18.02.2016

ҲАЙРАТГА ЛОЙИҚ МАҚСАД

ёки ҳақиқатга айланаётган орзулар

Фан-техника беқиёс юксалган, ­ахборот технологиялари кундан-кунга ривож топаётган бизнинг давримизда замондошларимизни бирор янгилик билан ҳайратда қолдириш амри маҳол. Сабаби, эсини таниган инсон борки, радио, телевидение, интернет тармоқлари орқали ер-кўкда рўй бераётган жами ҳодисалардан хабардор.

Шунга қарамасдан, ҳали ҳам бутун инсониятни бўлмаса-да, кўпчиликни ҳайрон қиладиган, таажжубга соладиган воқеалар рўй бериб туради.

Жорий йилнинг 9 февралида давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган «Соғлом она ва бола» Давлат дастурининг ижроси учун 7 триллион 483,3 миллиард сўм ва 194,4 миллион доллар йўналтирилиши ана шундай ҳодисалардан биридир, десак асло муболаға бўлмайди.

Бу ўринда фақат сарфланадиган маблағнинг миқдорига эмас, масаланинг иккинчи жиҳатига ҳам эътибор қаратмоқ керак бўлади. Гап жаҳондаги етакчи давлатлар ҳали-ҳамон молия­вий-иқтисодий инқироз чангалидан қутила олмаётган, ривожланган ва ривожланиш йўлини тутган давлатлар унинг жабрини тортаётган оғир бир даврда Ўзбекистон ижти­моий соҳага катта миқдорда маблағ ажратаётганидадир.

Қизиғи шундаки, ушбу рақамлар фақат хорижликларни ҳайратга солиши мумкин. Чунки, сўнгги йигирма йил давомида давлатнинг фуқаролар саломатлиги, бахт-саодати, тинчлиги ва фаровонлиги, ёш авлод келажаги учун ҳеч нарса аялмаслиги одатий ҳолга, эзгу анъанага айланиб улгурди.

Маълумки, Дастурнинг бош мақсади мамлакатимиздаги хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом фарзандларни ­дунёга келтириш, вояга етказишга эришишдан иборат. Бошқача қилиб айтганда, соғлом авлод ва жамият барпо этишдир.

Ўз ҳаётида кутилмаган ва қувончли воқеа рўй берган киши, «Бундай бўлиши тушимга ҳам кирмаганди», дейди.

Дарвоқе, юртимизда аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни дунёга келтириш йўлида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳам тушга кирмаган ҳодисалар сирасига киради.

Бунинг исботи учун узоққа боришнинг асло ҳожати йўқ. Биргина оналик ва болаликни муҳофаза этиш йўлида амалга оширилган хайрли ишлар ва уларнинг самарасини мулоҳаза қилиш кифоя.

Эски тузум даврида соғлиқни сақлаш муассасаларининг қай аҳволда бўлганини ёши ўттиздан юқори бўлган авлод яхши эслайди. Айниқса, қишлоқлардаги аҳвол аянчли эди. Каталакдай хонага жойлашган, ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходими ишлайдиган медпункт уч-тўрт қишлоққа хизмат қиларди. Бу масканларда ҳомиладор оналар ва гўдаклар тугул, тиши оғриган бемор ҳам малакали тиббиёт ёрдамини ололмасди.

Туманлар марказлари ва шаҳарчалардаги шифохоналарнинг туғуруқ бўлимига аёллар фақат кўз ёригани келарди. Акушер-гинекологларни шу ерда кўрарди. Оқибатда кўплаб оналар, айниқса, ёш келинлар ҳомиладорлик пайтидаёқ турли касалликларга чалинар, улардан дардманд чақалоқлар туғилар, баъзан бу ишлар она-боланинг ўлими билан тугарди. Боши касалликдан чиқмайдиган аёллар, туғма нуқсонли болалар тортадиган азобларнинг эса чеки йўқ эди.

Истиқлолнинг шарофати билан у қора кунлар ўтмишда қолди. Тарихан қисқа муддатда, юқорида айтилганидек, илгари тушга ҳам кирмаган ўзгаришлар рўй берди. Отаси билан онаси ҳали турмуш қурмасиданоқ бўлажак фарзандлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш мамлакатимизда ҳаётий таомилга айланди. Яқин қариндошлар ўртасида турмуш қуришнинг олди олинаётгани мажруҳ фарзандларни дунёга келтириб, бир умр армон ва андуҳда яшайдиган ота-оналар сонини деярли йўқотди. Никоҳдан олдин келин-куёвнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши оммавийлашгани туфайли тўйдан сўнг рўй берадиган турфа кўнгилсизликларнинг олди олинди, ажралишлар сони камайди.

Соғлиқни сақлаш соҳаси изчил такомиллашаётгани боис, ҳомиладорликнинг илк давридаёқ она билан боланинг сиҳатини бир вақтнинг ўзида текшириш, ташхис қўйиш, зарурат туғилса, даволаш имконияти яратилди. Энг муҳими, илгари хаёлга ҳам келтирилмаган ушбу тиббий жараёнларни амалга ошириш учун юртимизда барча шарт-ша­роитлар бор.

