25.02.2016

МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН МАНФААТИ БОР

Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимидаги Жамоатчилик қабулхоналари партия аъзолари ва электорат вакиллари муаммоларини ўрганиш, таҳлил этиш ва тегишли хулосалар чиқариб олиш мақсадида ташкил этилган.

Ушбу хулосалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳларига таклиф сифатида топширилади. Натижада муаммоларни ечиш чора-тадбирлари кўрилади.

ЎзХДП Юқори Чирчиқ туман кенгашидаги Жамоатчилик қабулхонасига ўтган йили 50 га яқин мурожаат бўлди.

Мурожаатларни таҳлил қилганимизда, уларнинг аксарияти ижтимоий масалаларни қамраб олгани маълум бўлди. Масалан, чекка ҳудудлардаги айрим қишлоқ врачлик пунктларида тез ёрдам машинаси етишмаслиги, шунингдек, болаларнинг мактабга қатнаши учун пиёдалар йўлакчаси ажратилмагани, нафақага чиқишни расмийлаштиришда учраётган тўсиқлар, кредит олишдаги муаммолар ҳақида мурожаатлар бўлди.

Туман марказидаги Янгибозор қўрғонида яшовчи Баҳодир Омонбоев олий ўқув юртини тамомлаган. Лекин бир муддат мутахассислиги асосида иш қидириб юрган. ЎзХДП туман кенгашидаги Жамоатчилик қабулхонасига шу масалада ёрдам сўраб, мурожаат қилди. Партия фаоллари ҳамда депутатлар кўмагида кўп тармоқли туман марказий поликлинкасига ҳисобчи бўлиб ишга жойлашди.

«Оқовул» қишлоқ фуқаролар йиғини «Чумчуқжар» маҳалласида истиқомат қилувчи Азизжон Дадаматов ҳам олий маълумотли. Лекин вақтинча ишсиз бўлган. Партиямиз Жамоатчилик қабулхонасида унинг мурожаатини тинг­ладик. Масала ўрганиб чиқилди. Ҳозир у туманимиздаги 31-умумтаълим мактабида ёшларга физика фанидан дарс беряпти.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Масалан, Жамоатчилик қабулхонасига иш сўраб мурожаат қилган Ҳусан Рўзиев туман «Пар­кент­­сувқурилиш», Нигора Бурхонова Ветеринария бўлимига ишга жойлашди. Демак, партиямиз амалий ишлар билан шуғулланмоқда, одамларнинг оғирини енгил қилмоқда.

— Анча йиллар олдин менга туман пенсия жам­ғармаси орқали ногиронлик аравачаси беришган эди, — дейди 2-гуруҳ ногирони Юлдуз Отақулова. — Аммо у яроқсиз ҳолга келиб қолди. Бир неча бор таъмирлашимга тўғри келди. Пенсия жам­ғармасига ариза билан мурожаат қилдим. Аммо улар «навбатга қўй­дик, келгач, берамиз» дейишди. Кутишга иложим йўқлиги боис туман партия кенгашидаги Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилдим. Уч кун ичида «Соғ­лом авлод учун» халқ­аро хайрия жамғармаси томонидан менга аравача берилди.

Тўғри, биз депутатлар билан ҳамкорликда, мурожаатларни ўз вақтида ва самарали ҳал этишга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Аммо қабулхона имкониятидан тўлиқ фойдаланяпмиз, деб айтолмайман. Хусусан, чекка қишлоқларда кўчма Жамоатчилик қабулхоналарини доимий ташкил қилишимиз зарур.

Жамоатчилик қабулхоналарини меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар билан бойитиш ҳамда қабулхоналарни аҳоли учун қулай бўлган дам олиш кунларида ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Шунингдек, қандай муаммолар бўйича мурожаатлар қайд этилаётгани ва ҳудудлар бўйича таққослаш механизмини кучайтириш, намунали қабулхоналар иш тажрибасини оммалаштириш, бу борада вилоят ва туман оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш лозим.

Мурожаатлар мавзуси бўйича доимий таҳлил олиб бориш, шу асосда бир-бирига ўхшаш ва кўп учраётган масалаларни маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари, сессиялари муҳокамасига киритиш зарур. Бу тажриба электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни комплекс равишда ҳал этишга хизмат қилади.

Сиёсий партияни халққа яқинлаштирадиган, жамиятда таъсир кучини оширадиган энг муҳим масала — электорат манфаатини самарали ҳимоя қилишдир. Демак, биз партия­миз тизимида фаолият кўрсатаётган Жамоатчилик қабулхоналари имкониятларидан тўлақонли фойдаланишимиз зарур.

 

Латифжон МАНСУРОВ,

ЎзХДП Юқори Чирчиқ туман кенгаши раиси.

 

Суратларда: ЎзХДП Юқори Чирчиқ туман кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабул­хонаси фаолиятидан лавҳалар.

Абдуғани ЮСУПОВ олган суратлар.



DB query error.
Please try later.