Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
10.03.2016

АЁЛГА ЭЪТИБОР — КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Бутун мамлакатимиз миқёсида 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни катта хурсандчилик билан нишонланди. Азиз оналаримиз, дилбар аёлларимиз, меҳрибон опа-сингилларимизга яна бир бор чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Президентимизнинг Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган байрам табригида аёлларнинг оиладаги, жамият ҳаётидаги ўрни қанчалик беқиёслиги, мамлакатимизнинг бугунги тараққиётидаги улкан ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.

Ушбу табрикда билдирилган самимий фикрлар хотин-қизлар кўнглини тоғдек кўтариб, янада фаол ва масъулиятли бўлишга ундагани уларнинг дил сўзларидан яққол билиниб турибди.

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг байрам табригида аёлларнинг жамиятдаги ўрнига юксак баҳо берилди. Опа-сингилларимизнинг меҳнат ва турмуш шароитларини янада яхшилаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, фарзандларимиз, айниқса, қиз болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, ҳаётда муносиб ўрин олиши учун олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш лозимлиги таъкидланди.

Байрам табригида бугунги кунда юзлаб депутат аёлларимиз Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларда халқ вакиллари бўлиб фаолият кўрсатаётгани, давлат ва жамият бошқарувида, сиё­сий ва ижтимоий ҳаётимизда, фуқаролик институтлари ва нодавлат тузилмаларда қанчадан-қанча опа-сингилларимиз эл-юрт манфаати учун хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимидаги ташкилотларда ҳам кўп­лаб аёлларимиз пар­тия ғояларини кенг тарғиб этишда, Сайлов­олди дас­турида белгиланган вазифаларни бажаришда фаол иштирок этишмоқда. Бунинг учун барча ҳуқуқий асослар яратиб берилган.

Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жинси, миллати, диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқли экани, 46-моддасида эса эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги, 117-моддасида сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари кафолатланган.

Шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистон хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор халқаро шартнома ва конвенцияларни ратификация қилган.

Мамлакатимиз 1995 йили БМТнинг «Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенциясига қўшилган. Умуман олганда, ватанимиз тараққиётининг ўтган йиллари давомида аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга қаратилган 80 га яқин қонун ҳужжатлари кучга кирди, халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.

Бунинг натижасида табрикда таъкидланганидек, аёлларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни, ­фаоллиги ошиб бормоқда. Хусусан, таълим-тарбия, маданият ва илм-фан соҳаларида меҳнат қилаётган ходимларнинг 73 фоизини, соғлиқни сақлаш тизимида 75 фоизини, ишлаб чиқариш тармоқларида 42 фоизини, қишлоқ хўжалигида эса 43 фоизини айнан аёллар ташкил этаётгани бунинг ёрқин исботидир.

Дилором АБДУРАҲИМОВА, ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Аёл — миллат келажаги, ҳаёт давомчиси. Хотин-қизлар эъзозланган, қадрланган юртнинг бугуни ва эртаси фаровон бўлади. Аёл меҳнати билан жа­мият тўлақонли ривожланади, тараққий этади. Шунинг учун мамлакатимизда хотин-қизларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, уларнинг оғирини енгил қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Айтиш керакки, хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш масалалари Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида ҳам ўз аксини топган. Айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, касаначилик, оилавий тадбиркорликка кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оилалар мус­таҳкамлигини таъминлашга қаратилган ишларимизда партиямизнинг ҳар бир ташкилоти, депутатлар фаол иштирок этиши талаб этилади.

Президентимиз табригида ўтган йили касб-ҳунар коллежларини битирган 230 мингдан кўпроқ қиз ишга жойлаштирилгани, тадбиркорлик соҳасида ўз ишини бошлаётган 6 мингдан ортиқ ёш қизларга 51 миллиард сўмдан зиёд кредитлар ажратилгани алоҳида таъкидланди. Мана шу факт ва рақамларнинг ўзи ҳам аёлларимизга кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Албатта, аёлларга иззат-икром кўрсатиш, уларни ардоқлаш, оғирини енгил қилиш ишларига давлатимиз тобора катта аҳамият бермоқда. Бироқ аёллар манфаатини ҳимоя қилишни, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлашни ўз олдига мақсад қилган партиямиз бу масала ечимида янада фаолроқ бўлиши зарур. Шу боис биз табрикда билдирилган кўп фикрлардан ўзимизга тегишли хулосалар чиқариб олишимиз керак бўлади.