Олис ҳудудлар, чекка қишлоқлардаги туғиш ёшидаги барча аёлларнинг шифокорлар кўригидан ўтказилиб, уларга керакли ёрдам ва маслаҳатлар берилаётгани юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Бу борада мамлакатимизда 1998 йилнинг Оила, 2000 йилнинг Соғлом авлод, 2001 йилнинг Она ва бола, 2008 йилнинг Ёшлар, 2012 йилнинг Мустаҳкам оила, 2014 йилнинг Соғ­лом бола йили, деб эълон қилингани ва ҳар бир йил учун белгиланган Давлат дастурлари асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани бугунга келиб ўзининг ижобий ­самарасини бермоқда.

Республика ҳамда вилоят ­пренатал марказлари, Рес­публика ихтисослаштирилган ­аку­­шер­лик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази филиалларининг, вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг, шаҳар ва туман даволаш-профилактика муассасалари, уларнинг болалар ва ҳомиладор аёлларга тиббий хизмат кўрсатиш бўлимларидаги шифокорлар ва ҳамшираларнинг жонкуярлиги туфайли ўтган йиллар мобайнида юзлаб оилаларга хурсандчилик улашилди. Вақтида малакали тиббий хизмат кўрсатилгани туфайли ҳомиладор аёллар турли дардлардан фориғ бўлиб, соғ­лом гўдакларнинг онасига айландилар. Минглаб чақалоқлар мурғаклигида турли-туман касалликларнинг хуружидан муҳофаза этилди ва ажал чангалидан қутқариб қолинди.

2016 йилнинг Соғлом она ва бола йили деб аталиши эса ҳар томонлама баркамол авлодни дунёга келтириш ва вояга етказиш соҳасидаги улуғ мақсадга эришиш йўлидаги янги пиллапоядир.

Дастурнинг биргина оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза этишга бағишланган қисмида давлат ва жамият олдига қўйилган вазифаларнинг кўлами ҳам таҳсинга сазовордир.

Шунинг учун ҳам барча йўналишдаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада яхшилаш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва хизмат ­сифатини юксалтириш муҳим вазифалардан бири қилиб қўйилмоқда.

Соғлом болани фақатгина соғ­лом она дунёга келтириши исбот талаб қилмайдиган ҳа­қиқат. Вилоятлардаги 13 скрининг марказининг кўп функ­цияли замонавий рақамли ультра­товуш тизими билан жиҳозланиши эса ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни пренатал ва неонтал скрининг­дан ўтказиш орқали гўдакларнинг туғма ва ирсий касалликлар билан туғилишининг олдини олиш, яъни, болалар ногиронлиги ва ўлимини камайтириш имконини беради.

Давлат дастурида қайд этилганидек, жорий йилда бунёд этиладиган 200 ўринли, бир сменада 250 кишини қабул қилиш ва йилда 1500 та операция ўтказишга мўлжалланган ҳамда замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази оналар ва болаларга кўрсатиладиган юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатади, болаларга чақалоқлик давридан тортиб, 18 ёшга тўлгунга қадар кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, урология, нефрология, онкология ва бошқа оғир ҳамда асоратли касалликлардан самарали даволаниш имконини беради.

Давлат дастури доирасида реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган Самарқанд, ­Гу­листон, Урганчдаги болалар кўп тармоқли тиб­биёт марказлари, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, 38 туман тиббиёт бирлашмасининг бў­лимлари ва туғуруқ мажмуалари, 11 оилавий поликлиника ва 244 қишлоқ врачлик пунктлари келгусида барча ҳудудларда, узоқ туманларда замонавий тиббиёт ускунларидан фойдаланган ҳолда биринчи тиббий-санитария ёрдами, ногирон болаларга реабилитация хизмати кўрсатиш сифатини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Айни пайтда ногирон болаларга ғамхўрлик кўрсатишни яхшилашга оид чора-тадбирлар ҳам Дастурнинг устувор вазифаларидан бирига айланганлиги эътирофга сазовордир. Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация марказининг 100 ўринга мўлжалланган даволаш-ташхис қўйиш корпусини қуриш ва жиҳозлаш, Хоразм вилоятидаги болалар силга қарши санаторияни реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш туғма ҳамда ке­йинчалик ногирон бўлиб қолган болаларни даволаш ва соғайтиришдек олижаноб мақсадларга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази фаолиятининг янада кенгайтирилиши, 2016-2018 йилларда марказнинг қўшимча 11 ҳудудий филиали ҳамда алоҳида эҳтиёжли болаларнинг ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилиши ҳам давлат ва жамиятнинг эътибори ва ғамхўрлигига муҳтож ўғил-қизларга катта маънавий ва моддий мадад бўлиши шубҳасиз.

Бугун ўзбек халқи буюк давлат бунёд этиш, уни муносиб авлодларга қолдиришдек юксак орзулар билан яшамоқда ва меҳнат қилмоқда. Ушбу орзуни эса фақатгина соғ­лом жамиятда ўсадиган ҳар томонлама баркамол инсонларгина амалга оширишга қодирдир.

Зеро, йигирма икки йил муқаддам давлатимиз раҳбари айтганидек, «Соғлом авлодни тарбиялаш — буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир».

 

Бахтиёр РИЗАЕВ,

«Ўзбекистони овози» мухбири.

 

Суратда: Республика «Она ва бола скрининг» марказида.



DB query error.
Please try later.