Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
23.02.2016

ПАРТИЯМИЗНИНГ МАҚСАД-ВАЗИФАЛАРИ

Наврўз руҳи билан ҳамоҳангдир

Президентимизнинг 2016 йилги Наврўз умумхалқ бай­рамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорини халқимиз жуда катта ҳурсандчилик билан кутиб олди. Унда юртдошларимизнинг кўп асрлик олижаноб орзу-интилишлари, азалий қадриятларимизга бўлган ҳурмат ва эҳтироми мужассамлашган. Шунинг учун ҳам ушбу байрам қадр-қиммати йил сайин ошиб бормоқда.

Дарҳақиқат, қарорда қайд этилганидек, Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланди.

Мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти унда белгилаб берилган вазифалар кенг жа­моат­чилик вакиллари, зиёлилар, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари томонидан ҳам қизғин ўрганилмоқда, фикр-мулоҳазалар билди­рилмоқда.

 

Турсунпўлат НОРБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Наврўз байрами руҳида яшариш, янгиланиш фаслига соғ-омон етганлик шукронаси, эртанги кунга, келажакка ишонч ўз ифодасини топган.

Ушбу айём мамлакатимизда энг қадимий, энг халқчил, энг севимли байрам сифатида кенг нишонланади. Бу ажойиб шодиёнанинг халқимиз ҳаётида тутган маънавий-маърифий аҳамияти беқиёсдир.

Наврўз — тинчлик-тотувлик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бун­ёдкорлик байрамидир. ­Дунёда бу каби улуғвор умуминсоний қадриятларни ўз ичига олган бирорта шодиёна топилмайди.

Бу байрам халқимизнинг улуғ мақсадлари, эзгу тилаклари, уйғониш фаслига эҳтироми, она-табиатга меҳр-муҳаббатини ўзида мужассам этган.

Азалдан халқимиз йилнинг қандай келишини Наврўз билан боғлайди. Қадимдан бобо деҳқон ва чорвадорларимиз «Кўк­ламини берсин!» деган иборани ишлатишган. Баҳорнинг яхши келиши, серёғин бўлиши рисқ-рўз бутунлиги, мўл-кўлчилик, фаровонлик белгиси саналган.

Қарорда кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлашда «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» хайрия, «Меҳр-шафқат ва са­ломат­лик» жамоат фондлари ва бошқа таш­­ки­лот­лар фаол иштирок этиши, байрам кунлари беморлар, муҳтожларга кўмак бериш ишларига бош-қош бўлиши, бунга эл-юрт ўртасида катта обрў-эътиборга эга бўлган оқсоқоллар, кайвониларни жалб этиши лозим. Бу ишларда депутатлар ҳам фаол иштирок этиш талаб этилади.

         Наврўз кунлари ўтадиган тадбир, тантаналарни, халқ са­йилларини, оммавий томошаларни юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, тўкин-сочинликнинг шукронаси, десак асло муболаға бўлмайди.

Акрам АКБАРОВ, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Президентимиз қарорида ­Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида ўз аксини топган меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож кишиларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга оширишга урғу берилгани жамиятимизда инсоннинг қадр-қиммати юксалиб бораётгани ифодасидир.

Меҳнат фахрийси сифатида шуни алоҳида таъкидлашни истардим. Биз кексаларга берилган ҳар қандай эътибор кайфиятимизни кўтариб, руҳиятимизни тетиклаштиради. Наврўз сингари улуғ айём кунларида яқинларнинг ҳолидан хабар олиш, беғараз ёрдам кўрсатиш катта савоб, ёшлар учун ибратдир.

Қаерда муҳтожлар эътиборда, ёши улуғлар ҳурматда бўлса, шубҳасиз, ўша юрт одамларида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик мустаҳкам бўлади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларида ҳам мазкур масалалар кенг ўрин олган.

Демак, қарор ижросини таъминлашда барча даражадаги партия ташкилотлари фаол иштирок этиши талаб этилади.

Жойларда ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирларида қадриятларимизнинг мазмун ва моҳиятини ёшлар онгига сингдиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак бўлади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.