25.02.2016

ЛАНГАРОТАЛИКЛАР ДАВРАСИДА

Қашқадарё воҳаси Ҳазрати Башир тоғларидаги улкан чашмалардан бошланади. Ҳисор ва Зарафшоннинг туташган нуқтасидан Жомгача чўзилган кўндаланг тоғнинг ҳар икки тарафида ҳам булоқлар кўплиги учун бу ҳудуд қадимдан Чашмиоб водий, деб аталади. Унинг икки қаноти, икки вилоятга тегишли.

Чўққиларга тушган қорларнинг ярми Самарқанд, ярми Қашқадарё тарафга обиҳаёт бўлиб оқади. Чироқчи туманидаги Қалқама воҳасида катта-кичик булоқлардан сув ичадиган еттита қишлоқ улкан сойликлар бўйлаб тоққа туташиб кетган. Ўрталиқда жойлашган Лангарота қишлоғи мен таваллуд топган маскан. Истиқлол туфайли Қашқадарёнинг энг чекка қишлоғи бўлмиш менинг ота маконимда ҳам кўнгилни қувонтирадиган ўзгаришлар рўй берди. Бугунги гурунгимиз шу ҳақда. Биз тарафларда никоҳ чимилдиғига куёв ва куёв нав­карлар кириб келганида улар олдига тўққиз товоқда тўққиз турли таом тортилади. Баъзида кўпкари ёки курашда соврин қўйилаётганда ҳам бир тўққиз, тўққиз турдаги соврин (масалан, қўчқор, ҳўкиз, той, туя, тўн дегандай) қўйилади. Қишлоқдошларимиз орасидан тўққиз ёшдан тўқсон ёшгача, тўққиз хил касбкордаги тўққиз кишининг кўнглига қўл солганимиз ҳам ана шу анъанадан келиб чиқди.

1.Иброҳим АМИРОВ, 90 ёшда, боғбон:

— Лангаротада қадим замонлардан бери одамлар боғдорчилик билан шуғулланади. 200-250 йиллик узумзорлар ҳамон яшнаб турибди. Узумнинг камида 50 хил хўраки нав­лари бизда етиштирилади. Лангар­ота узумлари саратон кирганда (чарос, сурхок) пиша бошлайди. Ёшлигимизда токзорни уч марта кетмонлаб чопиб, тагига эски иморатларнинг пахса деворидан чиққан кесакларни солиб, ишлов берардик. «Чилла суви», «ғўра суви»дан бошқа сув бермасдик. Пайкалда уч қават узум бўлиб, ёз ва куз давомида узум узиб, шинни қилиб, майиз қуритардик. Қоралўнда узумидан тайёрланган мусалласлар хумларда кўпириб ётарди... Шўролар даврида боғ-роғлар эгаларидан тортиб олиниб, колхоз ва совхоз мулки сифатида умумлаштирилгач, деярли қаровсиз қолди. Бундан ташқари, хўраки узумлар олиб ташланиб, ўрнига винобоп узумлар экилди. Кейинчалик собиқ марказ топшириғи билан ичкиликбозликка қарши кураш бошланиб, винобоп узумзорлар ёппасига йўқ қилинди.

Узумчилик кам даромад соҳага айланди. Мева-чевалар ғарқ пишганида уларни йиғиб-келиб, олиб бориб қайта ишлайдиган корхоналар йўқлиги учун жойида тўкилиб, исроф бўлиб кетарди. Истиқлол шарофати билан боғларимиз ўзимизга қайтди. Узумзорлар ёппасига деҳқон хўжаликларига берилди. Моддий манфаатдорлик кучайгани учун боғларда мўл-кўл ҳосил олинмоқда. Оқибатда рўзғорларимизга ҳам файзу барака кирди. Биз кексаларни ҳам яйраб яшайдиган замонимиз келди. Юртбошимиз бизни қўллаб, қанчалаб имтиёзлар яратиб берди, бу меҳрибончиликларидан кўнглимиз яйрайди, ҳайратимиз ошади. Қўлимга кетмон олиб, ўзим эккан боғлар орасида оралаб юрсам, кучимга куч қўшилгандек бўлади. Ҳаммамизнинг бахтимизга юртимиз тинч бўлиб, Юртбошимизнинг умри узоқ бўлсин...

2.Маъмурхон ҚУРБОНОВ, 87 ёшда, меҳнат фахрийси:

— Ўтган асрнинг 30-йилларида отамни саводли бўлгани учун қамашган. Маҳбуслигида вафот этган. Етим ҳолимда
Самарқандга тоғ оша пиёда қатнаб, аввал педагогика техникумида, кейин университетда ўқиб, қишлоқда 50 йил муаллимлик қилдим. Мактаб биноларининг ҳаммаси лойсувоқ пахсадан қилинган бўлиб, томидан чакки ўтиб ётар, дарс­ликлар, муаллимлар етиш­­масди.

