга ўхшайди. Бу ­борада Тошкент шаҳри тажрибасини, яъни бўш ётган жойларда сунъий қопламали футбол майдончалари ва болалар ўйин майдончаларини барпо этиш ишларини вилоятларда, энг чекка қишлоқларда ҳам кенг қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.

Иккинчидан, ҳар бир маҳалла ва қишлоқда анъанавий спорт мусобақаларини йўлга қўйиш, бу ишларни ўша жойда яшовчи жисмоний тарбия ўқитувчилари ва фахрий спортчиларни жалб этиш орқали амалга ошириш мумкин.

Болалар спортини ривожлантиришнинг яна бир муҳим жиҳати ҳақида ўйлаб кўриш керакка ўхшайди. Маълумки, фуқаролар йиғинларига тобора катта ҳуқуқ, ваколат ва имкониятлар берилмоқда. Ҳозир кам таъминланган оилаларни ҳимоя қилишдан тортиб, маърифий, диний ишлару, аразлашиб қолган эр-хотинни яраштириб қўядиган масъулларгача, маҳалла посбонигача бор. Аммо болалар спорти билан ким шуғулланади? Бу масала энг асосий вазифалардан эмасми? Ҳозир жамиятни ташвишга солаётган кўпдан-кўп муаммолар илдизи айнан болалар ва ёшлар тарбияси билан боғлиқлиги аёнку.

Энг нозик ва муҳим масала болаларнинг дарсдан бўш вақтини ташкил этиш, уларни назоратсиз қолдирмаслик ҳисобланади. Спортнинг беқиёс аҳамиятини ҳисобга олиб, фуқаролар йиғинлари қошида болалар спорти йўриқчиси ёки мураббийи штати ташкил этиш масаласи устида фикр юритиб кўрилса, бу таклифни эҳтимол кўпчилик қўллаб-қувватлар.

Бу ҳақда гап кетганда, кимдир маблағни рўкач қилиши мумкин. Тўғри, маблағ керак. Лекин ҳисоблаб кўрайлик, қанча маблағ керак бўлади?..

Энди масаланинг иккинчи томонига эътибор қаратайлик. Бир бола эгри йўлга кириб, жиноятчига айланса, уни қайта тарбиялаш учун давлат қанча маблағ сарфлайди? Ичкиликбозлик, гиёҳвандлик чангалига тушиб қолган болани даволаш учун қанча маблағ кетади?.. Ёки қайсидир бола ёвуз кучлар тузоғига илиниб, тузатиб бўлмас, кечириб бўлмас жиноятга қўл урса, ота-онанинг шўри қуримайдими, жамиятга, давлатга беҳисоб моддий, маънавий зиён етмайдими?..

Болалар спорти ҳақида гап кетганда, мактабгача таълим муассасалари тўғрисида камроқ гапирамиз, гўё бу соҳада ҳамма ишлар жойидагидек. Ёки жисмоний тарбия машғулотларининг ўзи етарли деб ҳисоблаймиз. Аввало ўйлаб кўрайлик, бугун болалар боғчаларининг неча фоизи жисмоний тарбия ёки спорт тарбиячиси билан таъминланган? Улардан қанчасида бу мутахассисликларга эҳтиёж бор? Спорт ёки мусиқа заллари зарур инвентарлар билан тўла жиҳозланганми?.. Бугунги талабдан келиб чиқиб, масалага ёндошадиган бўлсак, болалар боғчаларида жисмоний тарбия ва спортни замонга мос даражада йўлга қўйиш лозимлигини англаймиз. Айрим мутахассислар фикрича, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида, албатта Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги иштирокида, ушбу масалани қайта кўриб чиқиб, болаларга мос спорт ўйинларининг мукаммал дастурини тайёрлаш керак бўлади.

Болалар спортини ривожлантириш кўп жиҳатдан ота-оналарга ҳам боғлиқлигини унутмаслик керак. Улар дори-дармонга, касалхонага сарфлайдиган маблағини, вақтини спортга сарф­лашни ўрганишса, ташвишлари камроқ, қувончлари кўпроқ бўлиши табиий. Фарзанди соғлом, баркамол, мард, жасур бўлиб вояга етса, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилса, халқнинг, Ватаннинг олқишига сазовор бўлса, ота-она бахт деган энг юксак шоҳсупага кўтарилади.

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.