Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
06.03.2016

ЎЗХДПНИНГ ЭНГ ФАОЛ АЁЛЛАРИ

Пойтахтимиз Тошкентда «Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг фаол аёли» кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Икки кун давом этган кўрик-танлов иштирокчилари дастлаб Мустақиллик майдонидаги Бахтиёр она ҳайкали пойига гуллар қўйишди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракцияси аъзолари билан учрашиб, парламент фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёни билан танишишди.

Пойтахтимиздаги Халқаро савдо марказининг конференц-залига кириб борганимизда, юзидан нур ёғилиб турган онахон эътиборимизни тортди. Чунки залда йиғилганларнинг аксарияти ёш йигит-қизлар, ўрта ёшли аёллар эди.

— Онажон, байрамингиз муборак. Танловда кимнидир қўллаб-қувватлашга келган кўринасиз?

— Раҳмат, болажоним. Ҳа, Навоийдан келдим. Қизим Раъно бугун мана шундай чиройли тадбирда, нуфузли кўрик-танловда қатнашяпти. Унга далда бўлгани қудам билан бирга келдик. Кеча Алишер Навоий кутубхонасида бўлдик. Қизимнинг танловда иштироки бир қувонч бўлса, бундай кошоналарни, ҳашаматли биноларни томоша қилиб, олган таассуротларим минг қувонч бўлди. Тантанали безатилган саҳналарни кўриб, ўзим ҳам ҳаяжонланиб ўтирибман, болажоним. Қизимни дуо қиляпман.

Ҳақиқатан ҳам, залда йиғилганларнинг кўпчилиги Робия Мавлонова каби ҳаяжонда. Бугун ЎзХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори томонидан ташкил этилган «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари аниқланади.

Танлов бошланишидан аввал ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов хотин-қизларни баҳор айёми билан самимий қутлади. Эзгу тилаклар билдирди:

— Мана, бугун сизлар билан яшариш ва янгиланиш айёми бўлган баҳор фаслининг дастлабки кунларида, юртимизда Халқаро хотин-қизлар кунини кенг нишонлашга катта тайёргарлик кўрилаётган шукуҳли онларда учрашиб турибмиз. Барчангизга байрам муборак бўлсин, азиз опа-сингиллар!

Маълумки, мустақиллик йилларида Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда уларнинг фаол иштироки таъминланмоқда, аёлларимиз, оналаримиз ҳаётда муносиб яшашлари учун зарур бўлган шарт-шароит яратилмоқда.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи аввало Конституция ва қонунларимизда мустаҳкамланди. Қатор имтиёз ва имкониятлар яратилди. Айниқса, сайлов тўғрисидаги қонунчиликда сиёсий партиялардан депутатликка кўрсатиладиган номзодлар орасида хотин-қизлар 30 фоиздан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилгани уларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Яратилган имкониятлар натижасида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий Кенгашларда хотин-қизлар сони ва ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. Халқ демократик партияси мисолида айтадиган бўлсак, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 5 нафар, маҳаллий Кенгашларда 400 нафарга яқин депутат аёл партия­миз электорати манфаатларини ҳимоя қилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоларининг 192 мингдан зиёди, яъни 48 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Улардан 300 нафардан ортиғи минтақавий ва маҳаллий партия ташкилотларида турли лавозимларда фаолият юритади. Жумладан, партиямизнинг Наманган, Бухоро, Жиззах, Фарғона вилоят кенгашлари, 50 га яқин туман, шаҳар кенгашлари ҳамда 3600 дан ортиқ бошланғич партия ташкилотларига хотин-қизлар раҳбарлик қилади. Шу рақамларнинг ўзиёқ мамлакатимиз сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни ва фаоллиги тобора ошиб бораётганини яққол кўрсатади.

Соғлом она ва бола йили муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш билан боғлиқ кенг кўламли вазифалар белгиланди.

Бугунги тадбирдан кўзлаган асосий мақсадимиз ҳам мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат, байрамона кўтаринкиликка ҳам­оҳанг бўлиш, ЎзХДПнинг энг фаол аёлини аниқлаш, фидойи аёлларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишдан иборат.