Мустақилликдан сўнг мактабимиз янги бинога эга бўлди. Кейинчалик қайта таъмирланди, спорт зали қурилди. Ҳозир эса ҳавас қилгулик даражада. Компьютерлар ва бошқа ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Қани ёш бўлсаму, қайнаб-тошиб ишласам. Бу ҳам болаларимизнинг бахти-омади. Айт­моқчи, нафақага чиққанимдан кейин, отамдан қолган Кўлбулоқсойга кўчиб бориб, боғ қилдим. 3 гектарда узумдан таш­қари, 90 хил мева-чева пишиб ётади. Сони 100 га етадиган невара-чевараларимизнинг егани олдида, емагани ортида. Бундай фаровон замонни етти пуштимиз ҳам кўрмаган. Шулар ҳақида ўйласам, кўнг­лимдан беихтиёр «мус­та­қил­ликдан ўргилай», деган сўз ўтади.

3.Бекмурод БОЙМУРОДОВ, 75 ёшда, меҳнат фахрийси:

— Иброҳим отанинг дуоларига мен ҳам қўшиламан. Ҳозиргидек кўз олдимда турибди. Мен ўшанда боғдорчиликка ихтисослашган «Қалқама» совхозида директор бўлиб ишлардим. Юртбошимиз Қашқадарё вилоятида биринчи раҳбар бўлиб ишлаган пайтида, бизнинг хўжаликка уч-тўрт марта келиб, ҳар келганида тоғлик аҳолининг турмуш тарзи билан қизиқиб, маслаҳатларини берарди. Биринчи келишида ўзимизнинг Лангарота қишлоғида тўхтаб, эски масжид ичида жойлашган дўконни таш­қарига чиқартириб, нарироқдан янги, замонавий дўкон қуриш ҳақида топшириқ берди. Ўшанда юқори ташкилотлар ёрдамида қишлоқ оқсоқоли раҳматли Хайруллохон бобо бошчилигида ҳашар йўли билан пишиқ ғиштдан мармарсувоқ қилиб, бежирим қурилган дўкон ҳамон ишлаб турибди.

XIII-XVII асрларда бунёд этилган Лангарота шайхлари мақбараси ҳамда минг йиллик эски масжид обидаларини асраб-авайлаш, умрини узайтириш ишлари ҳам Ислом
Абдуғаниевич таклифи билан амалга оширилди. Худди ўша саксонинчи йилларнинг охирида яна бир тарихий иш қилинганди. Қўшни Тарағай қишлоғида Амир Темур боғи бунёд этилганди. Қирмизи олмаларнинг конига айланган бу боғ ҳамон гуллаб-яшнаб турибди. Худди шу жойда сайёҳлик маркази ташкил этиб, дунёнинг тўрт бурчагидан меҳмон чақириш ниятим бор.

4. Абдували ОБИДДИНОВ, 63 ёшда, фахрий журналист:

— Асли математика муаллимиман. Узоқ йил мактабда дарс бердим, мактаб раҳбари бўлдим. Кейинги 20 йил ичида «Маърифат» газетасининг Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари бўйича мухбир бўлиб ишладим.

Қишлоғимиз Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарлари сайёҳлик марказлари рўйхатига киритилган. Бу шаҳарларга ташриф буюрган дунё сайёҳлари бизнинг Лангаротага ҳам келиб кетишади. Уларга ҳамроҳлик қилиб, қишлоғимизнинг мўъжизакор табиати, тарихий обидаларини кўрсатаман. Улар кўпинча келин-куёвлар никоҳ тўйларида иштирок этиб, ҳайратга тушадилар. Бундан жуда ҳам фахрланаман.

5.Музробхон САЙФУТДИНОВ, 62 ёшда, чорвадор:

— Деҳқон деҳқонга бир йилда, чорва чорвага қирқ йилда етади, деган нақл бор. Чунки чорвадорлик нозик иш. Айниқса, қўй боқиш ҳаммасидан оғир. Қўй: «Менинг сонимни элликка етказсанглар, элингни боқаман...» дермиш. Буни кўп бора ўз бошимдан ўтказдим. Қўй-эчкилар сони элликдан камаймагани туфайли катта рўзғоримиз файзу барокатли, дастурхонимиз обод. Икки ўғилни олий ўқув юртида ўқитиб, учтасини уйли-жойли қилдим.

