18.02.2016

ПАРЛАМЕНТ ОМБУДСМАН ҲИСОБОТИНИ ТИНГЛАДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитишди.

Айтиш керакки, бу масала даст­лаб сиё­сий партиялар фракциялари, хусусан, ЎзХДП фрак­ция­си йиғилишида ҳам муҳокама этилиб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган эди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳу­қуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиевнинг қайд этишича, 2015 йилда Омбудсманга фуқаролар, хорижий давлатлар фуқаролари, фуқаролиги бўл­маган шахс­лар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 12 373 мурожаат келиб тушган. Мурожаатларни ўрганиш натижалари бўйича 6359 нафар аризачига ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш масалалари ҳақида оғзаки ҳамда ёзма тавсия­лар тақдим этилган. Шунингек, давлат бошқаруви органларига кўриб чиқиш ва натижалари бўйича аризачиларни хабардор қилиш учун 3 237 мурожаат юборилган.

Маълум бўлишича, айрим ҳолларда фуқароларнинг тегишли қонунлардан хабардорлиги етарли эмаслиги бир хил ва такрорий мурожаатлар кўпайишига олиб келмоқда.

Таъкидландики, баъзи раҳбарлар, мансабдор шахсларнинг қонун талабларига нисбатан бепарволик, совуққонлик билан муносабатда бўлиши, инсон ҳуқуқ­лари асосларини билмаслиги фуқаролар ҳуқуқ­лари бузилишининг жиддий сабабларидан бўлиб қолмоқда.

Улуғбек Муҳаммадиев аҳолининг ижтимоий муҳофазаси билан боғлиқ масалага алоҳида тўхталиб ўтди. Маълумотларга кўра, ­Омбудсман ҳисобот даврида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан моддий ёрдам ажратиш, нафақаларни та­йинлаш ва тўлаш масаласига доир 122 мурожаатни кўриб чиққан. Асосли деб топилган 75 ҳолатда аризачиларга моддий ёрдам та­йинланишига кўмаклашилган.

Ҳисоботда келтирилишича, аҳолининг ижтимоий ҳуқуқлари бўйича Омбудсман томонидан 1 минг 125 мурожаат қабул қилинган. Ўрганиш давомида 197 ҳолатда фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилгани аниқланган.

Шунингдек, ишга жойлашиш масаласидаги мурожаатлар тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилган ва 42 нафар фуқарога амалий ёрдам кўрсатилган.

Омбудсман ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, айниқса, аёллар, болалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш муҳим масала эканини таъкидлади.

Ҳисоботда келтирилган факт ва рақамлар атрофлича кўриб чиқилгач, фракция аъзолари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Феруза Эшматова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Фуқаролар мурожаатлари таҳлил орқали жамоатчиликнинг фикри ва ижтимоий кайфияти, давлат ҳокимияти органлари фаолияти билан боғлиқ турли масалалар аниқланади. Айрим мурожаатларда кўтарилган масалалар қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни шакллантиришга, давлат идоралари, мансабдор шахслар фаолиятидаги камчиликларни аниқлаб, ўзига хос тарзда баҳо беришга асос бўлади.

Бир сўз билан айтганда, мурожаат қилиш ҳуқуқи тўсиқсиз ­амалга оширилиши фуқаролар ва давлат органлари ўртасидаги муносабатни демократлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Омбудсман томонидан олиб борилган тизимли мониторинг натижалари ва хулосалари давлат органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга доир фаолиятини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларига ҳурмат маданиятини шакллантиришда зарур манба вазифасини ўтайди.

Партиямиз Сайловолди дастурида аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги, шунингдек, ижро ҳокимияти, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Фракциямиз мурожаатларнинг ўз вақтида ва самарали кўриб чиқилиши аҳоли, электоратимиз вакилларини ўйлантираётган турли ижтимоий масалалар жойларнинг ўзида ечим топишида долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Шуларни ҳисобга олиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2015 йилдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботини қўллаб-қувватладик.

Шу билан бирга, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланиши, бу борада парламент назоратини амалга ошириш масалалари бўйича тавсияларимизни ҳам бердик.

Фракция аъзолари Омбудсман ҳисоботи партиямиз Жамоатчилик қабул­хоналари фаолиятини кучайтиришда муҳим асос ва намуна бўлишини алоҳида таъкидлашди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.