Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
03.03.2016

ОИЛА АКАДЕМИЯСИ: САБОҚЛАР, САВОЛЛАР, ЖАВОБЛАР

Қашқадарё вилоят партия кенгаши ташаббуси билан Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмасида «Соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда оиланинг ўрни» мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Мавзу қизиқ ва долзарб бўлгани боис жонли савол-жавоблар асосида олиб борилди.

Шаҳло Худойқулова, ЎзХДП вилоят кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Яқинда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида 1990-2015 йилларда Ўзбекистонда оналар ўлими 33,3 фоизга қисқаргани қайд этилди. Бу нимадан далолат беради? Албатта, бу юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг юксак самараси ҳисобланади. Чунки мустақиллик йилларида оналар меҳнатини енгиллаштириш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида анча ютуқларга эришилди.

Ўзбекистонимиз нуфузли халқаро ташкилотлар рейтингида болалар саломатлиги муҳофазаланган 10 мамлакатдан бири экани, ривожланиш даражаси бўйича фарзандларимизнинг 92 фоизи халқаро стандартларга мос келишини ҳам айтиш керак. Кўп ишлар қилинди ва қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда «Соғлом она ва бола йили»нинг моҳияти ва олдимизда турган вазифаларни тўлиқ очиб берди. Бу бир кунлик, бир йиллик мақсад эмас.

Ҳар йили тиббиёт соҳасини такомиллаштириш, эл саломатлигини мустаҳкамлаш борасида аниқ тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада оналар ва болалар саломатлиги учун яратилаётган шарт-шароитлар эзгуликка хизмат қилмоқда. Президентимиз ўз маърузасида Тошкентда Жанубий Корея давлатининг беғараз ёрдами билан кўптармоқли замонавий болалар шифохонаси қурилиши бошланганини айтди. Демак, мамлакатимизда яна битта замонавий тиббиёт маскани ҳадемай иш бошлайди. Давлатимиз раҳбари ҳомиладор аёлларни асраб-авайлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни ташкил қилиш ва бошқа масалаларни кенг шарҳлаб берди. Бу вазифаларни амалга ошириш борасида партиямиз фаоллари, депутатларимиз маҳаллалар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши талаб этилади. Аҳоли ўртасида «Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади» ҳаётий ғояни кенг ёйиш лозим.

Таълим муассасаларида тузилган «Ораста қизлар» тўгараклари орқали 12 йиллик мажбурий таълимнинг аҳамиятини кенг тушунтириб бориш, нотинч оилалар фарзандларини спортга жалб этиш, касб-ҳунар ўргатиш ва кўплаб вазифаларни фақат ҳамкорликда бажариш мумкин. Маҳаллалардаги «Ота-оналар университетлари» фаолиятини янада яхшилаш, оила психологияси бўйича суҳбат олиб боришга мутахассисларни жалб қилиш, оиланинг ҳуқуқий асосларини тушунтириб бериш каби вазифаларни бажариш талаб қилинади.

Семинарда акушер-гинеколог, туман тиббиёт бирлашмаси хотин-қизлар кенгаши раиси Майсара Самиева ўз сўзида фарзандлар ёши орасида маълум вақт бўлиши кераклиги, она сутининг аҳамияти, ҳомиладорликдан сақланиш, кўк­рак саратони касаллигининг хавфи, доим тиббий кўрикдан ўтиб туриш ва бошқа масалалар ҳақида маслаҳатлар берди. Энг муҳими, нотиқ соғ­лом турмуш тарзи, уни тар­ғиб қилиш, ҳамкорлик, оилада ва маҳаллада оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қандай ишлар қилинишига оид кўплаб таклифларни ўртага ташлади.

Иштирокчиларнинг саволларига жавоб берди.

Савол: — Тиббий маданиятнинг аҳамияти ҳақида мисоллар келтирсангиз. Ёш қизларни турмушга узатишнинг оқибатлари ҳақида нима дейиш мумкин?

Жавоб: — Жамиятимизда оиланинг ўрни, мавқеи жуда муҳимдир. Нега? Чунки фарзандлар камоли, тарбияси, саломатлиги йўлида оиланинг ўрни тенгсиз. Тиббий маданиятни тарғиб қилар эканмиз, бу борада ҳам оиланинг аҳамияти биринчи ўринга чиқади. Очиғи, инсоннинг соғлом бўлиши аввало, турмуш тарзига, ирсиятга ва кейингиси тиббий ёрдамга боғлиқлиги аниқланган.

Бир аччиқ мисол келтирай. Эндигина 18 ёшга кирган аёлни туғуруқхонага олиб келишди. Оилавий муҳит оғир бўлган, натижада етти ойликда бола дунёга келди. Аммо ёш онанинг ҳаётини сақлаб қолиш учун жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Энди у қайта она бўла олмайди. Биласизми, қайнона нима қилди? «Менга бундай келин керак эмас, ўғлим ҳали кўп фарзандли бўлиши лозим», деб кетди. Маълум бўлишича, никоҳ рўйхатдан ўтказилмаган экан. Қизнинг онаси фарёд уриб, қизини ёш турмушга узатгани учун пушаймонда эканини бот-бот такрорлади...

Савол: — Туғуруқлар орасининг яқин бўлиши аёл саломатлиги учун хавфлими?

Жавоб: — Фарзанд кўр­гандан кейин она организми маълум муддат куч йиғиши, соғлиғини тиклаши лозим. Аммо бу борада ҳалигача муроса қилиб бўлмайдиган воқеалар учраб турибди. Масалан, фарзанд кўриш оралиғи масаласида қайнона-келин ёки эр-хотин ўртасида тушунмовчиликлар юзага келаётган ҳолатлар ҳам бор. Демак, тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз керак.

Лола Эргашева, Шаҳрисабздаги кўп тармоқли поликлиника бош шифокори:

— Суҳбат ниҳоятда муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳақида бормоқда. Мен ҳам икки оғиз ўз фикримни айтай. Она ва бола саломатлиги, умуман, турмуш маданияти юксалишида оила ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Туманимизда оилавий ҳамширалар учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Бу яхши натижа беради. Чунки ҳамшираларимиз доим оилаларга боришади, одамларнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлишади. Хуллас, яхши ишлашимиз учун шароит етарли.

Тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Зокир Жалолов ҳам ибратли мисолларни келтирди. Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳрида 3-оилавий поликлиника янгидан қурилиш арафасида. Бунинг учун давлат томонидан маблағ ажратилганини айтиб ўтди.

Семинарда яхши фикрлар айтилди, долзарб масалалар кўтарилди. Фойдали таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.