06.03.2016

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ: БУНЁДКОРЛИК РУҲИ

Истиқлол яратган чексиз имкониятлар боис Навоий вилоятининг шаҳар ва қишлоқлари кун сайин чирой очиб бормоқда. Буюк бобокалонимиз номидаги шаҳарнинг ўзи эса бугунги кунда росмана бунёдкорлик майдонига айланган. Ўзига хос меъморий услубда қад ростлаётган бир-биридан кўркам кўп қаватли уйлар, шифо масканлари, таълим муассасалари, спорт саройлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари унинг қиёфасини бутунлай ўзгартириб, замонавий шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.

Айниқса, саноат корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида, вилоятнинг саноати ривожланмоқда, иқтисодий салоҳияти янада ошиб, аҳоли турмуши фаровонлашмоқда. Ўтган 2015 йил якунига кўра, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9,0 триллион сўмни ёки 2014 йилга нисбатан 103,9 фоизни ташкил этди. Умумий қиймати 1,2 триллион сўмлик 53 йирик ишлаб чиқариш объекти қурилиб, ишга туширилди. Навоий кон-металлургия комбинатида 415,5 миллиард сўм миқдорида капитал маблағлар ҳисобидан 30 лойиҳа амалга оширилди.

 «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий ҳудудда қили­наётган ишлар алоҳида эътирофга лойиқ. Бу ерда автомобиллар учун стартёрлар, автомобиль саноати учун эмалланган мис симлар ҳамда кабель ўтказгичли янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Бу эса кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини берди.

— Бандлик пар­тиямиз зиммасидаги энг устувор масала, — дейди халқ ­де­пу­татлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП ­гуруҳи раҳбари Нормурод ­Исоқов. — Навоий ЭИИЗда ташкил этилган 20 дан ортиқ корхонада асосан ёшлар меҳнат қилмоқда, улар сони қарийб икки минг нафарни ташкил этади.

Вилоятда ижтимоий соҳа объектларини қуриш, мавжудларини қайта реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган йили Инвес­тиция дастури ­доирасида қиймати 85,4 миллиард сўмга тенг бўлган 96 ижтимоий соҳа объектида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. 18 умумий ўрта таълим мактаби, 4 академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, 6 болалар спорти объекти, 10 мактабгача таълим ҳамда бир қатор тиббиёт муассасалари фойдаланишга топширилди.

— Фарзандларимизнинг ўқимишли, ақлли, касб-ҳунарли бўлиши учун барча имконият яратилмоқда, — дейди меҳнат фахрийси Турсун Пўлатов. — Айниқса, замонавий лойиҳалар асосида қурилган ва жиҳозланган спорт иншоотлари болаларнинг жисмонан соғлом, иродали бўлиб вояга етишига хизмат қилмоқда. Иккита набирам қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди. Уларнинг қадди-қоматига, юриш-туришига қараб, тўғриси, ғурурланиб кетаман.

Навоий вилоятидаги бунёдкорликлар ҳақида гап кетса, намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уйлар алоҳида эътироф этилади. Ўтган йили 23 массивда 745 уй ўз эгаларига топширилди.

Аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга ҳам изчил эътибор қаратилиб келинмоқда. 2015 йилда умумий қиймати 15 миллиард сўмлик ёки 149 километрлик масофага сув қувурлари тортилиб, 56 қиш­лоқ тоза ичимлик суви билан таъминланди. Республика йўл жамғармаси ва маҳаллий ­бюджет маблағлари ҳисобидан 30 миллиард сўм сарфланиб, 59 километрлик умумфойдаланишдаги ҳамда ички йўллар таъмирдан чиқарилди.

Ушбу хайрли ишлар айни кунларда янада кўтаринки руҳ билан давом эттирилмоқда. Жорий йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастури доирасида умумий қиймати 1,1 триллион сўмлик 1645 лойиҳани амалга ошириш ва шу ҳисобдан 9,5 мингта янги иш ўрнини ташкил этиш мўлжалланмоқда. 35,9 мингдан зиёд иш ўрни эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ҳисобидан яратилади.

540 миллион долларлик 42 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳам кўзда тутилган. «Навоий» ЭИИЗдаги «Green Line Profil» ва «National Plast» қўшма корхоналарида алюминий ва поливинил­хлорид профиллар ишлаб ­чиқариш мажмуасининг ишга туширилиши илгари мамлакатимизга четдан олиб келинадиган ушбу маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш имконини беради.

Шунингдек, хитойлик ҳамкорлар билан ташкил этилган «Uzhonkong» корхонасида йилига 50 минг дона планшет, 60 минг дона ноутбук ва 100 минг дона телевизор ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Демак, бу маҳсулотлар билан аҳолини таъминлаш имконияти кенгаяди, ўзимизда ишлаб чиқарилгани учун нархи ҳам арзонлашади.

Соғлом она ва бола йилида 63,6 миллиард сўмлик 82 ижтимоий соҳа объектини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. 17 умумтаълим мактаби биноси бунёд этилади. Навоий шаҳридаги сил касалликлари диспансери битказилиб, шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда 250 қатновли оилавий поликлиника биноси қурилади.

Бир сўз билан айтганда, навоийликлар бунёдкорлик руҳи билан яшаб, мамлакатимиз равнақига, халқимизнинг фаровонлигига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Айни чоғда ўзларининг турмушлари тобора фаровонлашиб, ҳаётдан рози бўлиб яшашмоқда.

 

Илҳом САТТОРОВ,

 «Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.