03.03.2016

НОҚОНУНИЙ МЕҲНАТ МИГРАЦИЯСИ

инсон ҳуқуқларини поймол қилади

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув ва терроризм­га қарши кураш бош бошқармаси ходимлари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари билан «Одам савдоси ва ноқонуний миграция» мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Унда ноқонуний меҳнат миграция­си, одам савдосининг олдини олиш чора-тадбирлари ҳақида сўз борди.

Бугунги кунда мамлакатимизда одам савдосининг олдини олиш ва унинг жирканч оқибатларини бартараф этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, одам савдосига қарши курашиш тўғрисида қонун қабул қилинган.

Қонунда одам савдосига қарши курашишнинг асосий принциплари, бу иллатдан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш тамойиллари белгилаб берилди.

Одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Идоралараро комиссиялар тузилди.

Тегишли қонунларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, ишга жойлашиш ҳуқуқларига эга экани, фуқароларнинг мамлакат ташқарисидаги меҳнат фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилган. Шунга қарамасдан, айрим фуқаролар қонун йўли билан эмас, балки ноқонуний меҳнат миграцияси асосида хорижий давлатларга чиқиб кетмоқдалар. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат идоралари томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тегишли чоралар кўрилмоқда.

Ноқонуний меҳнат миграцияси, одам савдосига қарши курашиш бўйича ички ишлар идоралари, милиция таянч пунктлари профилактика инспекторлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: