01.03.2016

ТУРМУШ ФАРОВОНЛИГИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Аваз ЎРИНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришга иштиёқи бор кишиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларга молиявий кўмак бериш кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Хусусан, янгидан иш бошлаётганларга бошланғич сармояни шакллантириш, айлан­ма маблағни тўлдириш учун имтиёзли микрокредитлар ажратилмоқда. Бу ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган партиямиз электорати вакиллари қўллаб-қувватланишида муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳон банки ҳамда Хал­қ­аро молия корпора­цияси томонидан «Бизнесни юритиш — 2016» («Doing business — 2016») бўйича яқинда эълон қилинган мамлакатлар янги рейтингида Ўзбекистон қулай ишбилармонлик муҳити кўр­саткичлари бўйича жаҳоннинг 189 давлати орасида 54 поғона юқорига кўтарилиб, 87-ўринни эгаллади. Бу охирги бир йил мобайнида кузатилган ўсиш натижасидир. Мамлакатимизнинг энг юқори ўсиш суръати «Кредитлаш тизими» бўйича қайд этилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан бир йўла 63 поғона кўтарилиб, 105-ўриндан 42-ўринга чиққанимиз қувонарлидир.

2015 йилда иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 2014 йилга нисбатан 27,3 фоиз кўпайиб, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 42,7 триллион сўмдан ортган бўлса, банкларнинг инвестиция мақсадларига ажратилган кредитлари ҳажми ҳам 1,2 баробар ошиб, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 10,2 триллион сўмни ташкил қилди. 

Иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш соҳасининг юқори суръатлар билан барқарор ўсиши партиямиз учун энг муҳим устувор йўналиш бўлган — аҳоли бандлигини таъминлаш, авваламбор, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун зарур шароитлар яратмоқда. 2015 йилда мамлакатимизда 980 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган бўлса, шунинг 60 фоиздан зиёди қишлоқ жойларга тўғри келди.

Жаҳон молиявий-иқ­ти­­содий инқирозига қарши мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ дунёда ҳали-бери давом этаётган глобал муаммо оқибатларининг нафақат олди олинди, балки банкларнинг молиявий барқарорлиги таъминланиб, капиталлашув даражасини янада мус­таҳкамлашга эришилди.

Халқаро экспертларнинг таҳлилига кўра, Ўзбекистон банк тизимида хорижий инвесторлар ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилган. Уларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида аниқ мақсадли чора-тадбирлар қабул қи­лингани, банк тизими бос­қичма-бос­қич ислоҳ этилаётгани, уларнинг ресурс базаси тобора мустаҳкамланаётгани ютуқларнинг бош омили бўлмоқда. Хусусан, Марказий банк томонидан қайта молиялаш ставкаси 2015 йилнинг 1 январидан 10 фоиздан 9 фоизга пасайтирилганлиги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада тараққий этишига кенг йўл очиб берди.

Маълумки, Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг йиллик ҳисоботи мунтазам равишда эълон қилиб келинади. Бу галгисида дунё давлатларидаги бизнес юритиш шароити турли мезонларга биноан баҳоланди. Ўзбе­кис­тонда кредитлашнинг тартиб-қоидалари тадбиркор талабларига мос равишда йилдан-йилга соддалаштирилаётгани, Марказий банк томонидан фоиз сиёсати тўғри ишлаб чи­қилаётгани, қолаверса, ­кредит ахбороти алмашинуви ҳамда гаров таъминоти бўйича келишувларни амал­га ошириш борасида қонунчиликнинг мустаҳкамлангани хал­қаро экспертлар томонидан ижобий баҳоланди. Булар эса «Кредит олиш» индикатори бў­йича рейтингни янада яхшилаш ва юқори ўсиш суръатларига эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Умуман олганда, қатор халқаро ташкилотлар хулосалари Ўзбекистонда кичик бизнес ижтимоий ҳамда сиёсий барқарорликнинг кафолати ва таянчига, тараққиётни ҳаракатлантирувчи етакчи кучга айланаётганини, қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда мустаҳкам банк тизими қарор топаётганини яна бир бор тасдиқламоқда. 



DB query error.
Please try later.