12.03.2016

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этишга ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиясининг кенгайтирилган мажлиси тў

2016 йилнинг 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этишга ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиясининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда белгиланган сайловни ташкил этиш ва ўтказишга доир долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев бошқарди.

Мажлисда сенаторлар, Сенат Кенгаши комиссияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси раҳбарлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика Маънавият тарғибот маркази вакиллари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг жорий йил 5 мартдаги «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ҳамда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида ўтказиладиган ушбу сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнлари чуқурлашиб бораётган, сифат жиҳатидан янги ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий шароитда ўтказилаётган мазкур сайлов тадбир ташкилотчилари зиммасига катта масъулият юклайди.

Сайловни ташкил этишнинг дастлабки босқичида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сайлов ўтказиш борасида билим ва тажрибага, аҳоли орасида обрў ҳамда ҳурматга эга бўлган шахслар орасидан фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этишга ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияларини тузиш муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан фуқаролар йиғинининг, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек, халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгашининг депутатидан иборат таркибда ишчи гуруҳларни тузиш режалаштирилмоқда.

Сенат Кенгаши комиссияси аъзолари сайловни ташкилий-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан таъминлаш, уни ташкил этиш ва ўтказишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа манфаатдор давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари олдида турган устувор вазифаларни бажариш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кенг ёритиб бориш масалаларига эътибор қаратдилар.

Шу куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга бағишланган брифинг ташкил этилди.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари, Сенат Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этишга ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раисининг ўринбосари С.Ортиқова белгиланган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда фуқароларнинг сайловда иштирок этишга доир конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ рўёбга чиқарилиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиб бериш, сайлов жараёнидаги барча иштирокчиларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этишига эришиш, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар, уларнинг ахлоқий ҳамда ишлаш хусусиятлари билан таништириш энг муҳим вазифалар ҳисобланишига эътибор қаратди.

Ҳозирги вақтда Сенат Кенгаши комиссияси фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш жараёнининг қонунийлигини, очиқ-ошкоралигини таъминлаш, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини кенг тушунтириш, сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олди.

Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишнинг барча босқичлари очиқ-ошкоралигини таъминлаш мақсадида ҳудудларда сайловни ёритиб боришга масъул бўлган ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилиши ҳам таъкидланди.

Брифинг сўнгида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни тўғрисида ОАВ мунтазам равишда хабардор этиб борилиши маълум қилинди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати


DB query error.
Please try later.