20.02.2016

ЁШЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ

бўлиб ўтди

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши прокуратура ҳамда ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда Ёшлар марказида диний экстремизм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби иллатларга қарши курашиш мавзусида давра суҳбати ўтказди. Унда вилоятдаги олий ўқув юрт­лари талабалари, хотин-қизлар, маҳалла маслаҳатчилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, ўзаро фикр алмашишди.

— Партиямиз Сайловолди дастурида ёшлар фаоллигини ошириш, уларни сиёсий жараёнларга кенг жалб қилиш, фуқаролик позициясини шакллантириш, шунингдек, бандлигини таъминлаш устувор вазифалар сифатида аниқ кўрсатилган, — деди партия вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Дилором ­Абдураҳимова. — Шундан келиб чиқиб, «Истиқбол» ёшлар қаноти томонидан турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биз уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпмиз. Кўпни кўрган нуронийлар, мутахассислар ва депутатлар ёшларга юртимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, демократик ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тушунтириб беришяпти, дунёнинг турли нуқталарида содир этилаётган хунрезликлар, нотинчликлардан хулоса чиқаришни ўргатишяпти. Мамлакатимизда ёшлар учун яратилган шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, яхши натижаларга эришиш кераклигини маслаҳат беришяпти.

Уч қисмдан иборат тадбир аввалида мавзуга оид видеолавҳалар, диний экс­тремизм ва одам савдосининг аянчли кўринишлари акс этган роликлар намойиш этилди. Статистик маълумотлар таҳлил қилиб берилди.

Бунинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда жиноятларни ўз вақтида аниқлаш ва керакли чора-тадбир қўллаш, айниқса, кенг жамоатчилик орасида тушунтириш ишларини кучайтириш бўйича барча зарурий тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида иштирокчилар ва мутахассислар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Наманган шаҳар бош имом-хатиби Мусохон Аббосиддинов, вилоят ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходими Жавлонбек Инамов, шаҳар ички ишлар бўлими вояга етмаганлар ўртасида назорат ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси инспектори, капитан Жаҳонгир Юсупов, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қи­­­лиш бошқармаси мутахассиси Жавҳар ­Отахўжаев, соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассиси Дилшодбек Ҳошимов ҳамда «Ўзбекистон овози» газетасининг вилоят мухбири Носиржон Деҳқонов ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

 Тадбирнинг учинчи қисми Ватан ва тинчликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар билан кўтаринки руҳда давом этди.

Очиқ мулоқот ва савол-жавобларда фаол иштирок этган ёшларга тадбир ташкилотчиларининг фахрий ёрлиқ ҳамда ташаккурномалари топширилди. Бир гуруҳ ёшлар ЎзХДП сафига қабул қилинди.

Шу билан бирга, тадбир доирасида партиямизнинг Кўчма жамоатчилик қабулхонаси ҳам ташкил этилди. Мурожаатларда кўтарилган масалалар ўрганиш учун депутатларга тақдим этилди.

 

Гулруҳ ТОШМАТОВА,

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.