23.02.2016

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ МАБЛАҒЛАРИ

мақсадли ва самарали сарфланиши керак

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2015 йилдаги фаолияти якунлари кўриб чиқилди.

Палата бош инспектори Аҳмадали Ҳамроқуловнинг қайд этишича, Ҳисоб палатаси ўтган йилги фаолияти давомида бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш масаласига жиддий эътибор қаратди. Хусусан, Сирдарё, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида маҳаллий бюджет маблағларининг қонуний, мақсадли ҳамда самарали сарфланиши, бюджетдан молиялаштирилувчи муассасаларнинг бу борадаги фаолияти устидан назорат олиб борди.

Таъкидландики, ҳисобот даврида 30 йўналишда 90 объектда амалга оширилган назорат тадбирларида давлат бюджети даромадлар қисмининг тўғри шаклланиши, унинг ижроси тўлиқ бажарилиши таҳлил этилди, бюджет даромадларининг асосий манбалар бўйича истиқбол кўрсаткичларининг ҳаққонийлигига баҳо берилди.

Фарҳод УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Фракциямиз мамлакатимизда давлат бюджетини режалаштириш, қа­бул қилиш, ижро этиш ва назоратини юритиш, давлат молиявий тизимини бошқариш самарадорлигини ошириш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида эътироф этади.

Ҳисоб палатасининг ўтган йилдаги фаолияти таҳлили натижалари ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағларнинг қанчалик самарали ишлатилаётгани ҳақида холис хулоса чиқариб олишга, тегишли чоралар белгилашга асос бўлади. Бу эса Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари рўёбга чиқишида муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш, кам таъминланган ва ёш болали оилаларга ижтимоий нафақаларнинг тўланишига доир молиявий масалалар ўрганилгани электоратимиз вакилларининг манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ҳисоб палатасининг назорат тадбирлари доирасида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан таш­қари Пенсия жамғармаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қи­лиш вазирлигининг Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси, шунингдек, Йўл жамғармаси маблағларининг сарф этилишида, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга нафақалар тайинлашда камчилик ва нохолис ёндашувлар борлиги аниқланган.

Шу билан бирга, Сирдарё, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида молиявий камчиликлар ва мақсадсиз харажатларнинг ошиб бораётганлиги маълум бўлди. Хусусан, ишга жойлаштирилган, деб ҳисобланган битирувчилар орасида амалда ишламаётганлари оз эмаслиги, битирувчиларнинг иш билан таъминланганлиги хусусида сохта ҳужжатлар тузилиб, ҳисоботларда сони ошириб кўрсатилаётгани партиямиз электорати манфаатлари билан бевосита боғлиқ жиддий муаммолар саналади. Фракция келгусидаги фаолиятида бу масалаларга алоҳида эъ­тибор қаратиши лозим, деб ўйлайман.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, келгусида уларга йўл қўй­маслик борасида олиб борилган ишлар юзасидан парламент эшитувларини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Йиғилишда Ҳисоб палатасининг бошқа йўналишлардаги фаолияти ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, сиёсий партиялар молиявий даромадлари шаклланиши ҳамда уларнинг мақсадли сарфланиши ўрганилиб, тегишли таклифлар билдирилгани уларнинг мо­лия­вий йўналишдаги фаолиятини такомиллаштиришда катта ёрдам бериши таъкидланди.

ЎзХДП фракцияси Ҳи­соб палатаси 2015 йилги фаолияти давомида фақат етказилган зарарларни ундириш билан чекланиб қолмасдан, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлагани, қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалий ишлар қилаётганини ижобий баҳолади.

Фракция ўз таклиф ва тавсия­ларини берган ҳол­да Ҳисоб палатасининг 2015 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини маъқуллади.

Йиғилишда, шунингдек, фракция аъзолари «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун ло­йиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.