10.03.2016

СЕССИЯ ҚАРОРИ АСОСИДА

электорат манфаатларига хизмат қиладиган муҳим ижтимоий масала ҳал этилмоқда

Наманганда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари электорат манфаатларига хизмат қиладиган ташаббуслар билан чиқмоқда.

Ўтган йили ЎзХДП гуруҳлари томонидан халқ депутатлари маҳаллий  Кенгашларининг сессияларига 10 масала киритилиб, муҳим қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, партия гуруҳлари йиғилишларида 40, доимий комиссиялар йиғилишларида 13 масала муҳокама қилиниб, тегишли таклифлар ишлаб чиқилган.

Хусусан, 2015 йилнинг декабрида ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан вилоят Кенгашининг сессиясида деҳқон бозорлари, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчаларида тўлов терминалларидан фойдаланиш ва пластик карточкалар орқали савдо қилишнинг аҳволи тўғрисидаги масала муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинган эди.

Шу ўринда савол туғилади. Хўш, сессия қарори асосида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Партия гуруҳи томонидан  киритилган масала бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясининг қарорига мувофиқ вилоятдаги банк муассасаларида ҳам  тизимли иш ташкил этилди, — дейди Марказий банк Наманган вилоят Бош бошқармаси бошлиғи Акмалхон Дадабоев. — Ҳозир вилоятда 10421 тўлов терминали, 119 инфокиоска ва 11 банкомат аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Муомалага чиқарилган бир миллиондан ортиқ  пластик карточкаларнинг 612 минг­тасини «on-line» режимида ишловчи «uzcard» ташкил этади. Вилоят бўйича фуқаролар пластик карточкаларидаги маблағларнинг ҳар ойда ўртача 8-10 миллиард сўми  тижорат банк бўлимлари томонидан нақд пул қилиб берилмоқда.

Республика Марказий банкининг 2016 йил 15 февралдаги  кўрсатма хатига асосан бозорлар ҳудудида фаолият юритаётган нақд пул тушумига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар хатловдан ўтказилиб, банкларда ҳисоб рақамлари очилди. 1284 савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаси тўлов терминали билан таъминланди.

Хатлов натижасига кўра, банкда ҳисоб рақами очган бўлса-да,  тўлов терминалига эга бўлмаган 472 субъектга белгиланган тартибда терминаллар берилди. 192 субъект давлат рўйхатидан ўтказилиб, ҳисоб рақами очилди ва уларнинг савдо ҳамда хизмат кўрсатиш вақтида тўлов терминалини доимий ишлатиши назоратга олинди.

Наманган шаҳридаги «Ихтисослаштирилган қурилиш савдо комплекси»да 50, «Чорсу» бозорида 22, «Сардоба»да 22, «Жаҳон бозори»да 28, «Дўстлик» буюм бозорида 35, Косонсой «Деҳқон бозори»да 27, Наманган туманидаги «Ғирвон» бозорида 22 патент асосида хизмат кўрсатаётган савдо шохобчасининг банкларда ҳисоб рақами очмагани аниқланган ва улар қайта рўйхатдан ўтказилган. Уларнинг келгусидаги фаолиятини тўғри ташкил этиш, ҳисоб рақами очиши учун вилоят пул кредит комиссиясига таҳлилий маълумот киритилган.

Тўлов терминалларидан фойдаланмайдиган аксарият субъектлар ўз ҳисоб рақамига эга бўлсада, терминал билан таъминлаш ҳақида мурожаат қилмаган. Айрим хўжалик юритувчи субъектларда эса тўлов терминаллари бўла туриб, турли баҳоналар билан уларни ишлатмай келаётгани тасдиқланди. Бундай ҳолатлар аҳолига ноқулайлик туғдириб келмоқда. Бунинг олдини олиш учун зарур чоралар кўрилмоқда.

— ЎзХДП гуруҳи томонидан кўтарилган масаланинг долзарблигидан келиб чиқиб, жойларда тушунтириш-тарғибот тадбирлари ташкил этяпмиз, — дейди Наманган вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Абдусамат Абдупаттаев. — Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вилоят бирлашмаси  билан ҳамкорликда ўтказилган семинарлар давомида аҳолининг плас­тик карточкадаги маблағларидан чекловларсиз фойдаланишини таъминлаш, тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашига эришиш  масалалари муҳокама этилмоқда.  Шунингдек,  харид қилинган суммага назорат касса чекини бериш шартлиги, бу борада қонунда белгиланган тартиб-қоидалар атрофлича тушунтирилмоқда.

ЎзХДП гуруҳи томонидан кўтарилган масаланинг яна бир аҳамиятли жиҳати, эндиликда нафақат деҳқон бозорлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида, балки жамоат транспортларида ҳам йўлкира ҳақини пластик карточкалар орқали тўлашни йўлга қўйиш бўйича дастлабки ҳаракатлар бошланди. Бунинг учун вилоят Марказий банк Бош бошқармаси томонидан Ўзбекис­тон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бўлимига хат юборилди. Дастлаб амалиёт «Наманган — Тошкент» йўналишидаги таксиларда йўлга қўйилмоқда.

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.