06.03.2016

БАҲОР ВА БАХТ СИЗНИ ТАРК ЭТМАСИН

Мунаввара УСМОНОВА, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира:

— Аёл бу — меҳр-муҳаббат, аёл — гўзаллик ва нафосат тимсоли. Ватан, замин сўзларининг она сўзи билан пайваст айтилиши — аёлнинг улуғлигидандир. Мавлоно Румий айтганларидек, «Ҳар бир зот онасига мурувват кўрсатиб, эҳтиромли бўлиши зарур, зеро она ­Худонинг марҳаматидан баҳрадордир».

Ҳар бир аёл гўзал, ўзича тароватли, лекин суюкли аёлдан кўра бахтиёрроқ, гўзалроқ, шодумонроқ аёл бўлмаса керак ­дунёда. Яратган ҳар бир қизга, аёлга ўзига хос латофат, меҳр ато этган.

Шарқ тафаккур хазинасида шундай битиклар бор: «Агар эркакка таълим-тарбия берсанг, бир кишини тарбия қилган бўласан, аёлга таълим-тарбия берсанг, бутун миллатни тарбиялаган бўласан».

Биз оилада кўпчилик эдик. Аммо шунча фарзандни дунёга келтириб, тарбия қилиб улғайтирган онамнинг «чарчадим», деган сўзини эшитмаганмиз. Тунлари бешикда ётган укамга алла айтиб, кашта, камалакранг сўзаналар тикардилар. Тонгда кўзимизни очсак, саватни тўлдириб иссиқ нон ёпиб қўйган онамнинг сўзларида миннат, кўзларида ҳорғинлик йўқ эди.

Бир куни онам буюрган ­юмушини бажармаган акамни қаттиқ койидилар. Ке­йин қилган ишидан пушаймон, бош эгиб ўтирган акамнинг елкасини силаб, «Ишламаган тишламайди болам, мен сизларни бекорга уришмайман, ёмон йўлдан қайтариш, тўғри йўлни топиб олишларингиз учун куйинаман. Қара, ўтган йилги лола аёз билан олишиб, тухумидан яна униб чиқяпти, кўм-кўк тут баргини еб, оғзидан ипак қилиб чиқаргунча, қурт неча ўлиб-тирилишини биласанми?», деганлари ёдимда. Энди ақлимни таниб, ўқиб, изланган чоғим, онам ҳазрат Навоий ҳикматларини билар эканлар-да, деб ўйланиб қоламан.

Биз аёлнинг аёллигини ўлчамоқчи, баҳоламоқчи бўлсак, тарозининг иккинчи палласига вафо-садоқатни қўямиз. Бу момомерос ибора...

Ахир, Иккинчи жаҳон урушида чимилдиқда қолган қанчалаб келинчаклар жанггоҳлардан келган «қора хат»ларга ҳам ишонмай, бир умр уч кунлик, беш кунлик, бир ҳафталик ёстиқдошларини кутиб, сарғайиб яшаганларини биламиз-ку!

Мен туғилиб ўсган жойга яқин бир қишлоқда Ҳалимахон ая яшарди. Кўп суҳбатлашганман. Турмуш қуриб, уч кунгина яшаган. Умр йўлдоши фронтга кетадиган куни ҳовли саҳнида гуркираб бўй чўзиб турган ўрик дарахтига катта мих қоқиб, «агар Худо бизга фарзанд берса, беланчак боғини мана шу михга илинглар. Юрт тупроғидан насибам узилмаган бўлса қайтаман, қайтмасам, умримнинг қолганини сизларга берсин», дея хайр­лашган экан. Орадан кўп ўтмай, «қора хат» келибди. Ҳомиладор келинчак бева бўлиб қолибди.

Ўша қоқилган михга уч авлод беланчаги илинди. Насиба узилгани билан насл давом этди. Йигирма ёшида бева бўлиб қолган аёл вафодан висол излаб, бардошдан бахт, сабрдан саодат топди. Онахон билан бир галги суҳбатимизда: «Яқин кишиси оламдан ўтган одам куйганида, тупроғига бориб бошини уради, йиғлайди, дардини айтиб, юрагини тўкади. Аммо ўша совуқ тупроғи ҳам бўлмаса, ўлганига ишонмас экансан. Шунча йилдан бери ҳар тонг эшикдан кириб келадигандай йўл қарайман...», дегандилар.

Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги «Чувалачи» маҳалласида истиқомат қилаётган, 111 баҳорни қарши олган Маҳбуба Ҳамидова билан суҳбат чоғи: «Бир асрдан ортиқ умр кўришингизнинг боиси нимада?», деб сўрадим. «Вой барака топкур болаларим-эй-й, деди у — тўқсонни қоралаганимда, юрт мустақил бўлди, тонгдан тунгача шукрона айтиб, яратгандан кун сўрайман. Ҳар синовига кўниб, неки ёзмиш бўлса, елкамизни тутиб, сабрдан девор кўтариб, тоқатдан том ёпганимиз учун берган мукофоти бўлса керак, деб, «Шуҳрат» медалини кўксимга тақиб, қувониб яшаяпман-да, болам!».

Япониялик таниқли олим, ёзувчи, саёҳатчи Акио Каватонинг журналистларга берган интервьюсини ўқидим. «Ўшa маҳаллар халқ ўзини вақтинча еб-ичишдан, кийиниш, кўнгил очишдан, саёҳатдан ҳам чеклаган. Бир сўз билан айтганда, миллат Японияни тиклаш, оёққа турғазиш йўлида бирлашди», — дейди у Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги йилларини хотирлаб.

Бундай фидокорлик бизга бегонами? Йўқ асло! Фашизмга қарши жанг бораётган пайтда момоларимиз қўл қовуштириб ўтирмаган, далага чиқиб меҳнат қилган, ҳатто сандиғидаги мерос зеб-зийнатгача «Ғалаба учун», деб бериб юборган. Пахтали нимчасини жангдаги эр йигитларга тортиқ қилиб, ўзи бўз кўйлакда, бир тишлам зоғорага зор қолган пайтларида ҳам бола тарбия қилган.

Бугун давр ўзгача, қарашларимиз ўтли, қадамларимиз дадил, юрагимизда умид ва фахр. Президентдан рағбат, ҳукуматдан мадад кўраётган аёллар бугун депутат, сенатор, маданият ва фан арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони...

Муҳтарам опа-сингиллар! Нафосат ва гўзаллик байрами — Халқаро хотин-қизлар куни муборак бўлсин! Баҳорингиз бахт олиб келсин, бахтингиз йўллари мунаввар бўлсин!



DB query error.
Please try later.