Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
25.02.2016

НАВРЎЗ — ЎЗЛИГИМИЗНИНГ ЁРҚИН ТИМСОЛИ

Анвар ОБИДЖОН, Ўзбекистон халқ шоири:

— Байрамларимиз кўп, ҳар бирининг ўзига хос томони, алоҳида қадр-қиммати бор. Айниқса, Наврўзнинг шукуҳи бошқача. Бунинг асосий сабаби — ушбу байрамнинг ўта қадимийлигидадир. Азал-азалдан деҳқончиликнинг пири ҳисобланмиш ерсевар халқимиз эртанги тўкинликларга орзиқиб талпинган кўйи, Яратгандан қут-барака тилаб, энг тоза, энг эзгу ниятлар билан баҳорни доимо энтикиб қаршилайди.

Бу шодиёнанинг яна бир тортимли тарафи шуки, унда халқимизнинг бетакрор ўзлиги бошқача бир тарзда ярқи­раб кўринади, асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган муқаддас удумларимиз, масалан, бири пазандачилик, бири дўстона куч синашувлар, бири санъат билан боғлиқ гўзал анъаналаримиз байрам мазмунига қоришган йўсинда намоён бўлади, миллий ғуруримизни янада оширади.

Шундан келиб чиқиб қаралса, Президентимизнинг Наврўз умумхалқ байрамини ўтказиш тўғрисидаги қарорида бу тадбирга юксак тантанаворлик бахш этиш, жумладан, халқимизнинг кўҳна урф-одатларини ёрқин акс эттирувчи томошаларга, қадимий қўшиқ ва лапарларга, қувноқ айтишувларга, халқ ўйинларига кенг ўрин берилиши лозимлиги ҳақидаги сўзларида жуда теран маъно ётибди.

Гоҳо болалик чоғларимиз ёдга тушади. У даврда Наврўз расмий байрам эмасди, аксинча таъқиб остида эди. Шунга қарамай, экинчилар байрамни «қўш солди» деган бошқача номда ниқоблаб, далаларда яширинча зиёфат уюштиришар, кўкатдан мантию сом­салар пишириш авж оларди. Аёллар маҳалланинг уч-тўрт хонадонига бўлиниб, дошқозонларда сумалак солишар, чирманда чалиб, «Сой бўйида турган йигит», «Аяжон, аяжон, бошгинам оғрийди» каби лапарларга ўйин туша кетишарди. Шунда қаёқдандир пайдо бўлган кимсалар хотинларни тўрт ёққа қувиб соларди, хурсандчилик бир зумда азага айланарди. Лекин одамлар осонликча ён бериб қўявермасди, Наврўз ҳафтанинг қай кунига тўғри келишидан қатъи назар, катталару болалар эрталабдан бозор сари йўл олишарди, милиционерлар уларни уй-уйига тарқатишга уринса-да, сотувчи ва харидорлар у ёқдан-бу ёққа қочиб бўлса ҳам, сайлу савдони давом эттираверишарди.

Наврўз халқимиз учун нақадар қадрли ва суюкли эканини шулардан ҳам билиб олса бўлади.

Наврўзга ҳужум қилиш ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўртасида яна ҳам мудҳиш тус олди. Бошқасини қўйиб туринг, ўша замоннинг баъзи бир калтабин раҳбарлари хонадонларда пиширилаётган сумалакларга тупроқ сочиш даражасигача бориб етишди. Инсонни хўрлаш, уволдан қўрқмаслик бундан ортиқ бўладими?

Ана шундай камситишларни бошдан кечириб келган кишиларимиз Юртбошимизнинг ўлкамиз мустақилликка эр­ишмасидан илгариёқ Нав­рўз байрамини қайта тиклаш, бу санани дам олиш куни деб эълон қилиш юзасидан чиқарган фармонини чексиз қувонч, беҳад тўлқинланиш билан қарши олгани бугунгидек кўз олдимизда турибди. Қулоқларимизга ишонгимиз келмаганди ўшанда.

Шуларни эслаганда, бугунги кунга шукроналик туйғуси юрак-юрагинг тубидан беихтиёр балқиб чиқади. Ўзлиги бор юртда, кимлигини чуқур англаб етган инсонлар орасида яшаётганингдан фахрланиб кетасан киши.

Турмушимиздан баҳор таровати, байрам кайфияти ҳеч қачон аримасин, илоҳим!



DB query error.
Please try later.