27.02.2016

ЎЗБЕКИСТОНДА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИЗЧИЛ РИВОЖЛАНМОҚДА

Юртимизда «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» тамойили асосида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ўз мазмун-моҳиятига кЎра бу борада янги даврни бошлаб берди.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг йиллик конференциясида сўзга чиққанлар буни алоҳида таъкидлашди.

«Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишининг сифат ва миқдор ўзгаришлари» мавзусида ўтказилган мазкур конференцияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, институт марказий ­аппарати, ҳудудий бўлинмалари раҳбар ва ­ходимлари, давлат, жамоат ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Конференцияда мамлакатимизда фуқаролик жамияти ривожланишининг ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама этилди. Даст­лаб инс­титут директори Ғолибжон ­Абдукаримовнинг 2015 йилда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ҳолатининг мониторинг натижаларига бағишланган маърузаси тингланди.

— Мамлакатимизда меъёрий-ҳуқуқий ша­роитлар изчил яратиб борилиши натижасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ўрни йилдан-йилга кучайиб бормоқда, — дейди институт директори. — Институтимиз томонидан демократик ислоҳот ва ўзгаришларнинг бориши, фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларининг ривожланиши, ОАВнинг демократлашуви ҳамда либераллашуви жараёнларини чуқур ўрганиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Масалан, ўтган йили институт томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, жойлардаги ижтимоий аҳамиятга молик муҳим вазифаларни ҳал этишга қаратилган 2 мингдан ортиқ тадбир ташкил этилди. Уларнинг 400 га яқини олис ҳудудларда ўтказилди.

Ўтган йили январь ойида кучга кирган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонуннинг амалий ижроси доирасида Қорақал­поғис­тон ­Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қошида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари тузилди. Уларнинг фаолияти мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашда фуқаролик институтларининг фаол иштирокини таъминлаш, вакиллик ва ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини янада оширишга туртки бўлди.

— Бугун давлатимиз томонидан фуқаролик жамияти инс­титутлари фаол қўллаб-қувватланаётганини бизнинг ташкилотимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин, — дейди инс­титут лойиҳа раҳбари Азиз Йўлдошев.

— Кейинги 8 йил мобайнида ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа ва дастурларини қўл­лаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджети ҳисобидан 47,7 миллиард сўм маблағ ажратилган. Хусусан, 2008 йилда бу маблағ 2,1 миллиард сўмни 2015 йилда эса 10 миллиард сўмни ташкил этди.

Бу эса, ўз навбатида, ушбу секторга йўналтирилаётган давлат молиявий кўмаги ҳажмининг барқарор ўсиш суръатидан далолат беради.

Конференцияда таъкидландики, 2015 йил давомида Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ўтказилаётган грант танловларидаги ННТ сони сезиларли даражада ошгани яққол сезилади. 2010 йилда грант танловларида 275 ННТ иштирок этиб, улардан 82 таси ғолиб топилган бўлса, ўтган йили танловларда қатнашган 528 ННТ дан 177 таси грант маблағларини қўлга киритишди.

— Мамлакатимизда жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш, ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини кучайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқ­аруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар халқ­аро ташкилотлар, экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда, — дейди инс­титут лойиҳа раҳбари Салим ­Дониёров.

 — Жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли ошиб бораётгани алоҳида таъкидланмоқда. Хусусан, 2014 йилда миллий босма ОАВ да жамоатчилик назорати шаклида 2452 мақола чоп этилган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 3550 дан ошди.

 «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун меъёрларининг амалга оширилиши фуқаролар ­мурожаати инс­титутининг ривожланишига хизмат қилмоқда. Хусусан, фуқаролар томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига мурожаатлар кўпайди, шу билан бир қаторда, бундай мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича давлат органларининг масъулияти ва иш сифати тобора ошиб бормоқда.

Маърузачилар, шунингдек, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишида сиёсий пар­тия­ларнинг роли ортиб бораётганини алоҳида қайд этишди. Жумладан, ҳудудий вакиллик органларида партия гуруҳларининг ижро ҳокимияти идоралари фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга ошириш, қонунлар ва қарорлар ижросини назорат қилиш бўйича фаоллиги ортиб бормоқда, дейишди конференцияда сўзга чиққанлар.

Рақамларга кўра, 2014 йилда 1598 депутатлик сўрови тегишли ташкилот­ларга юборилган бўлса, 2015 йилда бу рақам 3505 тага етди.

Конференция кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам ­атрофлича муҳокама этилди. Фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашдаги ролини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

 

СЎЗ — КОНФЕРЕНЦИЯ ҚАТНАШЧИЛАРИГА!

 

Мьюша СЕВЕР, «Минтақавий мулоқот» халқаро ноҳукумат ташкилоти (Словения)нинг Ўзбекистондаги филиали директори:

Кузатишларим натижасида бир нарсага амин бўлдимки, мамлакатингизда демократик ўзгаришларни амалга ошириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида изчил ва тизимли ишлар олиб борилмоқда. Натижада ўтган йиллар давомида юртингиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлар демократик қадриятларнинг муҳим асоси, фуқароларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг асосий омилига айлана олди. Бу соҳага оид қонунчилик тизими тобора такомиллашаётганининг самараси, деб ўйлайман. Конферен­ция­да бу бўйича янада кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Умуман олганда, Ўзбекистон фуқаролик жамияти қуриш, хусусан, бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлар, сиёсий пар­тия­лар, оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини юксалтириш масалаларида юқори натижаларга эришмоқда.

 

Криста ПИККАТ, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

— Бугун Ўзбекистон фуқароларининг нодавлат нотижорат ташкилотлар, сиёсий партиялар фаолиятига қизиқиши юқори эканини кўриш мумкин. Конференцияда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакл­лантиришда фуқаролик жамияти институтларининг роли ҳам тобора ошиб бораётгани таъкидланди. Ўйлашимча, фуқаролик жамияти институтларининг ривожланишида мамлакатингиздаги янгиланишлар, ижтимоий шерикликнинг шакл ва механизмларини мукаммаллаштириш, аҳоли ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ишлари муҳим аҳамият касб этмоқда.



DB query error.
Please try later.