25.02.2016

ҲАЁТИЙ ТАКЛИФ ВА ТАШАББУСЛАР

аввало, қуйи бўғинда шаклланиши лозим

Яқинда бир танишим партия бошланғич ташкилотининг вазифалари ҳақида сўраб қолди. Унга соддароқ қилиб тушунтиришга уриндим. Сиёсий партияни улкан дарахтга қиёсласак, унинг илдизи бошланғич ташкилотлар ҳисобланади, дедим. Бошқачароқ айтганда, қуйи бўғин сиёсий партиянинг асоси, пойдевори эканини айтдим.

Ҳақиқатан ҳам сиёсий партияга куч-қувват берадиган, унинг нуфузини оширадиган муҳим воситалардан бири — бу шубҳасиз унинг бошланғич ташкилотларидир. Қуйи бўғин қанча фаол ва ташаббускор бўлса, сиёсий партияга эргашувчилар сони шунча кўпая­ди, дастурий мақсадлари амалга ошишининг кафолати мустаҳкамланади.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси бошланғич ташкилотлар ишини замон талаблари даражасида кучайтиришга, унинг таркибий тузилмасини такомиллаштиришга, ёш ва сиёсий билимдон етакчилар сафини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалидаги бошланғич ташкилот етак­чиси Саноат Зоҳидованинг айтишича, бу ерда ЎзХДПнинг 30 нафардан ортиқ аъзоси бор.

— Партиядошларимиз сафи йилдан-йилга кенга­йиб бормоқда. Бунга аввало, партиямиз томонидан олиб борилаётган амалий ишлар туфайли эришилмоқда. Биз тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратяпмиз, бу орқали аҳолининг ҳуқуқий маданияти, ижтимоий-сиёсий дунёқарашини оширишга ҳам ҳисса қўшяпмиз, — дейди у. — Оддий бир мисол. Бундан беш-ўн йил аввал одамлардан қандай масала ўйлантираётгани ҳақида сўралса, очиқ жавоб айтишга ийманишарди. Бугун эса аксинча, уларнинг ўзлари бизга мурожаат қилмоқда.

Маълумки, бошланғич ташкилот фаолиятидаги устувор вазифалардан бири — аъзолар, тарафдорлар, электоратнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ўйлантираётган масалаларни ўрганишдан иборат. Биз аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, тиббий маданиятини юксалтириш билан боғлиқ таклифларни шаҳар партия кенгаши орқали халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳимиз муҳокамасига олиб чиқишга эришаяпмиз. Шунингдек, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ўқувларни, эркин мулоқотларни бошланғич ташкилотларда кўпроқ ўтказиш, аъзоларнинг фикрларини тинг­лаш ҳамда муҳокама этишга эътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари, ёшлар орасида «Оммавий маданият», «Оила муқаддас», «Эрта турмуш қуриш ҳамда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш», «Муомала, кийиниш ва биз» каби мавзуларда давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказилди. Мавзу юзасидан ишлаб чиққан таклифларимизни юқори партия ташкилотларига, партия гуруҳларига ва Қонунчилик палатаси депутатларига тақдим этяпмиз. Таклифлар қуйида шаклланса бу кўп муаммоларнинг ечилишига хизмат қилади. Чунки аҳолини ўйлантириб келаётган масалалар ҳақида аниқ маълумотлар, таҳлилий хулосалар кўпроқ қуйи ташкилотга маълум бўлади.

— Бошланғич ташкилотимизга 83 нафар аъзо бирлашган, — дейди Иштихон туман тиббиёт бирлашмасидаги бошланғич ташкилот етакчиси Эркин Ёқубов. — Биз улар билан мунтазам иш олиб боряпмиз. Аъзолар билан ишлаш тажрибаси, сиёсий-ҳуқуқий билимини кучайтиришга бағишланган семинар-тренинг­лар, давра суҳбатлари ташкил этиляпти. Уларда партия фаоллари, депутатлар билан бир қаторда сиё­сатшунос, ҳуқуқшунос олимларни ҳам таклиф қиляпмиз. Чунки бошланғич ташкилот фаолияти самарадорлиги кўп жиҳатдан етакчининг сиёсий-ҳуқуқий билимига боғлиқ.

Шунингдек, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларни кўпроқ қуйида ташкил этяпмиз, етакчилар ўзаро тажриба алмашиши учун имконият яратиб беряпмиз.

— Бугунги кунда вилоятимизда Ўзбекистон ХДПнинг 435 бошланғич ташкилоти фаолият юритмоқда, — дейди ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши сектор мудири Дилшод Норматов. — Улар 16 349 нафар аъзони бирлаштирган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 600 нафарга кўпдир.

Бахмал тумани «Оқтош» қишлоқ фуқаролар йиғинидаги бошланғич партия ташкилотимиз фаолиятини бош­қаларга намуна қилиб кўрсатяпмиз. Чунки бу ердаги аъзоларимиз партия томонидан ташкил этилаётган лойиҳалар, ўқув семинарлар, кўрик-танловларда фаол қатнашиб келмоқда. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, партия етакчиси ташаббуси билан ташкилотда ўтган йили 20 дан ортиқ давра суҳбати, 15 дан ортиқ ўқув семинар ва яна ўнлаб бош­қа тадбирлар ўтказилди.

Яна бир гап. Бошланғич партия ташкилотимиз туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳи билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйган. Яқинда тумандаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар билан чиқдик. Ҳудудимизда электр таъминотини яхшилаш бўйича туман электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилган эдик. Масала ижобий ҳал этилди. Сабабсиз узилишлар бартараф қилинди. Электоратга дахл­дор муаммолар бажарилиши керак бўлган ишларимиз кўп, албатта. Агар бир ёқадан бош чиқариб, бир мақсад йўлида ҳаракат қилсак, ҳар қандай масалага ечим топилади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Партия ташкилотлари тизимида қатор турли тадбирлар, ўқув семинарлари ўтказилмоқда. Лекин уларда кўрилаётган масалалар, партиямиз фаолиятидаги янгиликлар ҳар бир бошланғич ташкилотга етиб бораяптими? Жойларда, чекка ҳудудлардаги қуйи бўғинларда ўқувлар қай даражада ўтказилаётганидан хабардормизми? Семинарларни керакли ҳужжатлар билан таъминлаяпмизми? Тўғрисини айтганда, бу саволларга жавоб бериш қийин. Қатор масалалар вилоят, шаҳар миқё­сида қолиб кетади. Уларга бир-иккита бошланғич ташкилотлар етакчиларини таклиф қилишади холос. Аммо ҳар бир ҳудудда қанчадан-қанча бошланғич ташкилотимиз бор. Уларнинг ҳар бирига кўрилган масала, қўйилган вазифалар етиб бормас экан, фаолиятимиз самарали бўл­майди.

Демак, қуйи бўғин фаолиятини тўғри ташкил этиш, маҳаллий партия кенгашларининг бошланғич ташкилотларга эътиборини кучайтириш энг долзарб вазифаларимиздан ҳисобланади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.