18.02.2016

ДЕПУТАТ СЎРОВИ:

ким қандай фикрда?

ЎзХДП Хоразм вилоят ташкилоти, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик бирлашмалари пар­тия Сайловолди ҳамда Ҳаракат дастурларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорликни кучайтирмоқда. Хўш, ўтган йи­ли пар­тия ташкилотлари ва гуруҳлари томонидан Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оши­риш бўйича вилоятда нима ишлар қилинди? Партия гуруҳлари электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қандай ташаббуслар билан чиқди?

Ҳаракат дастурига мувофиқ, ўтган йили вилоятда 11 масала сессияларда кўриб чиқилиши белгиланган эди. Маълумотларга кўра, 11 масала ҳам тегишли тартибда партия гуруҳлари ва доимий комиссияларда кўриб чиқилган. Аммо шундан фақат 6 масалагина тегишли Кенгашлар сессияларида муҳокама этилган. Режалаштирилган масалаларнинг ҳаммаси сессиялар кун тартибига киритилмагани жойларда электорат манфаатларига оид муаммолар ечимида сусткашликларга йўл қўйилаётганини кўрсатади. Бунинг сабабини депутатлар ўз ҳуқуқ ҳамда ваколатларидан тўлиқ фойдалана олмаётгани билан изоҳлаш мумкин.

Келинг, шу ўринда рақамларга эътибор қилайлик. Ўтган бир йил давомида маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар томонидан турли идора-ташкилотлар раҳбарлари номига 85 депутатлик сўрови юборилган. Бу кам албатта. Ваҳоланки, бугун одамлар сиё­сий партиялардан, депутатлардан амалий ишларни кўпроқ кутмоқда. Депутатлар ҳудудлардаги масалаларни ҳал этишда бевосита қатнашиши талаб қилинмоқда.

Раимберган САБУРОВ, вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Тўғри, айрим депутатларимизнинг ўз ваколатлари доирасида фаолият юритмаётгани, ҳатто партия ташкилотлари билан яқин алоқада эмаслигидан кўз юмиб бўлмайди. Сайловлардан буён бир йилдан кўп вақт ўтди. Бу орада электоратни ўйлантираётган қатор масалалар ҳал этилишига эришсак бўларди. Аммо айрим маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз бунга бефарқ қараётган кўринади. Мисол учун, Урганч шаҳар Кенгашидаги депутатларимизнинг депутатлик сўрови имкониятларидан етарли даражада фойдаланмаган.

Яқинда Шовот туманининг «Ўзбекистон» қишлоғидаги айрим муаммоларни ўргандик. Ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг спорт майдончаси таъмирталаб экан. Коллежда ёшларга тракторчилик сир-асрорлари ўргатиляпти, шу ҳақда уларга гувоҳнома берилмоқда. Аммо у ерда ўқиб-ўрганишга мўлжалланган техника воситалари етишмайди. Ҳудуддан сайланган депутатлар бу масалаларга эътибор қаратса, ўз ишига масъулият билан ёндашиб, ваколатларидан тўғри фойдаланса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ойсара МАДРАҲИМОВА, Урганч шаҳридаги 33-маҳалла фуқаролар йиғини раиси, шаҳар Кенгаши депутати:

— Маҳалламиз ҳудуди шаҳарнинг бошқа жойларига нисбатан пастроқда жойлашган. Бу эса сув қувурларининг муддатдан олдин ишдан чиқишига олиб келади. Ичимлик сув масаласида қувурларни янгиларига алмаштириш борасида тегишли ташкилотларга мурожаат этиб, ижобий ҳал қилишга эришдик. Канализация масаласидаги муаммо ҳам аҳоли норозиликларига сабаб бўляпти. Бу ҳақда тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юбордим. Масала 2017 йилда ҳал бўлади, деган аниқ санасиз жавоб олдим. Кези келганда айтиш керак, айрим ташкилотлар раҳбарлари депутатлик сўровига шунчаки қуруқ ваъдалар билан жавоб йўллашга одатланиб қолаётганга ўхшайди. Аммо бундай юзаки жавоблар муаммоларга ечим бўлмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Депутат сўров юбордими, демак ҳудудда одамларни қийнаётган муаммо бор. Биз масала ҳал этилиши тарафдоримиз. Шунда аҳолининг ҳаётга, жамиятга ишончи ортади, турмуши фаровон бўлади.

Жумабой МАДАМИНОВ, Урганч шаҳридаги 32-маҳалла фуқаролар йиғини раиси, шаҳар Кенгаши депутати:

— Бизнинг маҳалламизда ҳам ечимини кутаётган масалалар йўқ эмас. Аммо иқтисодий имкониятларни ҳам эътиборга олиш лозим. Айрим масалаларнинг ҳал қилиниши учун вақт ва маблағ керак. Биз жойларда ижтимоий-иқтисодий масалалар давлат ва ҳудудий ривожланиш дастурларига киритилишига эришишимиз зарур.

Сайловчилар ишончини оқлашда партиямиз Ҳаракат дастури ижроси таъминланиши долзарб аҳамият касб этади. Шу боис жорий йилда электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб масалалар чуқур ўрганилади, доимий комиссиялар ва сессияларга олиб чиқилиб, муҳим қарорлар қабул қилинади. Бугун зиммамизда ҳар доимгидан ҳам долзарб вазифалар турибди. ­Амалий ишларимиз, ташаббусларимиз, ютуқларимиз кўпа­йиши, одамлар ишончини оқлаш учун қаттиқ курашишимиз керак бўлади.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.