Ҳаётхон ОРТИҚБОЕВА, Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби:

— Аёлнинг фаоллиги, жамият олдидаги бош вазифаси оиладан бошланади, деб ўйлайман. ­Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган аёл, энг аввало, баркамол фарзандларни тарбия қилади. Ана шу олий бурч­ни шараф билан бажариш баробарида турли соҳаларда, хусусан, давлат ва жамиятни бошқариш ишларида ҳам муносиб иштирок этаётган хотин-қизларимиз меҳнати алоҳида эътирофга сазовор бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган байрам табригида жондан азиз фарзандларимизни дунё­да ҳеч кимдан кам бўлмайдиган инсонлар қилиб камол топтириш, аввало, қиз боланинг тақдири ҳақида ғамхўрлик қилиш, уни бамисоли жамиятимизнинг гулидек тарбиялаб, вояга етказиш, бўлажак оиланинг бахтли бекаси сифатида кўриш вазифаси, яна ва яна бир бор айтаман, барчамизнинг энг олий мақсадимиз бўлиши даркор, деган фикр­лари аёллар, оналаримиз қалбига, юрагига етиб борди, уларни тўлқинлантириб юборди.

Бугунги кунда хотин-қизларимиз Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини тараққий эттириш, шунингдек, партиямиз ғояларини кенг тар­ғиб қилиш, электоратимиз манфаатларини ҳимоялашда фаол иштирок этмоқда.

Табрикда юртимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш, ёшларимизнинг онги ва қалбини бизга ёт бўлган зарарли оқим ва таъсирлардан, «оммавий маданият» хуружларидан сақлаш, оилаларда, маҳаллаларда олиб бораётган тарбиявий ишларимизни янги бос­қичга кўтаришни бугун тобора кескинлашиб, мураккаблашиб бораётган ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб этаётгани таъкидланди. Бундан кўриниб турибдики, партиямизнинг «Фаол аёллар» қаноти зиммасида ҳам катта вазифалар турибди. Айниқса, аёлнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, хотин-қизлар учун янги иш ўринлари ташкил этиш, уларнинг манзилли ижтимоий ҳимоя­сини кучайтириш, сиё­сатчи аёллар сафини кенгайтириш масалаларига янада масъулият билан қарашимиз лозим.

 

Севара УБАЙДУЛЛАЕВА, Тошкент педиатрия тиббиёт институти илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди, Ўзбекистон ХДП фаоли:

— Президентимиз табригида оналар, қизларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида қилинаётган ишларнинг аҳамияти ва кўламига тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, кундалик ҳаётимизда энг муҳим эътибор қаратиш зарур бўлган йўналишлар ҳақида гапирганда, биринчи навбатда, тиббиёт масканлари, оилавий поли­­к­линикалар, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, акушер-гинекологлар, болалар шифокорларининг малакасини ошириш, она ва боланинг соғлиғидан мунтазам хабар олиб, уларга тегишли ёрдам кўрсатадиган патронаж ҳамширалар сонини кўпайтириш каби ўта долзарб масалалар бундан буён ҳам диққатимиз марказида бўлади.

Демак, бу вазифаларни адо этишда мен ҳам бир шифокор сифатида фаол иштирок этишим зарур. Шу билан бирга, Давлат дастурида партиямизнинг «Фаол аёллар» қаноти фаолиятига бевосита дахлдор вазифалар ҳам оз эмас. Жойларда партиямиз фаол аёлларининг ўрни ва ролини янада ошириш муҳим аҳамиятга эга, албатта. Чунки партиямизга аъзо хотин-қизлар орасида тиббиёт ходимлари кўпчиликни ташкил этади. Оилаларда соғлом турмуш тарзини тар­ғиб этиш, аёлларимизнинг тиббий маданиятини оширишда уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишимиз зарур.

Табрикда билдирилган юксак эҳтиром ва ишонч­га янада ғайрат билан меҳнат қилиб, ҳозиргидан ҳам катта ютуқларга эришиб жавоб қайтаришга мамлакатимиз аёлларининг кучи, салоҳияти етади, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.