Шундан сўнг партия етакчиси барча қатнашчиларга омад тилади.

Бир-биридан лобар иштирокчилар бирин-кетин саҳнага чиқиб келишди. Лойиҳа тақдимоти шарти бошланди. Шу ўринда, газетхонларга танловнинг биринчи куни ўтказилган шартлар ва иштирокчилар чиқишлари ҳақида маълумот берсак.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бос­қичларида ғолиб бўлган 14 нафар иштирокчи Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасининг катта мажлислар залида «Қонунларимиз ҳаётимиз асосидир», «Сиёсий ҳозиржавоблик» шартлари бўйича беллашди.

Унда иштирокчилар нотиқлик санъати ва сиёсий-ҳуқуқий билимларини намойиш этишди.

«Қонунларимиз ҳаётимиз асосидир» шартида иштирокчилар партиямиз электорати манфаатларига дахлдор бўлган қонунлардан бирининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини нотиқлик асосида тушунтириб берди. Шу билан бирга, қонунларни партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини ҳам билдиришди.

Наманганлик иштирокчи Адиба Абдураҳмонова «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, самар­қандлик иштирокчи Гулшода Ўлмас­қулова «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, сирдарёлик иштирокчи Гулчирой Раҳмонова «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунларни, навоий­лик иштирокчи Раъно Кенжаева эса Оила кодексини батафсил ва тушунарли тарзда шарҳ­лаб берди. Уларнинг қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича билдирган таклифлари барчанинг эътиборини тортди.

 

— Ҳали-ҳануз давом этаётган жаҳон молиявий иқтисодий инқирози шароитида ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий дастурлар бар­қарор юқори иқтисодий ўсиш суръатларини, ижтимоий сиёсат самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда, — деди ўз чиқишида сурхондарёлик иштирокчи Шаҳло Қодирова. — Айниқса, аҳоли банд­лигини таъминлаш масаласига фуқаролар турмуш фаровонлигини оширишнинг муҳим омили сифатида эътибор қаратилмоқда. «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонун 1992 йил қабул қилинган эди. 1998 йилда ушбу қонунга қатор ўзгартишлар киритилди. Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатлари, аҳолини иш билан таъминлашни тартибга солиш, иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси, ишдан маҳрум бўлган чоғдаги ижтимоий кафолатлар ушбу қонунда акс эттирилган.

Қонуннинг 18-моддасида кўрсатилганидек, бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) бор-йўқлиги тўғрисидаги маълумотлар олдиндан (камида икки ой олдин) маҳаллий меҳнат органига тақдим этилиши лозим.

Қатнашчи таклифи: Бу ўринда «бўш иш жойлари» сўзлари олдида «фаолият юритаётган барча корхона ва ташкилотлар» деган жумла қўшилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Сабаби, қонундаги меъёрни кичик корхона-ташкилотлар ўзларига тааллуқли эмас, деб талқин қилиши мумкин. Менимча, бўш иш жойлар тўғрисидаги маълумотлар маҳаллий меҳнат органлари томонидан доимий равишда ўрганиб борилиши зарур.

 

«Сиёсий ҳозиржавоблик» шарти иштирокчилар учун ҳам, аудитория учун ҳам қизиқарли бўлди. Танлов қатнашчилари Конституциямиз, сиёсий партиялар фаолиятига оид қонун ҳужжатлари, Олий Мажлис палаталари ва партиямиз Сайловолди дастури, дунё тарихидаги маш­ҳур сиёсатчи аёллар ҳақидаги ранг-баранг саволларга жавоб беришди.

Қорақалпоғистонлик иштирокчи Ойша Матниёзова, жиззахлик Ҳалима Ниғматова, хоразмлик Рашида Султонова саволларга аниқ ва батафсил жавоб берди.

 

— Давлат ва жамият бошқарувини демократлаштиришда хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга, — дейди сирдарёлик иштирокчи Гулчирой Раҳмонова. Партия­мизнинг Сайловолди дастурида ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини кучайтириш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида муҳим вазифалар белгиланган. Партиямиз тизимида биринчи марта ўтказилаётган мазкур кўрик-танлов ана шу вазифалар ижросига хизмат қилади, деб ўйлайман.

