20.02.2016

АЛИШЕР НАВОИЙ — ЖАҲОН ШОИРИ

Алишер Навоий таваллуд топганлигининг 575 йиллиги муносабати билан Ўзбек миллий академик драма театрида режиссёр Рустам Ҳамидов саҳналаштирган ­«Алишер Навоий», Муқимий номли давлат мусиқали театрида Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов саҳналаштирган «Лайли ва Мажнун» асарлар намойишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон академик рус драма театри.

...Мусиқа садолари остида парда очилиб, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов ижросида «Фарҳод ва Ширин» достони янграй бошлайди. «Лайли ва Мажнун», «Сабъаи сайёр», «Садди Искандарий» «Ҳайрат-ул аброр» достонлари қаҳрамонлари жамулжам бўлиб, Навоийнинг «Хамса» асаридаги беш достон асосида тайёрланган, ягона композицион ечимга эга бўлган спектакль бошланади.

Муҳаббат, ҳаётга интилиш, севги, садоқат, адолат орзуси акс этган ҳазрат Навоийнинг достонлари актёрлар ижросида ўзбек ва рус тилларида янграйди. Театр мусиқа раҳбари, композитор Улуғбек Солиҳов томонидан басталанган мумтоз куйлар, Икром ­Акбаров, Турғун Алиматов, Мирхалил Маҳмудов сингари маш­ҳур бастакорлар ижодидан танланган соҳир наволар остида ҳазрат Навоийнинг дос­тонлари ижроси денгиздай мавжланади, томошабинни гоҳ осмону фалакларга олиб чиқиб, гоҳ чуқур ўйга толдиради, гоҳ кўнгилларга қувонч ва эзгулик бахш этади.

Шундай қилиб, беш достон — беш эскиз асосида «Мен хал­қимга, ижодимга бораман!» деб номланган спектакль тайёрланиб, томошабинлар ҳукмига ҳавола этилмоқда.

Спектакль ғояси ҳам ўзига хос танланган. Яъни, сайёр актёрлар труппаси қўлига ҳазрат Навоийнинг достони тушиб қолади ва асар уларни ниҳоятда мафтун этади. Шундан ке­йин актёрлар «Де-ля-арт» усулида импровизация қилиб, спектаклни бошлайди. Бу ғоянинг ҳам ўз мақсади бор — бир достон якунланиб, иккинчисига ўтилганида, актёрлар томошабинларга Алишер Навоийнинг китобларини туҳфа қиладилар. Бунинг учун наш­риётдан махсус буюртма асосида китоб олинди.

— Мен симфоник оркестр ҳамоҳанглигида Алишер ­Навоийнинг кўпгина достонларини ижро қилганман, — дейди ­Афзал Рафиқов. — Лекин бундан кўнглим тўлмаётган эди. Қандай қилиб «Хамса»нинг саҳнали ижросини ташкил этсаг-у, уни томошабинлар эътиборига ҳавола қилсак?

Академик рус драма театри бош режиссёри Бахтиёр Ҳамидов ва театршунос Владимир Островский «Хамса»ни саҳналаштирмоқчи эканини айтиб, менга маслаҳат солганида, жуда қувониб кетдим. Қарангки, менинг кўнг­лимдаги орзуим уларнинг ниятига ҳамоҳанг экан! Шундай қилиб, ишга киришдик.

Анча меҳнатлардан кейин ҳар бир достоннинг русча таржималарини жамладик, ўзбек тилидаги шеърий матнлар билан муқояса қилиб, мухтасар бир ҳолатга олиб келдик. Чунки, спектаклда ҳазрат Навоий асарлари ўзбек ва рус тилларида ўқилади, воқеалар ривожида актёрлар диалоги, хатти-ҳаракатлари яхлит бир композицион кўринишни ҳосил қилади.

Тўғри, ҳазрат Навоийнинг тили жуда бой, мен турли учрашувларда ­Навоий асарларидан парчалар ўқиганимда, тингловчи уларни жон қулоғи билан тинглаб, шеър мағзини онг, тафаккур ва ҳиссиёт ор­қали англаб етаётганини тушундим.

Менинг назаримда, дунё ­халқлари Навоий илгари ­сурган ғояларга, умуминсоний тамойилларга риоя қилганида, ҳамма жойда тинчлик-фаровонлик ҳукмрон бўларди. Шунинг учун ёшларга айтаман: ҳой болам, ҳадеб интернетга киравермасдан, ҳазрат Навоий­нинг асарларини ўқи. Луғатни олиб, мағзини чақ! Буюк шоир асарларидан ҳаётнинг ҳар қандай муаммоларига ечим топиш мумкин...

Театрга жалб қилинган бир гуруҳ ёш актёрлардан Фар­ҳод ролини Обид Исмоилов, Ширин — Наргиза Рўзибоева, Шоҳ Баҳром — Фирдавс ­Орипов, Доро — Аброр Йўлдошев, Искандар ролини Константин Пирожков ижро этган. Спектакль давомида ҳазрат Навоийнинг достонлари Афзал ­Рафиқов ижросида ўзбек тилида, актёр Диана Тюменова ижросида рус тилида янграйди ва воқеалар ривожига шарҳ берилади.

Саҳна безакларини ­Ўзбекистон санъат арбоби ­Георгий Бримнинг шогирдларидан бири — Василий ­Юрьев ишлаган. Рассом Маша ­Сошина томонидан ўша давр нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ҳар бир асар қаҳрамонига ўзига хос либослар танланган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, балетмейс­тер ­Эркин Қаҳҳоров актёрларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати, юриш-туришига маъно-тароват бахш этган.

Спектакль якунида барча актёрлар ижросида улуғ мутафаккирнинг «Шам» радифли ғазали янграйди ҳамда ­Навоий даҳосига яна бир бор эҳтиром кўрсатилади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.