18.02.2016

ФУТЗАЛЧИЛАРИМИЗНИНГ ТАРИХИЙ ҒАЛАБАСИ

Пойтахтимиз Тошкентда футзал бўйича давом этаётган Осиё чемпионати чорак финалида Ўзбекистон терма жамоаси Ироқ вакиллари билан бўлган кескин курашда ғалаба қозониб, ўз тарихида илк маротаба жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.

Мамлакатимизда футболни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Футбол бўйича болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослашган мактаб-интернатлари ва футбол академиялари фаолият кўрсатмоқда, жаҳон талабларига жавоб берадиган замонавий стадионлар барпо этилмоқда, мавжудлари қайта реконструкция қилинмоқда, халқ­аро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилишга қодир футболчиларни тарбиялаш, малакали мураббий ва ҳакамлар тайёрлашни янада кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Кейинги йилларда футзал, пляж футболи, ампутантлар футболини ривожлантириш, истеъдодли ёшларни кашф этиш ва тарбиялаш, миллий терма жамоалар тайёргарлигини кучайтириш бўйича қилинаётган ишлар ўз самарасини беряпти. Терма жамоаларимиз халқаро майдонда ўтказилаётган нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, кучлилар сафида эътироф этилмоқда. Ўзбекистон футзал терма жамоаси ҳам қитъамизнинг кучли жамоаларидан бирига айланган. Ўзбе­кис­тон футзалчилари Осиё чемпионатларида уч (2001, 2006, 2010 йиллар) марта кумуш, уч (2005, 2007, 2014 йиллар) бор бронза медаллари билан тақдирланганлиги буни яққол тасдиқлаб турибди.

10 февраль куни пойтахтимизда XIV Осиё чемпионати финал босқичи бошланганди. Бунгача юртимиз мазкур йирик ва нуфузли мусобақага икки (2006, 2010 йиллар) марта муносиб мезбонлик қилган. Халқаро мусобақалар уюштириш ва ўтказиш борасида катта тажриба тўпланганлиги, кенг имкониятлар мавжудлиги боис, Осиё футбол конфедерацияси ана шундай масъулиятли вазифани учинчи бор мамлакатимизга ишониб топширди.

Мусобақанинг «А» гуруҳида барча рақибларини мағлубиятга учратган Ўзбекистон терма жамоаси чорак финалда Ироқ футзалчилари билан куч синашди. Финалга тенг мазкур баҳсни ҳамюртларимиз кўтаринки руҳ ва уюшқоқлик билан ўтказди. Дастлаб 18-дақиқада Дилшод Раҳматов ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда ­Нодир Элибоев ҳисобни оширди — 2:0. Учрашув тугашига бир дақиқа қолганида Дилшод яна бир бор ўз маҳоратини намо­йиш этди — 3:0.

Ушбу муҳим ғалаба футзалчиларимиз учун нафақат ярим финалга, балки шу йилнинг 10 сентябрь — 2 октябрь кунлари Колумбияда бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани туҳфа қилди.

— Кўпсонли мухлисларимизни муҳим ғалаба билан табриклайман, — деди учрашувдан сўнг Ўзбекистон ­терма жамоаси бош му­раббийи, испаниялик Хосе ­Мария ­Мендез. — Бу нафақат терма жамоамиз аъзолари, балки бутун Ўзбекистоннинг ютуғи, деб биламан. Беш йилдирки юртингизда фаолият кўрсатиб келяпман. Ўзбе­кис­тонда истеъдодлар жуда кўп. Кейинги йилларда уларнинг иқтидорини намойиш этиш учун катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганлигининг гувоҳиман. Осиё чемпионати олдидан мусобақада муносиб иштирок этиб, Колумбияда бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишни бош мақсад қилгандик. Тошкентга қитъамизнинг энг кучли терма жамоалари ташриф буюрганлигини учрашувларда қайд этилаётган натижалар ҳам тасдиқлаб турибди. Ҳозиргача ўтказилган тўрт ўйиннинг барчасида муваффақият қозонишимизда бизни мунтазам қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Фурсатдан фойдаланиб, ишқибозларга жамоамиз аъзолари номидан раҳмат айтаман. Ўз олдимизга қўйилган дастлабки вазифани уддалаганимиздан жуда ҳам хурсандман. Аммо чемпионат давом этади. Ярим финалда бизни яна бир жиддий рақиб — Таиланд терма жамоаси кутиб турибди. Кейинги учрашувларда ҳам мухлисларимизни хурсанд қилиш учун курашни давом эттирамиз. Колумбияга Осиё чемпионати ғолиби ёки совриндорларидан бири сифатида бориш учун бор куч-имкониятимизни ишга соламиз.

— Бугун ғалаба қозонганимиздан жуда бахтиёрмиз, — дейди Ўзбекистон терма ­жамоаси аъзоси ­Дилшод ­Раҳматов. — Жаҳон чемпионатида Ватан шаънини ҳимоя қилиш ҳар бир спортчининг катта орзуси саналади. Ҳозир қаттиқ ҳаяжондаман. Бизнинг бу ютуғимизда жуда кўпчиликнинг ҳиссаси бор, деб биламан. Аввало, ҳукуматимиз ва Ўзбекистон футбол федера­ция­си мусобақага пухта тайёргарлик кўришимиз учун барча шарт-шароитларни яратиб берганлигини таъкидламоқчиман. Шунингдек, ҳар бир учрашувга жиддий тайёргарлик кўрганимиз бугун ўз самарасини берди. Кўплаб хориж йиғинларида кучли терма жа­моалар билан ўтказилган ўртоқлик учрашувларида тажриба тўплаб, маҳоратимизни оширдик. Катта орзуларимиздан бири ушалди, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритдик. Энди шу билан чекланиб қолмасдан, кейинги бос­қичларда ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушамиз.

Осиё чемпионатининг яна бир ярим финалчиси номи ­Таиланд — Австралия терма жамоалари учрашувида аниқланди — 6:2.

Чорак финалнинг яна икки учрашувида қуйидаги натижалар қайд қилинди: Япония — Вьетнам — 5:6, Эрон — ­Қир­ғизистон — 7:0.

Ярим финал учрашувлари 19 февраль куни бўлиб ўтади.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.