«Сиёсий ҳозиржавоблик» шартида бунга яна бир бор амин бўлдим. Тайёргарлик жараёнида хотин-қизлар ҳуқуқларига оид кўплаб қонун ҳужжатларини чуқур ўргандим. Давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг ўрни ва ролини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишдим. Танлов бизга катта мактаб бўлди, десам, адашмайман.

 

Энди Халқаро савдо марказининг конференц-залига, «Лойиҳа тақдимоти» шартига қайтсак.

Шарт бошланди. Иштирокчилар бирин-кетин аудитория­ни ўз лойиҳалари мазмун-моҳияти билан таништирди.

 

— Сиз қандай лойиҳа тақдим этмоқчисиз? — сўраймиз андижонлик иштирокчи Мавлудахон Хўжаевадан.

— Менинг лойиҳам «Сиз ҳам жамиятнинг тўлақонли аъзосисиз!» деб номланади. Қўл меҳнати асосида кўрпа, ёстиқлар, совғалар учун мўлжалланган турли буюмлар тайёрлаш орқали жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг банд­лигини таъминлашга ҳисса қўшмоқчиман. Маҳалламиздаги уч-тўрт нафар шундай инсонларга тўқиш, буюмлар тайёрлашни ўргатаман. Лойиҳада кичик цех ташкил қилишни илгари сурганман.

Бу иш амалга ошса, бозорларимизни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, болалар учун табиий маҳсулотлардан тайёрланган ўйинчоқ ва совғаларни сотувга чиқариш режалаштирилган.

 

— Ҳар йили педагогик таълим муассасаларини кўплаб қизларимиз битириб чиқмоқда, — дейди Тошкент вилояти иштирокчиси Дилдора Файзуллаева. — Лекин уларнинг барчаси ҳам ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашяпти, деб айтолмаймиз. Бунинг турли хил сабаблари бор, албатта. Айрим қизларимиз эрта турмушга чиқиб, фарзанд кўриб, бола тарбияси билан банд бўлади.

Мен тақдим этаётган «Кичкина олам» номли лойиҳа айнан педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан машғул бўлган аёлларнинг оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этишга қаратилган. Бу масала партиямиз Сайловолди дастурида ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланган.

 

Айтиш керакки, бошқа иштирокчилар тақдим этган лойиҳалар ҳам партиямиз электорати манфаатларига қаратилгани, ҳаётий масалалар кўтарилгани билан аҳамиятли бўлди.

Ниҳоят, ҳаяжонли дақиқалар етиб келди. Ҳакамлар ҳайъати умумий балларни эълон қилди:

 

 

Учинчи ўрин — Навоий вилоятидан Қизилтепа агро-сервис ва транспорт касб-ҳунар коллежи тарих фани ўқитувчиси Раъно Кенжаева.

Иккинчи ўрин — Қорақалпоғистон Республикасидан Элликқалъа санъат ва педагогика коллежи мусиқа ўқитувчиси Ойша Матниёзова.

Биринчи ўрин — Хоразм вилоятидан Ҳазорасп педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи мусиқа фани ўқитувчиси Рашида Султонова...

 

 

Залда гулдурос қарсаклар жаранглади. Навоийлик онахон кўзларида ҳам чексиз қувонч порлади. Унинг қизи Раъно Кенжаева танлов ғолиблари қаторидан жой олди.

Албатта, танловларда ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Лекин бундай беллашувларнинг аҳамияти ким нечанчи ўринни олгани билан ўлчанмайди. Муҳими, танловнинг барча босқичларида мамлакатимиз бўйлаб юзлаб хотин-қизларимизнинг иштирок этгани, шу орқали билими юксалгани, фикри, дунёқараши ўзгаргани, деб ўйлаймиз.

Танловда турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди. Шундан сўнг барча иштирокчи ва меҳмонлар байрам дастурхонига таклиф этилди, хотин-қизларга совғалар улашилди, байрам тадбири кўтаринки руҳда давом этди...

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.