23.02.2016

НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР

сифати ошмоқда, жамият манфаатига самарали хизмат қилмоқда

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари замон талабларига мос равишда яратилди. Уларни ҳаётга татбиқ этиш борасида миллий тажриба тўпланди, ҳужжатларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, эълон қилиш, ягона реестрини юритиш борасида муҳим ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Норматив-ҳу­қуқий ҳужжатлар сифатини ошириш мақсадида янги таҳрирдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Мазкур қонуннинг 3-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат Қонунга мувофиқ қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир.

Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари аниқлаштирилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади.

Қонуннинг яна бир янги жиҳати, унга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни режалаштириш, тайёрлаш тартиби ва уларни экспертизадан ўтказиш масалаларига бағишланган алоҳида боб киритилган. Унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи органлар қонун ҳужжатлари нормаларини такомиллаштириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ло­йиҳаларини тайёрлашнинг режаларини (дастурларини) ишлаб чиқиши ҳамда тасдиқлаши мумкинлиги тўғрисидаги қоидалар ўз ифодасини топган.

Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш талабларидан бири сифатида ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган нуқсонлар ва зиддиятларни, шунингдек, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга бўлган ижтимоий эҳтиёжни, қонун ҳужжатларининг самарадорлигига таъсир этувчи сабаблар ҳамда шароитларни аниқлашга оид нормалар белгиланган.

Таъкидлаш лозимки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатини оширишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг экспертизаси муҳим аҳамият касб этади. Қонунда ҳуқуқий экспертизага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ҳуқуқий экспертиза давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ло­йиҳасини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги текширилиши белгиланган. Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш кўзда тутилган.

Шу ўринда таъкидлаш керак, 2013 йил 1 февралда Адлия вазирлиги ушбу Қонунга мувофиқ «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ло­йиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Йўриқномани қабул қилган. Йўриқномада лойиҳаларни тайёрлашни ташкиллаштириш, унинг матнига ва тузилишига қўйиладиган талаблар, лойиҳани расмийлаштириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизмати ходими томонидан лойиҳани ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, шунингдек, ло­йиҳани манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан келишиш, уни адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва бошқа бир қанча нормалар ўз ифодасини топган.

Қонуннинг муҳим томонларидан яна бири, унда вазирликлар, давлат қўмиталари ёки идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий ворислик механизми ҳам батафсил ёритиб берилган. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи берилган идора қайта ташкил этилган тақдирда, ҳуқуқий ворисга ўз ваколати доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи билан бирга илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш, қўшимчалар киритиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш ваколатлари ҳам ўтиши ҳақидаги қоидалар ўз ифодасини топган.

Қонунда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлмаслиги ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмаслиги қайд қилинган. Шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳу­қуқий ҳужжатларни амалга жорий этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Албатта, бу нормаларнинг киритилиши мансабдор шахсларнинг ушбу соҳадаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, норматив-ҳу­қуқий ҳужжатларнинг сифатига ва уларнинг эълон қилинишига ҳам қўшимча талаблар белгиланган. Хусусан, қонун лойиҳасини уни қабул қилувчи органга киритаётганда халқ­аро ҳужжатларнинг ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидаларини, тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон Республикаси шароитида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифларни кетма-кетлик тартибида кўрсатган ҳолда таҳлилий қиёсий жадвалларни тайёрлаш шартлиги белгиланган. Шу билан бирга, халқаро ҳужжатлар ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларининг принциплари, қоидалари ҳам­да таърифларининг тайёрланган батафсил таҳлилини ўз ичига олган қиёсий жадвалсиз киритилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилмаслиги ҳақидаги нормалар мустаҳкамлаб қў­­­й­илган.

Алоҳида қайд этиш керакки, қонунда вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари матнларининг электрон шакллари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши шартлиги белгиланганлиги фуқароларнинг қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тезкор ахборот олишида муҳим аҳамият касб этади.

Мухтасар қилиб айтганда, янги таҳрирдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ло­йиҳаларининг сифатини тубдан яхшилашга, қонунларда тафовутларга, такрорийликка йўл қўймасликка, бошқа ҳужжатларга ҳавола қилиш ҳолатларини камайтиришга, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мавжуд қонунларга ҳамда социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эҳтиёжларига мос бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Давронбек ОЛИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими.



DB query error.
Please try later.