27.02.2016

СОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА — МИЛЛАТ БОЙЛИГИ

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши «Фаол аёллар» қаноти ташаббуси билан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида Ўрта Чирчиқ туманида шу мавзуда тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят ҳамда партиянинг Ўрта Чирчиқ туман кенгаши масъул ходимлари, «Фаол аёллар» қаноти етакчилари, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, «Тарғиботчилар гуруҳи» ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

— Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиё­сатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган, — дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кен­гаши раиси Сирожиддин ­Аъзамов. — Шунга мувофиқ, ўтган йиллар давомида миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш борасида кўплаб ишлар қилинмоқда. Бугун ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам замонавий қиш­лоқ врачлик пунктлари бунёд этилди, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати тобора ошиб бормоқда. Натижада одамларнинг ўртача умр кечириши собиқ тузум давридан анча узайди. Оналар ва болалар ўлими кескин камайди. Шу жиҳатдан қаралганда, партия ташкилотлари ва депутатларимиз олдида ҳам долзарб вазифалар турибди. Оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ўрганиб, аниқланган муаммоларни доимий комиссия ва сессияларда муҳокама этишга эришиш керак.

Ўрта Чирчиқ тумани кўп тармоқли оилавий поликлиникаси шифокори Насиба Аҳмедова никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини тушунтириш масалаларига эътибор қаратди. Партия кенгашлари депутатлар ҳамкор ташкилотлар билан бирга ҳар бир маҳалла ва қишлоқда тарғибот ишларини олиб бориши, одамлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этиши муҳим экани қайд этилди.

Давра суҳбати давомида тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини яхшилаш, айниқса, ногирон болаларга реабилитация хизмати кўрсатиш сифатини ошириш ишлари устидан самарали депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбир доирасида, қишлоқ аҳолиси учун малакали мутахассисларнинг тиббий кўриги ташкил этилди. Унда Тошкент ви­лоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари, малакали шифокорлар иштирок этди.

Акция доирасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларда соғлом оила қуришга интилишни кучайтириш, юқумли касалликларга қарши курашиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Тиббий кўрик асосида аёллар, ёш оналарга тавсиялар берилди.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон ХДП сафига кириш истагида бўлган йигирма нафар фуқарога аъзолик гувоҳномалари топширилди.

***

Бувайда туманининг «Узумзор» маҳалласи Марказий ­Фарғона чўлида жойлашган. У туман марказидан анча олисда. Аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Бу ерларнинг ўзига хос табиати бор. Ёзи иссиқ, қиши қаҳратон, баҳор-кузда қаттиқ шамол туради. Албатта, маҳаллий ҳокимият «Узумзор» аҳолисини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайди. ЎзХДП ­Бувайда туман кенгаши ҳам бу маҳаллани алоҳида эътиборга олди. Дастлаб аҳоли ўртасида одамларнинг қизиқиши, уларни ўйлантираётган масалалар, маҳалладаги ижтимоий инфратузилма ўрганилди.

Маҳаллада туман партия кенгаши томонидан «Соғлом оила ва баркамол авлод жамият бойлиги» мавзусида амалий семинар ўтказилиши, унинг доирасида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси, тиббий кўрик ташкил этилиши аввалдан эълон қилинди.

Ниҳоят белгиланган кун, вақтда ЎзХДП фаоллари билан учрашувга кўпчилик йиғилди.

Тадбирда сўз олган ЎзХДП Фар­ғона вилоят кенгаши раиси вази­фасини бажарувчи ­Дилбархон ­Мамажонова ­Президентимизнинг Конс­ти­ту­циямиз қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ҳамда ЎзХДП Сайловолди, Ҳаракат дас­туридан ўрин олган вазифаларни амалга ошириш масалалари ҳақида тўхталди.

Учрашувда сўзга чиққан партия фаоллари — туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Назирахон Нўмонова, «Бувайда кўзгуси» газетаси бош муҳаррири Азизахон Солиева, «Узумзор» ҚВП мудири Эшпўлат Ҳусанов, худудий БПТ раиси Санобархон ­Убайдуллаева она ва бола саломатлигини ­муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлиги, никоҳланувчиларнинг тиббий кўриги масалалари, бепул тиббий кўрик, даволаниш ҳамда бошқа имтиёзлар, улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида батафсил тушунчалар беришди.

Партия фаолларининг учрашуви давомида маҳалладаги хотин-қизлар, ёш келинлар тиббий кўрикдан ўтказилди.

— Менда бироз қон босими ­ошганлиги аниқланди, — дейди Хадичахон Зокирова. — Шифокорлар зарур дори-дармонларни беришди. Бувайда туман партия кенгаши моддий ёрдам кўрсатди. Ҳаммаларига катта раҳмат.

Шу куни ЎзХДП гуруҳи аъзолари, туман, вилоят ташкилотларининг мутасаддилари иштирокидаги кўчма Жамоатчилик қабулхонасида 25 нафар кишининг мурожаати тинг­ланди. Мурожаатларнинг баъзилари масъуллар томонидан шу ернинг ўзида ечим топди. Қолганлари ўрганиб, тегишли тартибда ҳал этиш учун қабул қилинди.

— Маҳалламиздаги 37-умум-таълим мактабида 158 нафар ўқувчи таълим олади. Мактабнинг спорт зали таъмирталаб. Фарзандларимиз спорт билан шуғулланиши учун яхши ша­роит керак, — деди «Узумзор» МФЙ ­раиси Карим Жўраев.

— Кенжа қизим туғма ногирон. Тирсаги очилмайди. Уни Тошкентдаги шифохоналарда ихтисослашган шифокорларгина даволар экан, — дейди ­Муножат Ғойипова. Шу масалада ёрдам сўрадим.

Кўчма жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилган яна бир гуруҳ ота-оналар мактабни чет тили ўқитувчиси, спорт мураббийи билан таъминлашни, маҳалла оқсоқоллари сув қувурларини янгилашда кўмаклашишни сўрашди.

— Одамларнинг ишончи бизга куч беради, — деди ЎзХДП Бувайда тумани кенгаши ­раиси Ҳабибахон ­Тошматова. — Ҳар бир мурожаат устида изчил ишлаймиз ва уни ҳал этишга ҳаракат қиламиз.

 

Наврўз ШОДМОНҚУЛОВ,

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.