01.03.2016

ТАШАББУСКОР ДЕПУТАТЛАР

ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилишга эришади

Бугун ҳудудларни ижти­моий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор масалалари юзасидан таклиф ва ташаббуслар билан чиқиш, бу борада депутатлар фаоллигини кучайтириш ҳаёт тақозосига айланиб бормоқда.

Депутат аҳоли томонидан давлат ҳокимиятининг олий, маҳаллий вакиллик органларига сайланган вакилдир. Шунинг учун унинг зиммасида сайловчилар манфаатларини ифода этиш вазифаси туради. Депутат қайсидир масалада мутасадди ташкилотларга сўров юбориш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, аниқланган масалани халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун таклиф киритиш ва бошқа ҳуқуқларга эга. Тўғри, берилган ҳуқуқ ва ваколатлар кенг, лекин улардан самарали фойдаланиш ўзига хос мураккаб жараён ҳисобланади.

Халқ депутат­лари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг давлат бошқаруви органлари устидан назоратини, изчил йўлга қўйиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ таклиф, муқобил дастурларни илгари суриш борасидаги фаолиятини кучайтириш бугуннинг энг асосий талабларидан биридир,

Хўш, маҳаллий Кенгашларга сайланган партиямиз депутатларининг бугунги фаолияти ҳақида нима дейиш мумкин? Улар одамларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича де­путатлик ваколатидан қай даражада самарали фойдаланяпти?

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бўлим мудири Назира Матёқубованинг айтишича, халқ депутатлари вилоят Кенгашларида 212 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 1652 нафар ЎзХДПдан сайланган депутат фаолият юритмоқда. Уларнинг вакиллик ҳокимиятида, тегишли ҳудудда ўз ўрни бор. ­Масалан, вилоят ёки туман ­миқ­ёсида амалга оширилаётган кўпгина ташаббусларда партиямиз вакилларининг ҳиссаси ортиб бормоқда.

Партиянинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дас­турида асосий эътибор аҳолининг ижтимоий ҳимоя­сини кучайтириш, турмуш фаровонлигини яхшилаш масалаларига қаратилган. Хусусан, унда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича иш билан банд этиш, аҳолининг кам таъминланган қатлами ва ишга жойлашишда қийинчиликка дуч келаётган инсонлар манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларимизга мақбул тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва ижтимоий тенг­лик тамойилларини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ кенг кўламли вазифалар белгиланган.

Ўтган йили халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги пар­тиямиз гуруҳлари 167 масалани ўрганиб, сессиялар муҳокамасига киритишган бўлса, шундан 87 таси Ҳаракат дастури асосида ўрганилди.

— Ҳар бир масала сессияга олиб чиқилишидан олдин партия фаоллари ва депутатлар иштирокида кенг муҳокама этилади, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири ­Акмал Турсунбоев. Ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги ижтимоий масалалар юзасидан маълумотлар тўплайди. Шундан сўнг чуқур ўрганилган масалани доимий комиссия ёки сессиялар муҳокамасига олиб чиқади. Масалан, Бухоро вилоятида ЎзХДП гуруҳлари мактабгача таълим муассасалари фаолиятини танқидий ўрганиб, туман, шаҳар ва вилоят Кенгашлари сессияларига масала киритган эди. Дастлабки уринишлар негадир кутилган самарани бермади. Бу, албатта, депутатларни қониқтирмади. Орадан вақт ўтиб, яна айни шу масала сессияга олиб чиқилди. Натижада сессия қарори асосида хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланди, раҳбар ходимларнинг масъулияти кучайтирилди. Менимча, айрим партия гуруҳлари бирор масалани сессияга олиб чиқишдан, бундан муайян натижа бўлмаслигидан чўчишади. Аммо мен бундай фикрга қўшилмайман. Ташаббускор депутат, ­қатъиятли одам, албатта, натижага эришади.

Депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби кўрсатилган мурожаат билан чиқиш ҳуқуқига эга. Бу депутатлик сўрови ҳисобланади. Энг асосийси, бу институтдан самарали фойдаланиш орқали сайловчилар, партия электорати вакилларини ўйлантираётган масалалар ҳал этилади.

Партия фаолларининг қайд этишича, ўтган йили халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 762 депутатлик сўрови юборган бўлса, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатларимиз 2926 сўров билан тегишли ташкилотларга мурожаат қилган.

Бу рақамлар депутатларимизнинг ўз ишига масъулият ва жонкуярлик билан ёндошаётганини кўрсатади. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Фарғона вилоятининг Ёзёвон туман Кенгаши депутати Сожида ­Абдусаматова ёрдами билан тумандаги 21-мактаб болалари учун махсус мактаб автобуси ташкил этилган.

Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Марҳабо Жабборовага Навоий шаҳар ­Гулистон кўчаси 3–уй 12-хонадонда яшовчи фуқаро Гулмира ­Шералиева ишга жойлашиш масаласида мурожаат қилган. Ушбу мурожаат асосида Навоий шаҳар таълим муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига депутатлик сўрови юборилган ва ижобий натижага эришилган. Депутат Фарҳод Қурбоновга Навоий шаҳар Меъморлар кўчаси 16-а уй 46-хонадонда яшовчи фуқаро Роҳила Сайимова ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилган. Депутатимиз кўмаги билан у «Бахт текстиль» МЧЖга ишга жойлашган.

Шунингдек, Навбаҳор туман ҳокимлигига тумандаги «Янгиобод» МФЙ ҳудудидаги асфальт йўл ёқасидаги бекатни таъмирлаш ёки замонавий типда янгисини қуриш масаласи юзасидан депутатлик сўрови юборилган ва ушбу сўров ҳам ижобий ҳал этилган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Энг асосийси, бу орқали ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган масалалар ижобий ечим топмоқда.

Албатта, бугунги кун талабига жавоб бериш учун депутат ҳар қачонгидан кўпроқ ғайратли бўлиши, ечимини кутаётган масалаларни мунтазам ўрганиб, асосли таклифлар тайёрлаб бориши лозим. Буни замоннинг ўзи талаб этяпти. Лекин Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилоятларининг айрим туман ва шаҳарларидаги депутатларни бу борада фаол, деб бўлмайди. Қарийб бир йил вақт мобайнида уларни жойларда соҳалар ривожи, аҳолини ўйлантириб келаётган масалалар бўйича амалий иш қилаётгани кишини ҳайрон қолдиради.

Хўш, нима қилсак аҳвол яхшиланади? Партия гуруҳлари жон куйдириб ишлайди, ҳамманинг фикри бир жойдан чиқиб, виждонан ҳаракат қилади?

Бугун ҳар бир депутатдан, пар­тия­миз гуруҳлари, раҳбарларидан ана шу саволлар ҳақида жиддий ўйлаб, зарур чораларни кўриш тақозо этиляпти. Жойларда минтақавий пар­тия кенгашларининг кенгайтирилган йиғилишларида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Рақамлар ва маълумотлардан хулоса қилиш мумкинки, изланувчан, ташаббускор ва жонкуяр депутатлар одамларнинг ишончини оқламоқда, партиямиз нуфузини оширмоқда.

 

Лазиза ШЕРОВА,

Гўзал МАТЁҚУБОВА.



DB query error.
Please try later.