10.03.2016

ШҲТ ЭЗГУ МАҚСАДЛАР РЎЁБИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 21 январдаги Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги доирасидаги бош­қа тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда ушбу йирик анжуманни юқори савияда ўтказиш учун изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳозирги шиддат билан ўзгараётган замонда халқлар фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган нуфузли халқаро ташкилотдир. Мана, 15 йилдирки, ШҲТга аъзо давлатлар ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида самарали лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жаҳон ҳамжамияти эътиборини бутун дунёга таҳдид солиб турган халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик каби хавф-хатарларнинг олдини олишга даъват этаётир.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига учинчи маротаба раислик қилмоқда. Мамлакатимиз ушбу ташкилотга илк бор 2003-2004 йилларда раислик қилган. 2004 йил 17 июнда Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг саммитида ШҲТ фаолиятининг икки асосий йўналиши – хавфсизлик ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Президентимиз Ислом Каримов ушбу саммитда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятини янада такомиллаштириш, халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш, минтақадаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича юксак самарали ғоя ва таклифларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёдаги вазиятга баҳо берар экан, бутун дунёда хавф­сизлик ва барқарорликка таҳдид ва хавф-хатар ошиб бораёт­ган бир шароитда бу минтақа ўзининг геосиёсий ва геостратегик аҳамияти ҳамда бой табиий-иқтисодий, минерал-хомашё ва биринчи навбатда углеводород захиралари туфайли халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида бўлиб келаётганини таъкидлади. Афғонис­тондаги тикланиш жараёни билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратди.

ШҲТнинг Тошкентда ўтган саммитида Афғонистондаги вазият муҳокама этилган долзарб масалалардан бири бўлди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан мазкур анжуманга Афғонистоннинг ўша пайтдаги муваққат маъмурияти раҳбари Ҳамид Карзай меҳмон сифатида илк бор таклиф қилинди ва бу ташаббус кейинчалик анъанага айланди. Зеро, Афғонистон раҳбарининг бевосита муҳокама жараёнида иштирок этиши вазиятни тўғри баҳолаш ва ҳар томонлама мақбул қарорлар қабул қилишда муҳим аҳамият касб этди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 2004 йилги саммити доирасида пойтахтимизда ташкилотнинг доимий фаолият кўрсатувчи органи — Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитасининг очилгани ШҲТ фаолиятидаги муҳим тарихий воқеа бўлди. Унинг зиммасига ахборот алмашиш, махсус хизматларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, шу орқали террорчиликнинг олдини олиш, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига, оммавий қирғин қуроллари тарқ­алишига қарши биргаликда курашишни кучайтиришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, халқаро ва минтақавий хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олиш каби вазифалар юкланди.

Давлатимиз раҳбари мазкур тузилманинг муваффақиятли фаолият олиб боришининг энг муҳим шарти — бизнинг Марказий Осиё минтақаси ва бутун дунёдаги хавфсизлик ва барқарорликка қарши қаратилган хавф-хатар ва таҳдидларга умумий ва ягона ёндашув ва қарашимиз, деб таъкидлади. Унинг муваффақиятли ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича Ўзбекистон бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятларини ишга солишини қайд этди.

Президентимиз таъкидлаганидек, терроризмга қарши курашда қўпорувчиларни, уларнинг базаларини йўқотиш билан чекланиб, яъни таҳдидларга фақат куч билан жавоб бериш билан кифояланиб бўлмайди. Одамларнинг онгини заҳарлайдиган, терроризмни молиялаштирадиган марказларга қарши кескин курашиш керак. Бу кураш сиёсий, ижтимоий-иқтисодий мезонларни ҳам қамраши даркор. Саммитда давлатимиз раҳбари ана шу заруратни таъкидлар экан, террор ва наркобизнес учун «транзит давлат» тушунчасининг ўзи йўқлигини қайд этди.

ШҲТ доирасида аъзо мамлакатларнинг ташқи сиёсат маҳкамалари, иқтисодиёт ва савдо вазирликлари, хавфсизлик кенгашлари ўртасида мунтазам мулоқотлар ўтказилмоқда. 2004 йилги Тошкент саммити арафасида ҳам бу идоралар раҳбарларининг учрашувлари ташкил этилди. Бу ташкилотни ривожлантиришга, унинг доирасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга хизмат қилди.

Ҳар бир мамлакатнинг ва бутун минтақанинг манфаатларини инобатга олган ҳолда, коммуникация ва транспорт соҳаси, сув-энергетика ва хом­ашё захираларидан, инсоний салоҳиятдан оқилона фойдаланишга доир лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳаракатларни ўзаро келишиш ва мувофиқлаштириш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этаётир. Ислом Каримов таклифига биноан ШҲТ доирасида минтақага хорижий капитал ва инвестицияларни жалб этиш, шу мақсадда бу ҳудуддаги барча мамлакатлар учун умумий бўлган шарт ва қоидаларни шакллантиришга катта эътибор қаратилди. Бугунги кунга келиб ШҲТ саммитлари доирасида илгари сурилаётган барча таклиф ва ёндашувлар турли соҳаларда давлатлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, халқларимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Саммитда ҳамкорликда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, табиий, минерал хомашё захираларини ўзлаштириш, сув-энергетика захираларидан унумли фойдаланиш, экология, хусусан, ичимлик суви муаммоларини ҳал қилиш каби долзарб масалалар ҳам муҳокама этилди.

Мазкур омилларга катта эътибор қаратган Ўзбекистон Марказий Осиё ҳудуди орқали ўтадиган йирик транспорт-коммуникация лойиҳалари, транспорт йўлаклари ва йўналишлари борасида илгари сурилган ғоя ва таклифларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу ғоя ва таклифлар ШҲТга аъзо давлатлар билан Европа Иттифоқи, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ҳамкорликда иқтисодий дастур ва лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда. Ўзаро мулоқот ва учрашувларда эришилган келишувларнинг барчаси бугун амалда ўзининг юксак натижаларини бераётгани аҳамиятлидир.

Саммитда минтақамиз истиқболига доир муҳим ҳужжатлар қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. ШҲТнинг ваколатлари ва иммунитетлари тўғрисидаги конвенция, Наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги битим, ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи мақоми тўғрисидаги низом ҳамда ташкилот ва унинг органлари фаолиятига доир қатор бошқа ҳужжатлар имзоланди. Эътиборлиси шундаки, ушбу анжуманда илк маротаба Мўғулистон вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этишди. Бу ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлатлар билан амалий ҳамкорликнинг йўлга қўйилишидаги дастлабки қадам бўлди. Шунингдек, мазкур саммит халқ­аро терроризм ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш, аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги аниқ амалий натижаларга бой бўлгани ва ишчанлик руҳида ўтгани билан ШҲТ саҳифасидан алоҳида ўрин олди.

Мазкур ташкилот саммитларида қабул қилинган ҳужжатлар минтақамизда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарорликни таъминлаш, ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар, мулоқот бўйича шериклар билан маданий-гуманитар, илм-фан, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар ва транспорт коммуникациялари соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ташкилот фаолияти самарадорлигини муттасил оширишдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

 

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.