Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
06.03.2016

СОҒЛОМ ОНА — БАРКАМОЛ АВЛОД

«Туркистон» саройида 5 март куни Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди

Баҳорнинг илк кунларида хотин-қизлар байрамининг нишонланишида ажиб рамзий маъно бор. Баҳор аёлларимизга, аёлларимиз баҳорга ўхшайди — бири биридан гўзал.

Мамлакатимизнинг бош майдони — Мустақиллик майдонида Бахтиёр она ҳайкали барпо этилгани юртимизда оналарга, аёл зотига юксак эҳтиром кўрсатиш, хотин-қизларни эъзозлаш, соғлом авлодни вояга етказиш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан эканининг рамзий ифодасидир.

5 март куни Бош майдонимиз ҳар қачонгидан жозибали, файзли тус олди.

Гўзал айём муносабати билан бир гуруҳ опа-сингилларимиз — хотин-қизлар ташкилотлари вакиллари, иқтисодиёт, ҳуқуқ, илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида самарали меҳнат қилиб келаётган аёллар Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди.

Байрам иштирокчилари пойтахтимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Республика ихтисослаштирилган сув спортини ривожлантириш марказида бўлди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида «Садоқат» спектаклини томоша қилди.

Унда турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган хотин-қизлар, табаррук онахонлар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг вакиллари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.

Тантанали йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов очди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самаралари ҳақида сўзлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, оила, жамият ва мамлакат ҳаётидаги ўрнини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизи, Сенат аъзоларининг 17 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бугун 14 аёл Ватанимизнинг энг юксак мукофоти — Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирлангани хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиромнинг ёрқин намунасидир.

Ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади, деб таъкидлайди Президентимиз. Шу жиҳатдан Ўзбекистон энг маданиятли, юксак маънавиятли мамлакатлардан десак арзийди. Онани эъзозлаш — халқимизда олий қадрият. Ватанни она, онани муқаддас аташимиз шундан.

Ана шундай юксак муносабат туфайли мамлакатимиз хотин-қизлари ўз орзу-интилишларини рўёбга чиқармоқда, барча соҳаларда муваффақиятларга эришмоқда. Аёллар тадбиркорлиги изчил ривожланмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, оилавий бизнес учун яратилган қулай шароитлар, хотин-қизларни иш билан таъминлашда, уларнинг жамиятдаги фаоллигини, оилалар фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда. Қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлар оилаларнинг ҳаёт сифатини оширмоқда, хотин-қизларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилмоқда. Ёш оилаларга топширилаётган «Камолот» уйлари уларнинг оёққа туриб олиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши ва фарзандларини баркамол этиб тарбиялаши учун рағбат, катта мадад бўлмоқда.

Бундай шароит ва имкониятлар туфайли меҳрибон онажонларимиз, азиз опа-сингилларимиз фароғатли ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг саломатлиги мустаҳкамланиб, умри узаймоқда.

Хотин-қизларимиз ҳар қанча эъзоз ва эҳтиромга муносиб. Негаки улар соғлом авлодни дунёга келтиради, баркамол этиб воя­га етказади. Мамлакатимиз эртаси, келажаги кўп жиҳатдан аёллар маънавияти ва саломатлигига боғлиқ.

Президентимиз ташаббуси билан 2016 йилга Соғлом она ва бола йили деб ном берилишида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассам. Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастури ижроси доирасида хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва спортга кенг жалб этиш кўлами янада кенгаймоқда.

Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов, Ангрен шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Раъно Ҳайит­қулова хотин-қизларни байрам билан табриклади.

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов қарорига мувофиқ адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият соҳаларида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган 14 нафар қизга ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Зулфия номидаги Давлат мукофотининг бу йилги соҳибалари — Яккабоғ озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Моҳидил Низомова, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Зулхаё Раим­қулова ва бошқалар хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини янада ошириш, ёшларнинг истеъдодини юзага чиқаришга кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўр­лиги учун Президентимизга самимий миннатдорлик изҳор этди.

— Президентимиз табригида хотин-қизларга билдирилган ҳурмат-эътибордан ғоят таъсирландик, кўнглимиз тоғдек кўтарилди, — деди Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси Лола Муродова. — Фермер хўжаликларини самарали бош­қариб келаётган хотин-қизлар ҳақида сўз юритилганда мен ҳам шулар қаторида борлигимдан фахрландим. Кўп тармоқли фермер хўжалигимиз барча йўналишларда юқори маҳсулдорликка эришмоқда. Мамлакатимизда аёлларга берилаётган имкониятлар бизни янада фаол ва ташаббускор бўлишга ундамоқда.

Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида улар ўртасида спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қизлар учун миллий менталитетимизга хос кийимлар ишлаб чиқарилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили ўқувчи қизларга спорт либослари совға қилинмоқда. Бунинг самарасида оилавий спорт, аёллар спорти тобора оммалашиб бормоқда. Спортсевар хотин-қизлар учун 39 спорт тури бўйича 35 минг секция ташкил қилинган. Уларда 3,5 миллиондан зиёд хотин-қиз жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмоқда.

Спортчи қизларимиз халқаро мусобақаларда, мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчи-қизлари халқ­аро кўрик-танловларда юксак мукофотларни қўлга киритмоқда.

— Мен мамлакатимизнинг бахтиёр қизларидан бириман, — дейди Тошкент давлат стоматология институти 3-курс талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Шоҳида Зоҳидова. — Президентимиз томонидан хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли улкан натижаларга эришяпман. Синхрон сузиш бўйича 17 карра Ўзбекистон чемпиони, халқаро мусобақалар ғолиби бўлдим.

Сарой фойесида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Бадиий академия, «Ҳунарманд» уюшмаси ҳамкорлигида тасвирий санъат ва миллий ҳунармандлик йўналишларида истеъдодини намоён этаётган хотин-қизлар ижодига бағишланган кўргазма ташкил этилди.

Тадбир санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг байрам концерти билан якунланди.

Тантанали тадбирда Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.

 

Гўзал САТТОРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.