16.02.2016

ИЖТИМОИЙ НАФАҚАЛАР

манзиллилиги ва ўз вақтида берилишини таъминлаш — муҳим масала

ЎзХДП ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари бу борада жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтиришга эътибор қаратмоқда.

Юртимизда ижтимоий соҳага жамият эътиборини кучайтириш, манзилли ижтимоий ҳимояни кафолатлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир. Мамлакатимизни тараққий эттиришнинг миллий модели асосини ташкил қиладиган беш тамойилнинг бири ҳам кучли ижтимоий сиёсат юритишдан иборат. Мазкур тамойил асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган оилаларга давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилмоқда. Бундай ижтимоий нафақаларнинг миқдори йилдан-йилга ортиб боряпти.

Хўш, бугун ижтимоий нафақаларнинг манзиллилиги, ўз вақтида берилиши таъминланяптими? Мутасадди ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан кам даромадли оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга нафақа тайинланаётганида англашилмовчиликлар келиб чиқмаяптими?

Ўзбекистон ХДП ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари бу борада аҳолини ўйлантираётган масалаларни ўрганишмоқда, тегишли таклифлар тайёрлаб, доимий комиссиялар, сессия­лар муҳокамасига киритишмоқда. Шу асосда ҳамкор ташкилотлар билан бирга керакли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Акмал Турсунбоевнинг қайд этишича, ўтган йили партия Ҳаракат дастурига асосан пенсия ва нафақа пулларининг тайинланиши, давлат томонидан кўрсатилаётган моддий ёрдамларнинг манзиллилигини ўрганиш ва аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш каби йўналишларда жами 36 масала муҳокама қилиниши белгиланган бў­либ, уларнинг 9 таси партия гуруҳларида, 16 таси доимий комиссияларда ҳамда 11 таси сессияларда муҳокама этилган. Хусусан, Беруний, Кегейли, Арнасой, ­Зомин, Уйчи, Косонсой, Поп, ­Пастдарғом, Сирдарё, Қизириқ ва Сариосиё туманларида ушбу масалалар сессияларда кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.

«Кексаларнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз», «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳалари доирасида республика бўйлаб ўтказилган тадбирларда ижтимоий нафақалар таъминоти масалаларида ҳам кўплаб мурожаатлар бўлди. Жумладан, Зафаробод тумани «Бўстон» маҳалласида ўтказилган давра суҳбатида аҳоли вакиллари ижтимоий нафақа олишда муаммолар юзага келаётгани ҳақида мурожаат қилишди. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи ушбу масалани ўрганиб, Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комис­сия­сига таклиф билан чиқди. Масала долзарблиги депутатлар томонидан асослаб берилгач, доимий комиссия йиғилишида муҳокама этилди ва қўллаб-қувватланди.

Бундай ташаббуслар, давра суҳбатларини жорий йилда ҳам республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказишимиз зарур. Чунки шу орқали аҳолини ўйлантираётган масалаларни янада чуқур ўрганиш, камчиликларимизни бартараф этиш имкони юзага келади. Боиси, депутатлар, тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида ташкил этиладиган тадбирларда аҳо­ли томонидан кўплаб таклифлар билдирилади.

Ўзбекистон ХДП Қаш­қадарё вилоят кенгаши ­Хотин-қизларнинг ижти­моий-сиёсий фаоллигини ­ошириш сектори мудири ­Шаҳло Худойқулованинг маълумотига кўра, ўтган йили «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун хотин-қизлар ўртасида кенг муҳокама қилинганда аҳоли вакилларида ижтимоий масалаларга қизиқиш катта экани яққол намоён бўлган.

Жойларда мазкур қонун ижроси, уни янада такомиллаштириш масалаларида кўплаб таклифлар ҳам олинган. Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари қонунда почта-алоқа бўлимларининг вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш лозимлиги тўғрисида таклиф берган. Бунга чекка ҳудудларда пенсияларни тарқатиш мазкур тузилма томонидан кечиктирилаётгани асос қилиб кўрсатилган.

ЎзХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши масъул ходими Нукусбай Ғаниев билан боғланганимизда ўтган йили Беруний туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан пенсия, ижтимоий нафақаларга оид масала ўрганилиб, туман Кенгаши сессия­сига киритилгани ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Хўжайли туманида «Ижтимоий нафақаларни тайинлаш тартибини янада такомиллаштириш ҳамда уларни тайинлашнинг манзиллилигини ошириш борасида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида»ги масала дастлаб партия гуруҳи, сўнг доимий комиссияда кўрилиб, тегишли қарор қабул қилинганини таъкидлади. Партия ташкилотлари қошидаги Жамоатчилик қа­булхоналарига ҳам ушбу масалада кўплаб мурожаатлар бўлмоқда.

Хулоса қилиш мумкинки, ижтимоий нафақалар тайинланиши, пенсиялар ўз вақтида етказиб берилиши каби масалаларда жойларда ечимини кутаётган муаммолар йўқ эмас. Демак, депутатлар, партия гуруҳлари бу борада талабчанликни ошириши, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни изчил йўлга қўйиши, депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириши зарур.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.