12.03.2016

Халқаро танлов ғолиблари тақдирланди

Жорий йилнинг 1-6 март кунлари Кипрнинг Протарас шаҳрида математика фани бўйича “SEEMOUS” ўнинчи халқаро олимпиадаси ўтказилди. Унда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси иккита олтин медални қўлга киритди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда университет ректори Ш.Сирожиддинов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол улғайиши, замонавий таълим-тарбия олиши ва ўз истеъдодини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилаётганини таъкидлади. “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида замон талабларига тўла мос келадиган миллий таълим тизими яратилди.

Мамлакатимизда фан-таълим изчил ривожланмоқда. Замонавий билим масканларида жаҳон стандартлари асосида таълим-тарбия олаётган ёшларимиз халқаро миқёсда ташкил этилаётган нуфузли танловлар, фан олимпиадалари, мусобақа ва фестивалларда муваффақиятли иштирок этиб, юксак интеллектуал салоҳияти, кенг тафаккури ва зеҳни билан дунё аҳли ҳавасини уйғотмоқда. Кипрда бўлиб ўтган халқаро олимпиадада Ўзбекистон ёшлари муваффақиятли қатнашгани ҳам бунинг ёрқин исботидир.

Кипр таълим ва маданият вазирлиги, математика жамияти ҳамда Жануби-Шарқий Европа математика жамияти томонидан ташкил этилган мазкур интеллектуал беллашувда йигирмадан ортиқ мамлакатдан 43 университет жамоасининг 150 дан зиёд иқтидорли талабалари иштирок этди.

Танловда Ўзбекистон Миллий университетининг механика-математика факультети 2-курс талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Иброҳимов биттадан олтин медаль, Мирмуҳсин Маҳмудов махсус диплом билан тақдирланди.

– Математика фанига болалигимдан қизиқаман, – деди Ш.Иброҳимов. – Халқаро мусобақада Ватанимиз шон-шуҳратини намойиш этганимиз озод ва обод Ўзбекистонда биз, ёшлар учун яратилган чексиз имкониятлардан баҳраманд бўлиб вояга етаётганимиз ифодасидир. Давлатимиз раҳбарининг ёш авлод камолотига қаратаётган юксак эътибори, таълим олишимиз учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар илм-фанга меҳримизни янада оширмоқда, жаҳонда мамлакатимизнинг шарафини мустаҳкам ҳимоя қилишимизга асос бўлмоқда. Ватанимизнинг илм-фан соҳасидаги мавқеини янада юксалтиришга ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман. Ўзбекистондек осмони мусаффо, фаровон мамлакат фарзанди эканимдан фахрланаман.

Тадбирда ғолиб ва совриндорларга дипломлар топширилди.

Нодира Манзурова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА


DB query error.
Please try later.