03.03.2016

НАВРЎЗ БАЙРАМИ

халқ қўшиқлари, ўлан ва лапарлар билан файзли

Наврўз ҳар йили яшариш, янгиланиш байрами сифатида юртимизда кенг нишонланади. Бу – табиат ва наботот олами жонланиб, чўпон сурувига кетадиган, деҳқон даласига чиқадиган мавсум. Табиат уйғонишида ҳикмат кўп.

Президентимизнинг «2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори халқимизнинг эзгу интилишлари билан ҳамоҳанг­дир. Ушбу қарор бу йилги баҳор байрами юртимизда янада юқори савия­да нишонланишидан дарак бериб турибди.

Қарорда таъкидланганидек: «Наврўз байрамининг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат ва қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш» барча мутасадди ташкилотларнинг, илму маърифат аҳлининг вазифасидир. Наврўз тарихини барчамиз бирдек билсак, моҳияти ва аҳамиятини анг­ласак, Наврўз деб аталмиш қадриятимизнинг қадри янада ортади.

Республика Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий методик маркази жамоаси бу йилги Наврўз байрами дас­турларини тайёрлашда фольклор санъатининг энг яхши намуналарини, қадимий урф-одатлар, мумтоз куй-қўшиқлар, ўлан ва лапарларга ҳар қачонгидан кўпроқ ўрин беришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки уларда халқимизнинг узоқ ўтмиши, орзу-истаклари акс этади. Уни тинглаган ҳар бир ватандошимиз ўзини табиат билан узвий боғланганини, ажралмас бир қисми эканлигини ҳис этади. Атроф-муҳитни, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга иштиёқи кучаяди.

Ҳозир барча шаҳар ва қишлоқларимизда бўлиб ўтадиган маданий-маърифий тадбирларга тайёргарлик давом этяпти. Фаолиятимизнинг қамрови кенг, бир қанча вилоятларга республикамизнинг етук мутахассислари ҳамкорлигида илмий экспедициялар уюштирдик.

Наврўз байрами дастури лойиҳасини шакллантириш мақсадида Сурхондарё вилоятида бўлганимизда, ҳомийлар кўмагида фольк­лор йўналишида ижод қилаётган ўнлаб янги истеъдод соҳибларини кашф қилдик. Тайёрланган дастур лойиҳаси Наврўз умумхалқ сайлига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш республика ташкилий ижодий гуруҳига тақдим этилди.

Наврўз сайилларида фольклор йўналишидаги қўшиқларга кенг ўрин берилиши – катта имконият ва имтиёздир. Бу эътибор шу йўналишда ижод қилаётган санъаткорларни маънавий рағбатлантириб, унутилиш арафасида турган қўшиқларимизга янги ҳаёт бахш этади.

 

Азамат ҲАЙДАРОВ,

Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий методик маркази директори.



DB query error.
Please try later.