16.02.2016

СОҒЛОМ ОНАЛАР ВА БОЛАЛАР МАМЛАКАТИ

Президентимиз тасдиқлаган «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижроси таъминланиши учун ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, астойдил меҳнат қилишимиз зарур

Шу йилнинг 9 февраль куни ­Президентимиз томонидан «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури тасдиқланди. Ушбу дастурда «Она ва бола соғ­лом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мус­таҳкам бўлади» деган ҳаётбахш ғояни жамиятимизда мустаҳкам қарор топтириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, баркамол авлодни тарбия­лаш, оила институтини мустаҳкамлашда давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар қамраб олинган.

Соғлом она ва бола йилида давлатимиз ва жамиятимиз олдида турган бундай кенг кўламли вазифалар, илгари сурилган ғоялар халқимиз, кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди.

Ўзбекистон Халқ демократик партия­си фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари Давлат дастурида белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини чуқур ўрганишмоқда, дас­турнинг давлатимиз тараққиёти, хал­қимиз келажагидаги аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

Саттор РАҲМАТОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар билан яқиндан танишиб, уларнинг аҳамия­ти ҳақида фикр юритган ҳар бир инсоннинг қалби тўл­қинланади, албатта.

Хусусан, дастурда тиббиёт муассасалари, перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Демак, бу йил аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оилаларда соғ­лом турмуш тарзини қарор топтиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар кўлами янада ортади.

Яқинда сайловчилар билан учрашиш жараёнида 119-Чироқчи сайлов округидаги қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти билан ҳам танишдим. Тўғриси, кўриб ҳайратландим. Кўнглим кўтарилди, аҳоли саломатлиги учун яратиб берилган шароитлардан бошим осмонга етди. Қиш­лоқ жойларида бундай даволаш муассасаларининг фаолият юритиши бир пайтлар одамларнинг тушига ҳам кирмаган эди.

Кимдир бетоб бўлса, шаҳар ёки туман марказига етиб боргунча аҳволи янада оғирлашар эди. Кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифати ҳам талабга жавоб бермас, шифохоналар жуда қишда совуқ бўларди, ёзда димиқиб кетарди. Ҳозир эса қишлоқ врачлик пунктида яратилган шароит вилоят, шаҳар марказида жойлашган шифохона шароитидан қо­лиш­­­майди. Энг муҳими, узоқ йўл босиб, сарсон бўлмайсан. Қишлоғингдан чиқмасдан туриб, сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланасан.

Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўқиб, шулар ҳақида узоқ ўйлаб қолдим. Қувонарлиси, бу борадаги ишлар жорий йилда янада юқори бос­қичга кўтарилади.

Лекин шу ўринда муҳим бир масалага алоҳида эътибор билан қарашимиз керак бўлади. Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ана шу жараёнда жамиятда ҳамжиҳатлик, ҳамфикрлик муҳитини қарор топтириш билан чамбарчас боғлиқ.

Хотин-қизларимиз, аёлларимиз, фарзандларимиз соғ­лиғини мустаҳкамлашдек эзгу ишда ҳеч биримиз четда турмаслигимиз шарт.

Оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича қо­нунчиликни янада такомиллаштириш Давлат дастурида муҳим йўналишлардан бири этиб белгиланган.

Соғлом она ва бола йилида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, тарғибот-тушунтириш ишларини изчил йўлга қўйишимиз, бу борада, айниқса, ҳамкорликни кучайтиришимиз, қо­нунлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини самарали олиб боришимиз талаб этилади.

Мўътабар КАРИМОВА, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар билан яқиндан танишдим. Тўғриси, бир аёл сифатида жуда хурсанд бўл­дим.

Давлат дастурида бўлажак оналар — қизларни жисмонан соғ­лом ва интеллектуал сало­ҳиятли этиб тарбиялаш, уларнинг академик лицей, касб-ҳунар коллежларида таълим олиши, замонавий билим ва касб-ҳунарга эга бўлишини таъминлашга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгиланибди. Ҳақиқатдан ҳам, бу бевосита қизларимизнинг жамиятда мустаҳкам ўрин топиши, ­дунёга, ҳаётга қараши, муносабати тубдан ўзгаришида долзарб аҳамиятга эга масалалар ҳисобланади.

Кези келганда айтиш ўринли бўлади. Бир пайтлар, собиқ тузум даврида, бизнинг ёшлигимизда оналар саломатлиги, қиз болалар парвариши ҳақида ҳеч ким қайғурмаган. Ёшлигимиз пахта далаларида, очиғи, қизлар саломатлиги учун хавфли шароитларда ўтган. Жорий йилга мўлжалланган Дастур билан танишган одам аёллар, қизлар соғлиғига алоқадор қанчадан-қанча муҳим масалалар борлигига амин бўлади.

Биз турли тадбирлар жараёнида туманларда аҳоли вакиллари, онахонлар, опа-сингилларимиз билан кўп мулоқот қиламиз ва шундан биламанки, она ва бола саломатлиги, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларда жуда долзарб ҳисобланади. Тўғриси, айрим оилаларимизда ҳозиргача «қиз боланинг ўқиши, ишлашидан кимга фойда, мактабни тугатса, бўлди-да, буёғи кейин оила» деган мазмундаги гапларни эшитиб қоламиз. Бундай қараш бугунги замонга мутлақо тўғри келмайди, деб ўйлайман.

Ҳозир давр шиддат билан ўзгариб боряпти. Қиз бола эртага она бўлади, бола тарбиялайди. Хўш, ҳаётдан бехабар, оқни қорадан ажрата олмайдиган аёл эртага боласига нимани ўргатади, қандай тарбия беради, эртага у бола кимдан ўрнак олади? Аёл ишли бўлса, оила даромадига улуш қўшади, унда ҳаётий позиция шаклланади. Энг муҳими, жамиятга қўшилиб, унинг равнақи учун дахлдорлик туйғуси билан яшайди. Шу боис қизларни касб-ҳунар коллежларига тўлиқ қамраб олиш нафақат ота-оналар, мутасадди ташкилотлар, балки ҳаммамизнинг зиммамизда турган муҳим вазифа, деб биламан.

Ўтган йили Жиззах вилояти партия ташкилотлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига 526 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 260 га яқинини хотин-қизлар ташкил этади. Бундан кўриниб турибдики, жойларда аёлларни ўйлантираётган масалалар оз эмас. Мурожаатлар таҳлил этилганда, улар асосан ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш, иш билан таъминлаш масалаларида бўлганини кўриш мумкин.

Бу мисоллар хотин-қизлар ҳу­қуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш масаласига янада эътиборлироқ бўлишимиз кераклигини кўрсатади.

Давлат дастурида яна кўплаб жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, қишлоқ жойларда яшайдиган хотин-қизлар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий шароитлар яратиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви, табиий газ билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш бўйича долзарб вазифалар белгиланган. Агар мулоҳаза юритадиган бўлсак, буларнинг барчаси партиямиз Сайлов­олди дастури ижроси, электоратимиз манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ ҳаётий масалалар экани аён бўлади. Шунинг учун Давлат дастурини рўёбга чиқариш жараёнларида биз, партиямиз фаоллари ва депутатларимиз алоҳида фаоллик ҳамда жонбозлик кўрсатишимиз талаб этилади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.