Собиқ шўро тузуми даврида қўй-эчкининг сони 10 тага етса, камида 4-5 тасини давлатга гўшт учун топшириш шарт эди. Эндиликда қишлоғимизни кўринг. Ҳар бир хонадон 4-5 сигир, 20-30 дан зиёд қўй-эчки асрайди. Бозорларимизда мол гўшти, қўй гўшти, сариёғ, сут-қатиқ сероб. Ён қўшнимиз Тўлакўл қишлоғида ҳар бир хонадонда от бор. Улоқчи отларнинг сони юздан ошади. Жамолхондай машҳур чавондоз ҳам шу қишлоқдан. Ҳар ойда бир марта йиғилиб, кўпкари қилишади. Яна бир гапни айтай: эски замонда ота-бобоси битта эшак олиб минолмаган кишиларнинг болалари ҳам бугун енгил машина эгаси. Эрталаб қишлоқнинг асфальт кўчасига тушсангиз, енгил машина дегани тирбанд бўлиб, йўл талашади. Ўзбекнинг пешонасига офтоб теккани рост бўлсин!

6.Зиёдулла ҳожи МУҲАММАДИЕВ, 59 ёшда, савдо ходими:

Шўро замонида қанча ишламайлик, биримиз икки бўл­маган. Мустақиллик шарофати билан топган-тутганимизга барака кирди. Яқинда ўғилларим билан қишлоқ марказида супермаркет савдо дўконини очдик. Худди шу жойнинг ёнидан тўйхона қурмоқчимиз. Кейинги 20 йил ичида қишлоғимизнинг ташқи қиёфаси, одамлар турмуш тарзи шунчалик ижобий томонга ўзгардики, қойил қолмасдан иложи йўқ. Етти пуштимиздан бирор киши Ҳаж зиёратига бормаган экан. Бизга насиб қилди. Бу кунларга ҳар қанча шукрона айтсак ҳам кам.

7.Тоштемир ОЧИЛОВ, 50 ёшда, тадбиркор:

— Ўғилларим билан боғимизда анор етиштирамиз. Бу бизга ота касб. Кичкина цехимизда блок ғишт ишлаб чиқарамиз. Эрта пишар гилос, ўрик, шафтоли каби мевалар билан бозорни обод қиламиз. Қишлоқдаги электр энергия ишлаб чиқарадиган мини ГЭС даставвал бизнинг хонадонимизда пайдо бўлди. Ариқ сувига ўрнатилган чархпалак ҳосил қилган электр қуввати тунда хонадонларимизни чароғон этаяпти. Ҳозир Лангаротадаги ҳамма уйда электр чироқлари чарақлаб ёниб турибди. Тоғ бағридан туриб пастга қарасангиз, сойга беҳисоб юлдузлар тўкилиб, базм қиляпти, деб ўйлайсиз. Бу ҳам Истиқлол шарофати. Унинг мўъжизаларидан бири.

8.Бобурхон РАҲМОНОВ, 45 ёшда, муаллим:

— Лангарота қадимдан маърифат маскани. X асрдан то ўтган асрнинг 20-йилларига қадар қадим масжид ёнида мадраса ишлаб турган. У ерда атроф қишлоқлардан талабалар йиғилиб келиб, диний-дунё­вий илмлардан сабоқ олган. Мирзо Бедил, Хўжа Ҳофиз, Навоий асарларини ўқишган. Афсуски, 20-йиллар охиридаги қаттол замонда мадраса бузиб ташланган. Китоблар ёқиб юборилган, йўқ қилинган. Мударрислар сургун қилинган. Ҳозир эса ўша мадраса жойлашган ҳудуд яқинида Маиший хизмат кўрсатиш коллежи ишлаб турибди.

Мактаб муаллимлари Ўрол Турсун, Нурмурод Мелиевлар ташаббуси билан икки йил бурун қишлоғимиз марказида кутубхона ва тарих музейларини барпо этдик. Қадимий қўлёзма китобларини тўпладик. Жамоатчилик асосида ишлайдиган маҳалла кутубхонасида икки мингдан зиёд сиёсий, бадиий, публицистик китоблар тўпланган бўлиб, улардан ёшу қари баҳ­раманд.

9.Рухшона АКБАРХОН қизи, 9 ёшда, 3-синф ўқувчиси:

Мактабимиз спорт залида бадиий-гимнастика билан шуғулланаман. Баҳоларим аъло. Келгусида шоира бўлмоқчиман. Кўп шеърларни ёд биламан.

Бобомнинг шеърини айтиб берайми...

Сен аслида илоҳий қўшиқ,

Куйлаб ўтган мен битта ошиқ.

Номинг жамолингга ярашиқ,

Лангарим, она маконим менинг.

 

* * *

Ҳа, азизлар, биз бугун 9 рақами баҳонасида қишлоқдошларимиз орасидан 9 кишини танлаб, уларнинг дил сўзларини қоғозга туширдик. Истиқлол имкониятлари, мўъжизалари эса беҳисоб. Уни мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида, ҳар бир юртдошимиз тақдирида кўриш мумкин.

 

Ғози РАҲМОН,

«Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: