20.02.2016

КИЧИК ТАКЛИФ

ҳам катта ташаббуслар, амалий ишларга йўл очади

Бошланғич ташкилот қанчалик фаол, ташаббускор бўлса, пар­тия­нинг обрў-эътибори, таъ­сир кучи ҳам шунчалик юқори бўлади. Туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган бошланғич ташкилотларимизнинг ютуқларини кўриб, шундай хулосага келиш мумкин. Ўтган давр мобайнида Тошкент вилоят кенгашидаги бошланғич партия ташкилотлари кўмагида электорат манфаатлари билан боғлиқ уч юзга яқин масала юқори партия ташкилотлари ҳамда партия гуруҳларига тақдим қилинган.

Масалан, Бекобод шаҳар «Андижон» маҳалласидаги ҳудудий партия ташкилоти аъзолари ташаббуси билан шаҳардаги 13-даҳада аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш тизими ўрганиб чиқилди. Натижада даҳадаги 6 та кўп қаватли уйнинг лифтлари таъмирталаб экани, хонадонларга олиб кирувчи асосий эшик ва ойналар, ертўлаларда электр чироқлари йўқлиги маълум бўлди.

Ҳудудий партия ташкилоти етакчиси Робия Қодирова ўрганиш натижаларини халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳига тақдим этди. Партия гуруҳи йиғилишида масала ҳар томонлама муҳокама этилиб, унинг ечими бўйича мутасадди идораларга депутатлик сўровлари юборилди. Қисқа вақт ичида кўп қаватли уйлардаги лифтлар таъмирланди. Ертўлаларга электр чироқлари, темир эшиклар ва рақамли қулфлар ўрнатилди. Мавзенинг ён-атрофлари ободонлаштирилиб, болалар учун ўйингоҳ барпо этилди. Бир сўз билан айтганда, маҳалла кўркам ва обод, файз­ли манзилга айланди.

Қибрай тумани «Оқ қовоқ» қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ҳудудий партия ташкилоти халқ депутатлари туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳига депутатлик назорати ўрнатиш таклифи билан чиқди. Натижада «Ёшлик» маҳалласи ҳудудидаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан амалга оширилаётган ­ишлар ва «Хусусий уй-жой ­мулкдорларининг ­ширкатлари тўғрисида»ги Қонун ­ижроси билан боғлиқ масала ўрганилди. Кўп қаватли уйларнинг асосий қисмида уйларни иситиш, электр энергияси ва ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, йўлаклар, ертўлалар ҳамда томларни тартибга келтириш борасида муаммолар борлиги аниқланди. Айрим кўп қаватли уйларда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ташкил этилмагани маълум бўлди. Туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳи масалани сессияда кўриб чиқиш таклифини илгари сурди. Жорий йилда мазкур масала халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида кўрилиши белгиланган ва бу жараёнга тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.

— Корхонамизда 91 нафар партиямиз аъзоси бор, — дейди «Бўкадавмахсуссувпудрат» кор­хонасидаги бошланғич партия ­ташкилоти етакчиси Зарифжон ­Каримов. — Ҳар бир аъзо дастурий мақсад ва ғояларимизни тарғиб қилишда фаоллик кўрсатмоқда. Жамоатчилик қабулхонасини ҳам йўлга қўйганмиз. Ҳар куни бирон ижтимоий масалада мурожаат тушади. Имкон борича уларни ўрганиб, тегишли ташкилотларга юбор­япмиз. Бу борада халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашидаги ЎзХДП ­гуруҳи билан ҳамкорлик яхши ­самара беряпти. Масалан, Жамоатчилик қабулхонамизга туманда чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш бўйича мурожаатлар, таклифлар тушган эди. Мазкур масалани туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳига тақдим этдик. Гуруҳ раҳбари Неъмат Алимов бошчилигида чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолиятини ўрганиш, янги иш ўринларини яратиш масаласи партия гуруҳи йиғилишида ўрганиб чиқилди.


Суратда: Зангиота тумани «Қир-ариқ» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳудудий партия ташкилоти аъзолари. Бугунги кунда ушбу БПТда партиямизнинг 50 нафарга яқин аъзоси бирлашган. Унинг етакчиси Муҳаррам Ғофурова партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси, мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида тарғибот тадбирларини ўтказиб келмоқда. Шу боис ҳудудда партиямиз ғоялари тарафдорлари, хайрихоҳлари тобора кўпайиб бормоқда.

Депутатлар таклиф-мулоҳазалари асосида масалани тегишли ­доимий комиссия муҳокамасига киритиш ҳақида қарор қабул қи­линди. Шундан сўнг, туман Кенгашининг тегишли доимий комиссия­си қишлоқ ва сув хўжалиги ­бўлими масъул ходимларининг ушбу масала юзасидан ҳисоботини эшитди. Кейинчалик бу ҳақдаги масала туман Кенгаши сессиясида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Мазкур қарор асосида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Бундай ҳаётий тажрибалар, амалий мисоллардан ҳар бир бошлан­ғич партия ташкилоти ўрнак олиши керак, деб ўйлайман. Шундагина бошланғич ташкилотлар партиямизнинг, депутатларнинг ҳақиқий таянчи ва суянчига айланади. Чунки бирон масаладаги кичкина таклиф ҳам вақти келиб катта ташаббуслар, одамларга нафи тегадиган амалий ишларга йўл очади.

 

Меҳрож ДАРХОНОВ



DB query error.
Please try later.